Валюта курслари 27/02/2026
$1 – 12136.57
UZS – -0.0%
€1 – 14318.73
UZS – 0.08%
₽1 – 157.70
UZS – -0.52%
Қидириш
Мирзиёев: Сурхондарёда инвестициялар 5 миллиард долларга етди, хорижий ҳамкорлардан яна 10 миллиард доллар жалб қилиш режалаштирилган

Мирзиёев: Сурхондарёда инвестициялар 5 миллиард долларга етди, хорижий ҳамкорлардан яна 10 миллиард доллар жалб қилиш режалаштирилган

Мирзиёев: Сурхондарёда инвестициялар 5 миллиард долларга етди, хорижий ҳамкорлардан яна 10 миллиард доллар жалб қилиш режалаштирилган

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятини комплекс ривожлантириш бўйича йиғилиш ўтказди.

“Сурхондарё нафақат табиати гўзал замин, балки руҳи бақувват, ғайрати баланд, орияти мустаҳкам инсонлар юртидир. Сурхонни ривожлантириш Янги Ўзбекистоннинг жанубий таянч устунини мустаҳкамлаш демакдир”, – деди давлатимиз раҳбари.

Ўтган даврда ҳудудда 5 миллиард долларлик 8 мингдан ортиқ лойиҳа ишга тушди. Хитой, АҚШ, Россия, Ҳиндистон, Австрия, Венгрия каби давлатлар билан инвестиция ва савдо бўйича яна 10 миллиард долларлик келишувларга эришилди.

Сўнгги тўққиз йилда боғча қамрови 28 фоиздан 68 фоизга ошди, 23 та янги мактаб қурилди, яна 448 таси таъмирланди. Қўшимча 102 минг ўқувчи ўрни яратилди.

Бу даврда қурилган 688 та кўп қаватли уйга 32 минг оила кўчиб ўтди. Ангор, Бойсун, Жарқўрғон, Сариосиё ва Термиз туманларида “Янги Ўзбекистон” массивлари ташкил қилинди.

“Тўпаланг омбори сувидан фойдаланиш” лойиҳаси ҳисобига Термиз шаҳри ва 10 та тумандаги 563 минг аҳолининг ичимлик сув таъминоти яхшиланди.

Вилоят ҳокими, туман ҳокимлари олдида жорий йилда инвестицияларни 3 миллиард долларга, экспортни 1 миллиард долларга етказиш вазифаси тургани қайд этилди.

Ҳудудда камбағалликни 2,8 фоизга, ишсизликни 4,5 фоизга тушириш, Термиз шаҳри, Ангор, Денов, Жарқўрғон, Қизириқ ва Музработни “камбағаллик ва ишсизликдан холи ҳудуд”га айлантириш муҳим экани таъкидланди.

Вилоят иқтисодиётида саноатнинг улуши сўнгги 9 йилда 5 карра ўсиб, 10 фоизга етди. Лекин бу ҳали ҳам камлиги қайд этилди.

Вилоятда 100 миллион тонна кўмир захираси бўлгани билан йилига атиги 1 фоизи қазиб олиняпти. Жорий йилда Бойсундаги «Санжар», Олтинсойдаги «Оқсув», келаси йил «Фангарт» конларида кўмир қазиб олишни бошлаш топширилди.

Жанубий Африканинг «Сосол» компанияси кўмирдан полипропилен, полиетилен ва каучук ишлаб чиқаришга қизиқиш билдирган. Сариосиёдаги «Қоракон», «Жемсонит», «Чуқур», «Байрам-1» конларига ҳам хитойлик инвесторлар 1 миллиард доллар киритишга тайёр.

Умуман, мазкур захиралар – электротехника, қурилиш материаллари, кимё, металлургия, автомобилсозлик тармоқлари учун тайёр хомашё базаси. Бу конлар атрофида саноат корхоналарини жойлаштириш бўйича ҳисоб-китоб қилиб, камида 200 миллион долларлик лойиҳаларни шакллантириш топширилди.

Бойсундаги «Безактоп» конида сифати Эрон, Туркия, Италия билан рақобатлаша оладиган табиий тош захиралари ўрганилмай турибди. Бундай тошлар захираси бўлган конларда геология ишларини бошлашга кўрсатма берилди.

Термиз халқаро савдо маркази катта натижалар бермоқда. Ўтган йили марказга 800 мингдан ортиқ Афғонистон фуқаролари ташриф буюрди, экспорт 320 миллион доллар бўлди.

Тадбиркорлар ва инвесторлар фаолиятини кенгайтириб, Термиз халқаро савдо марказида йирик ишлаб чиқариш қувватларини яратиш бўйича таклиф билан чиққан.

Шу боис, марказ ҳудуди 1 минг гектарга етказилиши белгиланди. Мутасаддиларга бунинг ҳисобидан марказдаги экспорт ҳажмини жорий йил 600 миллион, келаси йил 1 миллиард долларга етказиш, қўшимча 10 минг иш ўрни яратиш топширилди.

