Ўшда Алишер Навоий ҳайкали очилди
Ўшда Алишер Навоий ҳайкали очилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 12-декабрь куни Қирғиз Республикасининг Ўш шаҳрида буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалининг тантанали очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Андижон вилояти ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги делегацияси, Ўш шаҳар ҳокими Женишбек Токторбаев, Қирғиз Республикаси президентининг ваколатли вакили Аманкан Кенжабаев, Қирғиз Республикаси Маданият, ахборот, спорт ва ёшлар сиёсати вазири ўринбосари Аскарали Мадаминов ҳамда Ўш шаҳри аҳолиси иштирок этди.
Тадбирда сўз олганлар икки давлат етакчиларининг дўстона алоқалари ҳамда олиб бораётган сиёсати натижасида қардошлик, қўшничилик алоқаларининг янгитдан қулоч ёйганига алоҳида тўхталдилар.
Ҳайкал шаҳарнинг Қурманджан Датка ва Навоий кўчалари кесишган жойда ўрнатилди. Айни пайтда ҳудудда алишер Навоий номини олган дам олиш ва истироҳат боғи, боғча ва мактаб фаолият юритиб келмоқда.
Шундан сўнг Ўзбекистон Республикаси маданият вазири ҳамда Ўш шаҳри мери, Андижон вилоят ҳокимлиги ҳамда қатор вакиллар иштирокида ўзаро манфаатли музокаралар олиб борилди. Туризм, маданият, адабиёт ва санъат соҳаларидаги ҳамкорлик муносабатларини 2026 йилда янада мустаҳкамлаш масалалари ҳар икки мамлакат вакилларининг фикрларида баён этилди. Ўзбекистон ҳамда Қирғизистон ўртасидаги келишувлар ваколатли вакиллар орқали имзоланди.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фармонига кўра Қирғиз Республикасининг Ўш шаҳри мери Женишбек Шермаматович Токторбаев Дўстлик ордени билан тақдирланди.
Ўш шаҳрида Бобур номидаги ўзбек академик театри мавжуд. У нафақат Қирғизистон, балки Ўзбекистон учун ҳам муҳим маданият маскани ҳисобланади.