Мўйноқ ҳудудидаги яна бир янги излов қудуғида катта босимда табиий газ оқими аниқланди
Мўйноқ ҳудудидаги яна бир янги излов қудуғида катта босимда табиий газ оқими аниқланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Қорақалпоғистон Республикасининг Мўйноқ туманидаги янги қидирув қудуғида юқори босим остида табиий газнинг саноат миқёсидаги оқими қайд этилди. Гап Устюрт минтақасидаги «Мўйноқ» кони яқинида бурғиланган «Шагирлик — қуйи юра № 2» қудуғи ҳақида бормоқда, деб хабар беради «Ўзбекнефтегаз» АЖ.
Бу майдон Тоғ-кон саноати ва геология вазирлиги тасарруфидаги«Ўзбекгеофизика» АЖ ва “Нефть ва газ конлари геологияси ҳамда қидируви институти” ДМ томонидан 3Д сейсмик қидирув ишлари маълумотлари асосида чуқур излов бурғилашга тайёрланган.
Эътиборли жиҳати, мазкур қудуқ Жамият ва унинг таркибида фаолият олиб бораётган Лойиҳа бошқарув офисининг малакали мутахассислари томонидан бурғиланган. Лойиҳа бошқарув офисида давлатимиз раҳбарининг топшириғига кўра, хориждаги замонавий компанияларда айнан нефть ва газ соҳасида ишлаб, юртимизга олиб келинган малакали мутахассислардан иборат гуруҳ ҳисобланади.
2026 йилнинг 10 январь санасида қудуқ туби қуйи юра қатламларида 5265 метр чуқурликгача бурғиланиб, 5265-5061 метр чуқурлик оралиғида табиий газ уюмлари аниқланди.
Қуйи юра қатламларининг геологик тузилишини ўрганиш ҳамда аниқланган газ уюмларининг тарқалиш чегасини аниқлаш мақсадида ушбу майдонда навбатдаги 3 ва 4 сонли излов-қидирув қудуқларини бурғилаш режалаштирилган.