Янги лойиҳалар ҳисобига тадбиркорлар ҳам, савдо қилиш учун келадиган одамлар ҳам каррасига ошади. Шу муносабат билан марказда қонун устуворлигини таъминлаш мақсадида махсус прокуратура ва ички ишлар бўлимининг фаолияти йўлга қўйилади.

Эндиликда марказ ҳудудидаги товар савдоси ва хизматлар экспорт сифатида баҳоланади, уларга нисбатан ҳам қўшилган қиймат солиғи «ноль» ставкада қўлланади.

Вилоятдаги 49 минг гектар томорқанинг 35 минг гектарида 3-4 марта ҳосил олинмоқда. Бундай кўрсаткич бирорта вилоятда йўқ.

Термиз туманидаги “Томорқа мактаби”да томорқага илм билан ёндашиб, бир йилда 5 мартагача экин экиш ўргатиляпти. Мазкур тажриба бутун Сурхондарёда йўлга қўйилса, маҳсулот етиштириш ҳам, экспорт ҳам, энг асосийси, деҳқонларнинг даромади ҳам кўпайиши таъкидланди.

Худди Термиз туманидаги каби Ангор, Узун, Деновда “Томорқа мактаблари”ни ташкил қилиш, уларда йилига 10 минг аҳолини ўқитиш топширилди. Умуман, Термиз тумани тажрибаси асосида ҳар бир вилоятда 2 тадан “Инновацион томорқа мактаблари” ишга туширилади.

Денов, Олтинсой, Сариосиё, Узун туманларидаги 5 минг гектарда лимончилик плантацияси ташкил қилинади, Олтинсойдаги 6 минг гектарда экспортбоп узум етиштириш бўйича уч йиллик дастур ишлаб чиқилади.

Узун туманида Япония тажрибаси асосида яратилган қуритилган хурмо ва анжирнинг миллий брендини тарғиб қилиш муҳимлиги таъкидланди.

Сурхондарё шароитида иссиқхонадан маҳсулот олиш бошқа жойлардан 2-3 баробар арзон тушади.

Бу йил Испаниянинг Алмерия ҳудуди тажрибаси асосида 1 минг гектарда қуёшда иситиладиган иссиқхоналар ташкил қилинади. Бундай иссиқхона қурадиган тадбиркорларга ерлар 5 йилга бепул ижарага берилади, улар ер ости суви учун тўловдан 3 йилга озод қилинади.

Сурхондарёда ишга солинмаган яна бир катта имконият – унинг яйловлари.

Масалан, Бойсунда 197 минг гектар яйловлар бор. Агар Дарбанд дарёсидаги насосларни тиклаб, сув чиқарилса, 10 минг гектар яйловни фойдаланишга киритиш, шундан 1,5 минг гектарида картошка, қолган қисмида озуқабоп экин экиш имкони мавжуд.

Эндиликда захирадаги яйлов ерларини ўзлаштириш учун бошланғич нархи норматив қийматнинг 1 фоизи миқдорида белгиланиб, аукционга чиқарилиши таъкидланди.

Ерни аукциондан олган тадбиркорларга 10 йилга, 4 йиллик имтиёзли давр билан 14 фоизли кредит ажратилади. Ҳар ўн гектарга сув олиб келиш учун 120 миллион сўмгача субсидия берилади.

Бу орқали уч йиллик дастур доирасида 58 минг гектар яйловни айланмага киритиш, бу ерда 300 минг бош қўй-эчки боқишни йўлга қўйиш топширилди.

Йилига 45 минг тонна парранда гўштига эҳтиёжи бўлган Сурхондарёда бирорта йирик паррандачилик комплекси йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Жорий йил вилоятда 60 миллион долларлик 18 та паррандачилик комплекси ва наслчилик лойиҳаларини ишга тушириш режаси белгилаб олинди.

Сурхондарёда табиат эрта уйғонгани боис, асаларичилар учун мавсум шу ердан бошланади. Агар наслли она ари генетикаси вилоятда йўлга қўйилса, соҳада “катта сакраш” бўлади.

Шу муносабат билан она арининг наслларини олиб келиш, 150 минг наслдор асалари пакетини ишлаб чиқариш бўйича 30 та лойиҳани бошлаш топширилди.

Сурхондарёдаги энг оғриқли масалалардан бири йўл ва транспорт инфратузилмаси экани қайд этилди.

Икки йил олдин Осиё тараққиёт банки билан 183 миллион доллар ҳисобига Бойсун ва Деновни боғловчи йўлнинг 111 километр қисмини цемент-бетон қопламага ўтказиш лойиҳаси бошланган. Бу йўл ишга тушса, юк ҳажми 2 карра ошади, ташиш вақти 3 соатдан 1,5 соатга қисқаради.

