Наманган ва Гуйчжоу иқтисодиёт ва туризм соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Наманган ва Гуйчжоу иқтисодиёт ва туризм соҳаларида ҳамкорликни мустаҳкамламоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдураззоқов Хитой Халқ Республикасининг Гуйчжоу провинцияси губернатори Ли Бинцзюнь билан расмий учрашув ўтказди.
Музокаралар давомида Наманган вилояти ва Гуйчжоу провинцияси ўртасидаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантириш, савдо-иқтисодий, инвестиция, саноат, қишлоқ хўжалиги ҳамда туризм соҳаларида қўшма лойиҳаларни амалга ошириш масалалари муҳокама қилинди.
Учрашувда томонлар Наманган вилояти ва Гуйчжоу провинцияси ўртасида ўрнатилган биродар ҳудудлар мақомидаги ҳамкорлик алоқалари изчил ривожланиб бораётганини алоҳида таъкидлаб, уни амалий мазмун билан бойитишга келишиб олдилар.
Наманган вилояти ҳокими Гуйчжоу провинцияси губернатори Ли Бинцзюнь бошчилигидаги Гуйчжоу делегациясини 2026 йилда Наманганда ўтказиладиган анъанавий Гуллар фестивалининг 65 йиллик юбилейида иштирок этишга таклиф қилди.
Шунингдек, фестиваль доирасида “Наманган – Гуйчжоу” инвестиция ва бизнес форумини ташкил этиш бўйича ўзаро келишувга эришилди. Ушбу форум икки ҳудуд ишбилармон доиралари ўртасида тўғридан-тўғри мулоқот ўрнатиш, янги инвестиция лойиҳаларини шакллантириш ва ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишга хизмат қилиши қайд этилди.
Учрашув ўзаро ишонч, дўстона муҳит ва амалий ҳамкорликни янада мустаҳкамлаш руҳида ўтди.