Валюта курслари 13/03/2026
$1 – 12102.39
UZS – -0.27%
€1 – 13990.36
UZS – -0.55%
₽1 – 153.08
UZS – -0.21%
Қидириш
Мирзиёев Халқ қабулхоналарини ислоҳ қилишни буюрди

Мирзиёев Халқ қабулхоналарини ислоҳ қилишни буюрди

Мирзиёев Халқ қабулхоналарини ислоҳ қилишни буюрди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев раислигида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини такомиллаштириш юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Юртимиз нуфуси 38 миллиондан, меҳнатга лаёқатли аҳоли 20 миллиондан ошди, сўнгги тўққиз йилда аҳоли даромади 2 карра кўпайди.

Халқимиз оғирини енгил қилиш, кўтарган масалаларига ечим топиш бўйича вазир ва ҳокимлар маҳаллага тушиб ишлайдиган тизим яратилди. Бу йил ҳам маҳаллаларда аҳоли турмушини яхшилашга 56 триллион сўм ажратилмоқда.

“Энди вазирлар, ҳокимлар ўзига савол берсин: шунча имконият бўла туриб, аҳоли кўтарган масалаларга вақтида ечим топиб беряптими? Бундан тўққиз йил олдин Халқ қабулхоналари ташкил қилинганда битта мақсад қўйилган эди: давлат идораларини халққа яқинлаштириш.

Тўғри, Халқ қабулхоналари вақтида самарали ишлади. Лекин бу идорани ҳам одамларнинг бугунги талабига мос ҳолда ўзгартирадиган вақт келди”, – деди Президентимиз.

Бундан кейин “Ҳар бир инсон ва хонадон муаммосини билиб, вақтида кўмак беришим керак” деган шиор ҳар бир туман, шаҳар, вилоят ҳокими, вазир, унинг ҳудудий ташкилот раҳбарларининг бош қоидаси бўлиши зарурлиги қайд этилди.

Мамлакатимизда ҳар ўн минг кишига ўртача 319 та ариза ва шикоят тўғри келаётгани қайд этилди.

Лекин бу кўрсаткич Тошкент шаҳрида 535 та, Навоий вилоятида 462 та, Сирдарё ва Сурхондарёда 452 тадан, Жиззахда 430 та, Қашқадарёда 368 та, Тошкент вилоятида 350 тани ташкил қилмоқда.

Деҳқонобод, Миробод туманлари, Навоий, Оҳангарон ва Янгиер шаҳарларида ҳар ўн минг аҳолига тўғри келадиган аризалар сони бошқа туманлардан 2 баробар юқори экани кўрсатиб ўтилди.

Ёки мурожаатлар сони республикада 16 фоизга камайгани билан Қоровулбозор, Нурота, Конимех, Тупроққалъа туманлари, Наманган шаҳрида олдинги йилдан 50 фоизгача ошган.

Бухоро, Кармана, Учқудуқ, Сардоба, Ховос, Бўстонлиқ туманлари, Ангрен, Ғозғон шаҳар ҳокимлари маҳалладаги 4-5 нафар одам билан «номига» гаплашиб, сайёр қабул ўтказдим деб юргани танқид қилинди.

Ўтган йили Халқ қабулхоналарига ҳокимларнинг ўзи раҳбар қилиб тайинланганди.

Қорақалпоғистон, Андижон, Қашқадарё, Хоразм, Сирдарёда раҳбарларнинг ўзи шуғуллангани учун ҳудудидаги мурожаатлар 25-30 фоизга камайгани, аҳоли кўтарган масалаларнинг 60-70 фоизи ижобий ҳал бўлаётгани таъкидланди. Лекин қолган ҳокимлар ва айрим вазирлар ҳали бу борада кескин ўзгариш қилмагани кўрсатиб ўтилди.

Масалан, Тошкент шаҳрида 170 минг ва Тошкент вилоятида 110 минг мурожаатнинг ярмидан кўпи ечимини топмаган. Сурхондарё, Самарқанд, Тошкент шаҳрида такрорий мурожаатлар кўпайган.