Юртимизни Афғонистон ва Тожикистон билан боғлайдиган 178 километрли магистраль йўл 30 йилдан буён капитал таъмирланмаган. Мутасаддиларга қурилиш ишларини уч ой ичида бошлаш топширилди.

Тошкент – Термиз йўналишидаги йўловчи поезд 14 соатдан кўп ҳаракатланади. Кореялик ҳамкорлар билан замонавий тезюрар поездлар олиб келиш бўйича келишувга эришилган. “Тошғузор – Бойсун – Қумқўрғон” участкасини тезюрар поездга мослаш бўйича лойиҳани шу йил бошлаш, 103 километр бўлган “Қумқўрғон – Қудуқли” темир йўлини электрлаштириш ишларига киришиш топширилди.

Термиз – Истанбул, Термиз – Дубай йўналишларида янги рейслар қўйилиши белгиланди.

Шўрчи, Денов, Сариосиё, Шеробод ва Бойсундан кунига 100 минг одам вилоят марказига енгил машинада келиб-кетяпти. Сурхондарёга олиб келинаётган 125 та автобусни биринчи навбатда ушбу йўналишларга қўйиш топширилди.

Йил охиригача Музработдаги 56 минг аҳолига илк бор марказлашган ичимлик суви етказиб бериш лойиҳаси якунига етказилади.

Музработ, Олтинсой, Ангор, Қизириқ ва Бойсун марказларига канализация олиб бориш лойиҳаси бошланади.

“Мустақилликнинг 25 йиллиги” йирик газни қайта ишлаш мажмуасидаги технологик мураккаб масалага ҳамкорлар билан илмий ечим топилгани қайд этилди.

“Биз аварияни ҳам тўхтатамиз, Сурхондарё иқтисодиётига катта туртки берадиган лойиҳани ҳам бошлаймиз”,– деди Президентимиз.

Сурхондарёнинг туризм салоҳиятини ишга солиб, йилига 1 миллиард долларлик тушум қилса бўлади.

Вилоятда Ал-Ҳаким ат-Термизий, Султон Саодат, Кокилдор ота, Қирқ қиз сингари 150 дан зиёд маданий мерос объекти жойлашган. Ҳисор, Бойсунтоғ, Кўҳитанг, Боботоғда альпинизм, треккинг, экотуризм учун жуда катта имконият бор.

Йигирма олти асрлик тарихга эга Эски Термиз ёдгорлиги тўлиқ ўрганилмаган. Буддизм маданиятига оид Фаёзтепа, Қоратепа, Далварзин, Зурмала каби ёдгорликларнинг туризм салоҳиятидан фойдаланиб, Япония, Корея, Хитой, Таиланддан йилига 500 минг сайёҳ жалб қилиш мумкин.

Мутасаддиларга Япония турагентлари билан туризм маршрути ишлаб чиқиб, музей, ўзбек-япон ошхонаси ва Япон боғи ташкил қилиш бўйича лойиҳаларни бошлаш топширилди.

Полвонлар юрти Сурхондарёда 8 мингдан ортиқ ёшлар кураш билан доимий равишда шуғулланади. Жорий йилда Деновдаги «Замондош» оромгоҳи негизида курашчилар учун замонавий ўқув-машғулот базасини қуриб бериш топширилди.

Бойсундаги мактаб-интернатда кураш билан шуғулланаётган ёшлар учун шу ернинг ўзида таълим олиш имкониятини яратиш кераклиги қайд этилди. Янги ўқув йилидан ушбу мактаб-интернатда спорт билан бирга мактаб дарслари ҳам йўлга қўйилади.

Давлатимиз раҳбари кеча Жарқўрғонда ёшларни хорижий тил ва АТ курсларига ўқитаётган хусусий ўқув маркази фаолияти билан танишди.

Биргина мана шу ўқув маркази 8 мингдан зиёд ёшларни ўқитган. Мамлакатимиз аҳолисининг 60 фоизини ёшлар ташкил қилишини инобатга олсак, бу каби ўқув муассасаларини янада кўпайтириш кераклиги қайд этилди.

Бундай марказларни кўпайтириш учун жойи, кредитига кўмаклашиш, уларнинг манфаатини ҳимоя қилиш, замонавий стандартларни жорий этиш зарур.

Шу мақсадда Ўқув марказлари уюшмаси ташкил қилинади. Бу йил уюшмага 100 миллион доллар маблағ жалб қилинади. Ушбу маблағлар ўқув маркази ташкил қилмоқчи бўлган тадбиркорларга арзон кредит, субсидия, жой ижарасининг компенсацияси учун йўналтирилади.

Йиғилишда вилоят фаоллари, ёшлар ва нуронийлар билан мулоқот қилинди, ҳокимлар ва мутасаддиларнинг ҳисоботлари тингланди.

#Шавкат Мирзиёев  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР