Ўсмирларга ишлашга рухсат берилади: хавфсиз мавсумий ишлар рўйхати эълон қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Бандлик ва камбағалликни қисқартириш вазирлиги томонидан ёзги мавсумда ва дарсдан ташқари вақтда 18 ёшга тўлмаган ўсмирлар учун рухсат этилган енгил меҳнат турларининг 40 та позициядан иборат рўйхати ишлаб чиқилди.
Рўйхатга талаб юқори ва ўсмирлар соғлиғи учун хавфсиз ҳисобланган қуйидаги касблар киритилган: официант, сотувчи, сартарош, маҳсулот жамловчи, қишлоқ хўжалиги ишларида ёрдамчи, ҳамда юк кўтарувчи (маълум оғирлик чекловлари билан).
Вазирлик таъкидлаганидек, бундай меҳнат турлари ўсмирларнинг ўқиш жараёни ва жисмоний ҳолатига салбий таъсир кўрсатмаслиги шарт.
Ҳужжат жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилган. Тўлиқ касблар рўйхати билан махсус ҳавола орқали танишиш мумкин.
Шунингдек, вазирлик 15–16 ёшли ўсмирларни ишга жойлаштириш учун ата-она ёки қонуний вакилнинг ёзма розилиги талаб этилишини эслатиб ўтди.
Иш берувчилар эса меҳнат шароитларининг хавфсизлигини таъминлаши ва иш жараёнида келиб чиқиши мумкин бўлган барча салбий ҳолатлар учун тўлиқ жавобгарликни ўз зиммасига олади.