Мисол учун, фуқаро январь ойида мактаб ўқувчиси Сергелидан оқиб ўтадиган «Жунариқ» каналига тушиб кетганини айтиб, бузилган кўприкни қайта тиклашни сўраган. Бу масалага икки ой давомида бирорта масъул эътибор қаратмаган, мурожаатга юзаки жавоб берилган.

Ҳолат ижтимоий тармоқда тарқалганидан кейингина маблағ ҳам топилган, кўприк ҳам қурилган. Мурожаатлар билан ишлашдаги бундай камчиликлар одамларнинг давлатга бўлган ишончига путур етказаётгани кўрсатиб ўтилди.

Халқ қабулхоналарига келаётган мурожаатларнинг катта қисми Ички ишлар (148 минг), Мажбурий ижро бюроси (134 минг), Энергетика (88 минг), Бандлик (60 минг) ва Соғлиқни сақлаш вазирлигига (56 минг) тегишли экани қайд этилди.

Ўтган йили алимент билан боғлиқ 70 минг мурожаат келиб тушган.

Мажбурий ижро бюроси алимент бўйича ариза тушса, ундириб бераётгани, лекин алимент тўловчининг расмий даромади бўлмагани учун мурожаатларнинг 30 фоизи ҳал қилинмасдан қолаётгани кўрсатиб ўтилди.

Бу борада ҳокимлар алимент тўловчиларнинг қанчасининг касби бор, лекин ишсиз, қанчасини ўқитиш кераклигини таҳлил қилмаётгани, шундан келиб чиқиб, бандлик бўлими ва “маҳалла еттилиги” олдига аниқ масала қўймаётгани танқид қилинди.

Ҳудудларда ишларни шу тартибда ташкил қилса, алимент бўйича мурожаатлар 2 карра камайиши мумкинлиги қайд этилди.

Ташкилий миграция асосида одамларни ўқитиб, чет элдаги юқори даромадли ишларга юбориш бўйича тизим яратилди. Лекин алимент мажбурияти бўлган одамлар бу имкониятдан фойдалана олмаяпти, чунки фуқаро четга чиқиши учун 5 йиллик алимент пулини олдиндан тўлаши ёки алимент олувчидан ёзма розилик олиши керак.

Мутасаддиларга бу масалани чуқур ўрганиб, тегишли таклиф киритиш топширилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, турли сабаблар билан туғилганлик тўғрисидаги гувоҳномани олмаган болаларга бундай ҳужжатни расмийлаштиришдаги бюрократия ҳақида 448 нафар одам мурожаат қилган.

"Бу боласини боғча ва мактабга жойлаштиришда гувоҳнома сўралгани учун мажбур бўлиб мурожаат қилганлар, ҳали ариза бермаганлари қанча?” – дея савол қўйди давлатимиз раҳбари.

Адлия вазирлигига ушбу масалага содда ечим ишлаб чиқиш топширилди.

Ўтган йили ички ишлар ваколатидаги масалалар бўйича 148 мингдан ортиқ мурожаат келиб тушган. Айниқса, ички ишлар ходимларининг қўпол муомаласи ва тергов сифатидан норозилик кўплиги қайд этилди.

Тизим масъуллари ҳар 1 минг кишига нисбатан энг кўп ариза тушаётган Денов, Ургут туманлари, Самарқанд, Қарши, Наманган, Жиззах, Фарғона, Чирчиқ шаҳарларига бориб, аҳолининг муаммоларини эшитиши, профилактика инспектори ва терговчиларнинг касбий ва муомала маданиятини ошириш бўйича ўқитиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Энергетика, йўл, сув инфратузилмаси бўйича 2025 йилда йўлланган мурожаатлар 109 мингдан ошган.

Айниқса, Асака, Шаҳрихон, Избоскан, Пастдарғом, Шўрчи, Денов, Ғузор, Қамаши, Деҳқонобод, Шароф Рашидов туманлари, Самарқанд, Наманган, Термиз, Қарши ва Андижон шаҳарларида инфратузилма бўйича мурожаатлар кўпайган.

Жорий йил ушбу масалаларни ҳал қилиш бўйича 20 триллион сўм берилган. Ҳокимлар мазкур маблағларни, биринчи навбатда, энг кўп шикоят тушаётган маҳаллаларга йўналтирса, одамлар ҳам рози бўлиши, мурожаат ҳам қисқариши қайд этилди.

Маҳалла аҳолисининг оғирини енгил қилишда “Ташаббусли буджет” дастури катта самара бераётгани таъкидланди.

Лекин инфратузилма масаласида 25 мингта ариза келиб тушган 2 мингта маҳалла бирор марта “Ташаббусли буджет”да лойиҳа жойлаштирмаган.

Мутасаддиларга Халқ қабулхонасига келган мурожаатларни таҳлил қилиб, мазкур маҳаллаларга лойиҳа қилишга кўмаклашганида эди, бу орқали кўплаб масалалар жойида ҳал қилиш мумкин бўлгани кўрсатиб ўтилди.

Олий таълим, фан ва инновациялар вазирлиги мурожаатларнинг 64 фоизига, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги соҳасида назорат қилиш инспекцияси 61 фоизига, Транспорт вазирлиги 58 фоизига ечим бериш ўрнига юзаки жавоб бериш билан чеклангани, умуман, бундай мисоллар барча вазирликларда борлиги қайд этилди.

Халқ қабулхоналари янги очилганида мурожаатларнинг 90-95 фоизи шикоят шаклида бўлган бўлса, ҳозирга келиб, 60-65 фоизга тушди.

“Бугун одамларнинг дунёқараши ўзгариб, шахсий масалада эмас, маҳалласидаги шароитни яхшилаш юзасидан таклиф беришни афзал кўряпти. Лекин муаммоси ҳал бўлмаган одамлар раҳбарлар қабулини ташкил қилиб беришни Президентдан сўраяпти.

Энди бу тизим ўзгаради. Ҳокимлар аризада кўтарилган масалани ҳал қилишнинг ўзи билан чекланмайди. Аксинча, муаммонинг келиб чиқиш сабаби билан ишлаши керак”, – деди давлатимиз раҳбари.

Шу боис, соҳада янги тизим жорий қилиниб, Халқ қабулхоналари фақатгина ариза қабул қилувчи орган эмас, балки ҳудуддаги муаммоларни диагностика қиладиган марказ бўлиши белгиланди.

Президентимиз янги тизим қандай ишлашини Қарши шаҳри мисолида тушунтириб берди.

Ўтган йили Халқ қабулхонасига Қарши шаҳри аҳолисидан келиб тушган 11 мингта мурожаат таҳлил қилинди.

Мисол учун, Қарши шаҳридаги 255 нафар одам алимент тўлашдан бўйин товлаб юрганининг сабаблари ўрганилганда уларнинг 193 нафари касб-ҳунари бор бўлгани билан ишсиз экани, яна 62 нафари даромадини камайтириб кўрсатаётгани аниқ бўлди.

Бу жараёнда ҳокимлик, банклар ва ҳоким ёрдамчилари, шаҳар бандлик ва МИБ бўлимлари биргаликда ишлаб, фуқароларни тадбиркорликка жалб қилади, ишсизларни ҳудуддаги саноат ва сервис корхоналаридаги вакант ўринларга жойлаштиради. Хорижда ишлаш истагида бўлган алимент тўловчилар билан уч томонлама шартнома тузиб, тил ва касбга ўргатиб, хорижга юқори даромадли ишларга юборади.

Шаҳар солиқ инспекцияси эса Бош прокуратура департаменти билан биргаликда даромадини яшириб келаётганларнинг фаолиятини «соядан» чиқаради.

Шунда алимент тўловчилар қарамоғида бўлган 700 га яқин боланинг моддий таъминоти ўзгариши таъкидланди.

Қарши шаҳридаги мурожаатларнинг 146 таси ойлик маошлар кечикаётгани билан боғлиқ.

Ҳокимнинг биринчи ўринбосари ойлик тўламаётган ташкилотларнинг молиявий аҳволини таҳлил қилиб, хомашё, айланма маблағ, инфратузилма, бозор топиш билан боғлиқ масалаларини ҳокимнинг инвестиция бўйича ўринбосари ва банклар билан ҳал қилиб беради.

Ойликни асоссиз бермаётган корхоналардан эса ўрнатилган тартибда мажбурий ундирилади.

Қарши шаҳрида бугунги кунда 35 минг хонадонли 930 та кўп қаватли уй бор. Уларга 40 та бошқарув сервис компанияси хизмат кўрсатмоқда. Уларнинг фаолиятидан норозилик билдирилган 111 та шикоят келиб тушган.

Ҳокимнинг қурилиш бўйича ўринбосари энг кўп мурожаат тушган Чўлқувар, Нуристон, Ойдин маҳалласига бориб, аҳоли ва бошқарув компаниялари билан учрашиши белгиланди. Бунда бошқарув компаниялари пулдан қийналаётган бўлса, уларга айланма маблағ топиб беради.

Электр, йўл, сув ёки канализация билан боғлиқ муаммолар бўлса, ушбу масалани Ислоҳотлар штабига бериб, инвестиция дастурига қўшимча киритади, Мажбурий ижро бюроси билан бошқарув компанияларининг дебитор қарздорлигини ундиришга кўмаклашади.

Уй-жой билан таъминлаш бўйича Қарши аҳолисидан 124 та мурожаат келиб тушган.

Қарши шаҳрида бу йил 3 минг 700 та хонадонли кўп қаватли уйлар қурилиши режа қилинган.

Ҳоким ўринбосарлари шаҳардаги банклар ва девелоперлар билан биргаликда уй-жой бўйича мурожаат қилганлар билан бирма-бир учрашади. Уларга янги қурилаётган уй-жойларни таклиф этади, кредит, субсидия бўйича масалаларини тезкорлик билан ҳал қилиб беради.

Шаҳардаги давлат идораларида 1,5 мингдан зиёд ходим ишлаяпти. Уларнинг фаолияти бўйича 794 та шикоят келиб тушган. Масалан, ички ишлар ходимларининг муомаласи ва тергов сифати юзасидан 281 та ариза йўлланган.

Вилоят ички ишлар бошлиғининг кадр ва жамоат хавфсизлиги бўйича ўринбосарлари ҳафтанинг бир кунини ёш терговчилар, профилактика инспектори, йўл ва пост-патруль ходимларини ўқитиш, муомала маданиятини ўргатишга бағишлайди.

Ходимларига нисбатан эътирозлар кўп бўлган Мажбурий ижро бюроси, солиқ, электр, сув ва газ, тиббиёт ва таълим идораларининг раҳбарлари ҳам ўз ишини худди шу йўсинда ташкил қилиши зарурлиги қайд этилди.

Қарши шаҳридан Халқ қабулхонасига нафақа бўйича 877 та мурожаат келиб тушган.

Мазкур масалада мурожаат қилган аёлларнинг муаммосини фақат нафақа тўлаш нуқтайи назаридан эмас, балки бошқа қийинчиликлари билан биргаликда комплекс равишда кўриб чиқиш зарурлиги қайд этилди.

Шаҳар ҳокимининг ижтимоий масалалар бўйича ўринбосари мактабгача ва мактаб таълими бўлими билан 309 нафар аёлнинг фарзандини боғчага жойлаштиради. Ҳоким ёрдамчилари ва хотин-қизлар фаоллари билан 82 нафар ишсиз аёлни касбга ўқитиб, маҳалланинг ўзида ишлашига шароит қилиб беради.

159 нафар ёлғиз оналарнинг 90 нафарига тадбиркорликни бошлаш учун, яна 69 нафарига эса фаолиятини кенгайтириш учун имтиёзли кредит олишга кўмаклашилади. «Инсон» ижтимоий хизматлар маркази билан 34 нафар ногиронлиги бор одамга ижтимоий хизматларни кўрсатиш йўлга қўйилади.

Қарши шаҳри ҳокимига ҳар бир ариза ва шикоятни мана шундай таҳлил қилиб, масъулларига тақсимлаб, биринчи ярим йилликда шаҳарни мурожаатлар билан ишлаш бўйича намунали ҳудудга айлантириш топширилди. Бу жараёнда унга вилоят ҳокими, унинг ўринбосарлари, вилоятдаги ташкилотлар раҳбарлари яқиндан кўмаклашиши белгиланди.

Умуман, барча ҳудудлар ва 208 та туман-шаҳар ҳокимларига Қарши шаҳри мисолида айтилган тизимни самарали йўлга қўйиб, одамларнинг оғирини енгил қилиш вазифаси қўйилди. Улар бу борадаги иш режасини ҳар ой маҳаллий Халқ депутатлари кенгашларида тасдиқлатиб, аҳолига мурожаат қилади.

Худди шундай барча вазирлар ҳам ўз соҳасида бўлаётган эътирозларни камайтириш бўйича “йўл харитаси”ни тасдиқлаб, брифинг ўтказади ва режаларини одамларга етказади.

Президентимиз Халқ қабулхоналари фаолиятини янада кучайтириш чора-тадбирларини белгилаб берди.

Президент Администрациясига ҳокимлар билан биргаликда Халқ қабулхоналарига муаммоларнинг моҳиятини тушунадиган замонавий кадрларни жамлаш, мурожаатларни тизимли таҳлил қилиш бўйича алоҳида назорат гуруҳи фаолиятини йўлга қўйиш топширилди.

Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти ҳар ойда Халқ қабулхоналарига келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиб, умумлаштиради, вазирлар ва ҳокимларга етказиб, ижросини назорат қилади. Одамлар кайфиятига таъсир қилаётган масалалар бўйича раҳбарлар ҳисоботини эшитиб боради, энг муаммоли масалалар бўйича таклифларни Ҳукуматга киритади.

Ҳукуматда вазирлик ва идораларнинг раҳбар ходимларидан иборат Тезкор штаб тузилади. Кўтарилган масалалар ҳудуд ва тармоқлар кесимида жойига чиққан ҳолда ҳал қилинади.

Халқ қабулхоналарига мурожаатларни кўриб чиқиш тартибини бузган идораларга мажбурий бўлган кўрсатмалар бериш ваколати берилади.

Коммуникациялар департаментига мурожаатлар билан ишлаш бўйича давлат идоралари рейтингини йўлга қўйиш ва ҳар олти ойда эълон қилиб бориш топширилди.

Бош прокурорнинг комплаенс бўйича ўринбосари олдига бу борадаги барча топшириқлар ижросини қатъий назоратга олиш вазифаси қўйилди.

Мурожаатлар билан ишлашда “маҳалла еттилиги”нинг масъулияти оширилади.

Президент Виртуал қабулхонасида ҳар бир маҳалла учун алоҳида кабинет очилади. Уни юритишга ёшлар етакчиси билан маҳалла раиси масъул бўлади. Улар келаётган мурожаатларнинг сабабларини ўрганиб, кунлик маълумотларни ҳокимларга тақдим қилиб боради.

Мутасаддиларга “Рақамли маҳалла” тизимини Президент Виртуал қабулхонасига тўлиқ интеграция қилиш топширилди.

Бундан буён мурожаатларни асоссиз равишда қуйи тизимларга кўриб чиқиш учун юборган ташкилот раҳбарларига кескин чора кўрилиши белгиланди.

Мурожаатлар тўғрисидаги қонунчилик талабларини бузганлик учун жазо ҳам кучайтирилади.

Президентимиз бугун ижтимоий-социологик тадқиқот натижалари давлат сиёсати ва ислоҳотларининг асосий йўналишларини белгилаб бериши кераклигини таъкидлади. Шу боис, социология фан сифатида қайта тикланди, олийгоҳларда социологлар тайёрлаш йўлга қўйилди.

Мазкур ишларнинг мантиқий давоми сифатида ижтимоий-социологик тадқиқотлар кўлами ва сифати оширилади.

Эндиликда бир марталик сўровлар эмас, балки қаерда ишонч ортаётгани, қаерда заифлашгани, қайси қарорлар адолатли, қайсилари одамларга манфаат келтирмаётгани бўйича доимий равишда мониторинг ва таҳлиллар ўтказилади.

Президент Администрацияси Коммуникациялар департаменти ҳамда Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институтига ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари рейтинги методологиясини ишлаб чиқиб, таҳлиллар асосида рейтингни шакллантириш ва мунтазам равишда Президентга киритиб бориш топширилди.

Ижро интизоми масалалари ҳам кўриб чиқилди. Берилган ҳар бир топшириқнинг реал ижро ҳолати бўйича кундалик назорат ўрнатиш, масъулиятни ҳис қилмаган, сусткашликка йўл қўйган раҳбарлар бўйича танқидий, очиқ ва холис ахборот киритиб бориш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.

#Шавкат Мирзиёев  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг