Насос станцияларини янгилаш бўйича Наманган тажрибаси оммалаштирилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Наманган вилояти Чортоқ туманидаги “Айқирон-1” насос станциясини кўздан кечирди.
Катта Наманган магистрал каналида жойлашган ушбу насос орқали 815 гектар ер суғорилади. Лекин агрегатлар эскириб кетгани сабабли самарадорлик паст, исрофгарчилик кўп эди. Жумладан, ҳар йили тахминан 6 миллион киловатт-соат электр энергияси сарфланарди.
Тадбиркор томонидан давлат-хусусий шериклик асосида бу ерга энергия тежамкор агрегат ва замонавий ускуналар ўрнатилди. Янгиланган тизим йилига қирқ фоизгача электр энергиясини иқтисод қилиш имконини бермоқда.
Тежамкорлик билан бирга янги насосларнинг сув чиқариш қуввати ҳам юқори. Бу эса далаларни суғориш кўламини ошириб, ҳосилдорликни яхшилашга хизмат қилади.
Вилоятда икки юздан ортиқ насос станцияси бор. Улардан 43 таси “Наммоторс сув таъминот” корхонасига давлат-хусусий шериклик асосида 10 йил муддатга бошқарувга берилган. Бу жараёнга 40 миллиард сўмлик инвестиция йўналтирилган. Иншоотларга ўрнатилаётган насос агрегатлари маҳаллийлаштирилган.
Давлатимиз раҳбари икки йил ичида “Айқирон-1” тажрибаси асосида вилоятдаги барча насос станцияларини модернизация қилиш, буни мамлакатнинг бошқа ҳудудларида ҳам босқичма-босқич амалга ошириш бўйича топшириқ берди.
Фақат технологияларни янгилаш билан чекланиб қолмасдан, уларни малакали бошқариш ва тўғри фойдаланиш ҳам муҳимлиги таъкидланди. Илм ва билим билан иш юритилса, модернизациянинг иқтисодий самараси юксалади. Қишлоқ хўжалигида ҳосилдорлик ортиб, озиқ-овқат хавфсизлиги ва аҳоли турмуш даражаси яхшиланади.
Мутасаддилар келгусида 750 дан зиёд фермер хўжаликларига қуёш панеллари орқали ишлайдиган кичик насослар ҳамда томчилатиб суғориш тизимларининг жорий этилиши ҳақида маълумот берди.
#Шавкат Мирзиёев