Немис сармоядорлари Фарғонага инвестиция киритишга катта қизиқиш билдирмоқдалар
Немис сармоядорлари Фарғонага инвестиция киритишга катта қизиқиш билдирмоқдалар
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Фарғона вилояти ҳокимлиги, Ўзбекистоннинг Германиядаги элчихонаси ва Германиянинг хориждаги савдо-саноат палатаси ҳамкорлигида “Фарғонада бизнес имкониятлари” мавзусида халқаро вебинар ташкил этилди.
Унда Фарғона вилоятининг иқтисодий салоҳиятини халқаро миқёсда кенг тарғиб қилиш, мавжуд инвестиция имкониятларини намоён этиш ва хорижий шериклар билан ўзаро манфаатли ҳамкорликни ривожлантириш масалаларига устувор аҳамият қаратилди.
Вебинар давомида вилоятнинг сўнгги йиллардаги барқарор иқтисодий ўсиш кўрсаткичлари, янги ташкил этилаётган индустриал зоналар фаолияти, ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳамда хорижий сармоядорлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар ҳақида атрофлича маълумот берилди.
Шунингдек, немис технологиялари асосида қўшма корхоналар ташкил этиш истиқболлари, вилоятнинг экспорт салоҳиятини ошириш ва Европа бозорларига чиқиш масалалари юзасидан фикр алмашилди.
Музокаралар жараёнида немис ишбилармон доиралари Фарғона вилоятидаги мавжуд инвестиция муҳитига юқори баҳо бериб, қатор истиқболли лойиҳалар бўйича амалий қизиқиш билдирдилар.
Якунда ўзаро алоқаларни янада мустаҳкамлаш, хорижий инвесторлар таклифларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда келгусидаги ҳамкорликнинг аниқ йўналиш ва босқичларини белгилаб олиш чора-тадбирлари келишиб олинди.