Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва устувор вазифалар муҳокама қилинди
Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ва устувор вазифалар муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 31 март куни Наманган вилоятида ислоҳотлар натижадорлиги ҳамда келгусида амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар юзасидан йиғилиш ўтказди.
Йиғилишда сўнгги йилларда Наманганда саноат, хизматлар ва тадбиркорлик соҳаларида катта ўсиш кузатилиб, вилоят кўплаб йўналишларда бошқа ҳудудлар учун намунага айлангани таъкидланди. Хусусан, саккиз йилда 40 мингдан зиёд янги корхона иш бошлаган, ишлаб чиқариш ҳажми эса 6 баробарга ошиб, 40 триллион сўмга етган.
Қайд этилганидек, 2025 йил якунлари бўйича вилоят ялпи ҳудудий маҳсулоти 85,4 триллион сўмни ташкил этиб, ўсиш суръати 8,2 фоизга етган. Саноат маҳсулотлари ҳажми 40,1 триллион сўмни, хизматлар ҳажми 56,3 триллион сўмни ташкил қилган. Вилоятга 3,3 миллиард доллар хорижий инвестиция жалб қилиниб, экспорт ҳажми 916 миллион долларга етган.
Давлатимиз раҳбари жаҳон бозоридаги беқарор вазият шароитида Наманганда иқтисодий ўсиш суръатларини сақлаб қолиш ва янги “ўсиш нуқталари”ни ишга солиш муҳимлигини таъкидлади. Шу муносабат билан 2026 йилда вилоят раҳбарияти олдига иқтисодиётни 9,2 фоизга, саноатни 9 фоизга, хизматларни 16,3 фоизга, қишлоқ хўжалигини 6,8 фоизга ошириш, туризм экспортини эса 1,7 баробар кўпайтириш вазифаси қўйилди. Хорижий инвестициялар ҳажмини 5 миллиард долларга, экспортни 1,2 миллиард долларга олиб чиқиш вазифаси белгиланди.
Йил якунигача ишсизликни 3,5 фоизга, камбағалликни 2,5 фоизга тушириш, Наманган шаҳри, Давлатобод, Янги Наманган, Наманган, Косонсой, Норин ва Уйчи туманларини ишсизлик ва камбағалликдан холи ҳудудларга айлантириш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Йиғилишда сунъий интеллект асосида ҳудудий салоҳиятни чуқур таҳлил қилиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди. Норин тумани мисолида бу йил инвестицияни икки карра, саноатни 10,4 фоизга ва экспортни 35 фоизга ошириш имкониятлари аниқланганиайтилди. Энди ушбу ёндашувни вилоятнинг барча туманларига татбиқ этиш топширилди.
Озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш бугунги шароитда энг долзарб масалалардан бири экани қайд этилди. Шу боис, вилоятда кам самарали 2,5 минг гектар боғлар ўрнида замонавий интенсив боғлар ташкил қилиш ва 8 минг гектар ерни ўзлаштириш вазифаси қўйилди. Бу орқали қўшимча даромад манбалари ва янги иш ўринлари яратилади.
Йиғилишда йирик инвестиция лойиҳаларига алоҳида эътибор қаратилди. Жумладан, “Наманган” эркин иқтисодий зонасининг “Сабзазор” массивида умумий қиймати 547 миллион долларлик 15 та лойиҳани тўлиқ амалга ошириш учун қўшимча электр подстанцияси қуриш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Ҳозиргача бу ерда 215 миллион долларлик 7 та лойиҳа ишга тушган.
Шунингдек, қиймати 20 миллион доллар бўлган замонавий IT-парк биносини барпо этиш таклифи билдирилди. Ушбу лойиҳа ахборот технологиялари соҳасига халқаро компанияларни жалб қилиш, янги иш ўринлари яратиш, ҳудудда рақамли трансформация, сунъий интеллект, электрон тижорат ва стартап экотизимини жадал ривожлантиришга хизмат қилиши таъкидланди.
Давлатобод туманини “Ақлли шаҳар”га айлантириш, Наманган давлат техника университетига қарашли бўш объектлар негизида сунъий интеллект илмий лабораторияси ва стартаплар клубини ташкил этиш ташаббуслари ҳам муҳокама қилинди. “Наманган – ақлли шаҳар” ягона рақамли платформаси орқали коммунал хизматлар, чиқиндиларни бошқариш, экологик мониторинг ва транспорт тизимларини босқичма-босқич интеграция қилиш режалаштирилгани айтилди.
Саноат ва тадбиркорлик бўйича қатор янги ташаббуслар кўриб чиқилди. Жумладан, Чуст туманида қуввати 60 мегаватт бўлган яшил энергия лойиҳасини амалга ошириш учун 24 гектар ер майдони ажратиш таклифи илгари сурилди. Чортоқ туманида алкоголсиз салқин ичимликлар, шарбатлар ва болалар озуқаси ишлаб чиқариш корхонаси лойиҳаси тақдим қилинди.
Қишлоқ хўжалигида ҳам катта захиралар борлиги таъкидланди. 2026-2027 йилларда янги интенсив боғ ва токзорлар барпо этиш ташаббуслари доирасида 3948 гектар майдонда боғ ва токзорлар ташкил қилиш, 1,3 миллион дона кўчат экиш, 1,5 минг гектарда томчилатиб суғоришни жорий этиш режалаштирилган.
Паррандачилик соҳасида 50 миллион долларлик йирик лойиҳа амалга оширилиши, унинг доирасида 813 миллион дона тухум ва 2 минг тонна гўшт ишлаб чиқариш қуввати яратилиши маълум қилинди. Бу вилоятнинг тухумга бўлган эҳтиёжини тўлиқ таъминлаш, Марказий Осиё ва араб давлатларига 42 миллион долларлик парранда гўшти ҳамда тухум маҳсулотлари экспорт қилиш имконини беради.
Туризмни иқтисодиётнинг драйвер соҳасига айлантириш масаласи ҳам муҳокаманинг марказида бўлди.
Вилоятни водий туризми марказига айлантириш мақсадида Поп туманида “Арашан” кўллари атрофида замонавий ва инновацион туризм мажмуаси, Қамчиқ довони ҳудудида “Qamchiq Mountain Resort” халқаро кўп функцияли тоғ дам олиш зонаси, Чодак қишлоғи Гулистон маҳалласида туризм маркази, Косонсой тумани Олмазор маҳалласида йирик туризм масканини ташкил этиш, Янгиқўрғон тумани Нанай ҳудудида сунъий кўл лойиҳасини амалга ошириш таклиф этилди.
Шунингдек, Наманган шаҳрининг эски шаҳар қисмида миллий меъморчилик, ҳунармандчилик анъаналари ва замонавий сервисни уйғунлаштирган туризм мажмуасини ташкил этиш, “Чорсу” ва “Сардоба” бозорлари негизида замонавий “экобозор”лар барпо қилиш, кўп қаватли автотураргоҳлар қуриш таклифлари билдирилди. Бу лойиҳалар шаҳар иқтисодиётини фаоллаштириш, савдо ва хизматлар соҳасида янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши қайд этилди.
Инфратузилмани яхшилаш бўйича ҳам қатор йирик лойиҳалар кўриб чиқилди. Жумладан, давлат-хусусий шериклик асосида Наманган шаҳри канализация тизимини реконструкция қилиш, шунингдек, Учқўрғон ва Уйчи туманлари марказларини илк бор марказлашган оқова сув тармоқлари билан таъминлаш лойиҳалари тақдим этилди. Уйчи ва Учқўрғонда 10 минг куб метрлик янги оқова сув иншооти, 40 километр янги тармоқ ва 28 километр таъмирталаб тармоқни янгилаш орқали 42 минг нафар аҳоли ва 6983 та хонадон қамраб олиниши белгиланган.
Янги Наманган шаҳарчасида қурилиш ишларини жадаллаштириш масаласига ҳам алоҳида тўхталиб ўтилди. Лойиҳа доирасида 30 минг янги иш ўрни яратиш, 25,2 километр йўлни таъмирлаш, 7,2 километр пиёдалар йўлакчасини, 4,7 километр сув тармоғини ва 7,4 километр яшил ҳудудни барпо этиш назарда тутилган.
Ижтимоий соҳада ҳам йирик ташаббуслар илгари сурилди. Хусусан, Наманган шаҳрида 2026 йилда 15 минг ўринли мактабгача таълим ташкилотларини ташкил қилиш, 21 та таълим муассасасидаги бўш турган 42 минг квадрат метр ер майдонларини давлат-хусусий шериклик асосида боғча қуриш учун ажратиш таклиф қилинди.
Соғлиқни сақлаш соҳасида Республика ихтисослаштирилган травматология ва ортопедия марказининг Наманган филиалини ташкил этиш, онкология ва радиология марказини замонавий ПЭТ-томограф аппарати билан жиҳозлаш, кўп тармоқли тиббиёт марказини реконструкция қилиш ва юқори технологияли операцияларни йўлга қўйиш каби ташаббуслар кўриб чиқилди. Бу орқали нафақат вилоят аҳолиси, балки қўшни ҳудудлардан келувчи беморларга ҳам юқори малакали тиббий хизмат кўрсатиш имконияти кенгайиши айтилди.
Йиғилиш якунида Президентимиз Наманган вилоятида мавжуд салоҳиятни тўлиқ ишга солиш, ҳар бир лойиҳани аниқ натижага айлантириш, аҳоли бандлиги ва даромадини ошириш, экспортбоп ва юқори қўшилган қийматли ишлаб чиқаришларни кенгайтириш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берди.
#Шавкат Мирзиёев