Мўйноқдаги янги қудуқдан табиий газ оқими олинди
Мўйноқдаги янги қудуқдан табиий газ оқими олинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Устюртдаги «Мўйноқ» кони 3-сонли излов қудуғидан саноат миқёсидаги табиий газ оқими олинди. Бу ҳақда «Ўзбекнефтегаз» хабар қилди.
Қудуқда бурғилаш ишлари жорий йилнинг 8 сентябрь куни “Ўзнефтгаз бурғилаш ишлари” томонидан бошланган бўлиб, қуйи юра қатламлари 4 940 метр чуқурликкача бурғиланди.
Энди 3 сутка давомида қудуқ маҳсулдор қатламининг табиий хусусиятлари ўрганилади. Ушбу тадқиқотлар натижасида қудуқнинг суткалик дебити, қатлам босими ва бошқа муҳим параметрлари аниқланади.
Айни пайтда Мўйноқ майдонида яна иккита қудуқда бурғилаш ва синаш ишлари жадал давом этмоқда. Тез кунларда ушбу қудуқлардан ҳам натижалар олиниши кутилмоқда.
Аввалроқ ушбу кондаги 2-сон қудуғидан ҳам катта босимда газ олинганди.