Валюта курслари 20/06/2025
$1 – 12559.26
UZS – -0.47%
€1 – 14413.01
UZS – -0.71%
₽1 – 160.17
UZS – -0.41%
Қидириш
Ўзбекистон 20/06/2025 Мирзиёев: "Қашқадарёда амалга оширилаётган лойиҳалар бутун мамлакат учун ислоҳотлар намунасига айланмоқда"

Мирзиёев: "Қашқадарёда амалга оширилаётган лойиҳалар бутун мамлакат учун ислоҳотлар намунасига айланмоқда"

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев раислигида Қашқадарё вилоятини комплекс ривожлантиришнинг устувор вазифаларига бағишланган йиғилиш бўлиб ўтди.

"Вилоятдаги ўзгаришларни кўриб, одамлар билан гаплашиб, ислоҳотларимиз уларнинг ҳаётига шиддат билан кириб бораётганига яна бир бор амин бўлдим. Олдинлари битта вилоятдаги ўзгаришлар билан танишишга бир кун етарди. Шу кунларга етиб келдик, ҳозир битта туманга бир ҳафта ҳам кам", - деди давлатимиз раҳбари.

Саккиз йил аввал вилоят саноатининг ярмидан кўпи нефть-газ ва кимё тармоғи корхоналарига тўғри келгани, ўтган даврда электротехника, қурилиш материаллари, тўқимачилик, мебелчилик соҳаларида катта сакраш бўлиб, ҳозирда бу тармоқларнинг саноатдаги улуши 54 фоизни ташкил этаётгани таъкидланди.

Лекин қилинган ишлар билан чекланмасдан, янада юқори суръат билан ишлаш лозимлиги кўрсатиб ўтилди.

Президентимиз жорий ҳафта бошида ҳокимларга юқоридан топшириқ кутмасдан, ўзи ташаббус қилиб, проактив ишлашга ўтиш бўйича аниқ вазифаларни белгилаб берганини эслатди. Қашқадарёда ҳали ишга солинмаган камида 15 миллиард долларлик салоҳият бор. Бу имкониятларнинг камида учдан бири лойиҳага айлантирилса, вилоятнинг ялпи ҳудудий маҳсулотини келгуси беш йилда бемалол 10 миллиард доллардан ошириш мумкинлиги таъкидланди.

Шу муносабат билан Қашқадарёда вилоят "Ислоҳотлар штаби" тузилиши белгиланди.

Давлатимиз раҳбари кеча турли объектларга ташрифдан олган таассуротлари билан бўлишди.

Масалан, уч йил олдин Чироқчидан ажралиб чиққан Кўкдала тумани. Ўтган даврда бу ерда 120 километр сув, 210 километр электр тармоғи қурилди, 605 километр тупроқ йўллар таъмирланди, 19 та мактаб, 22 та боғча, 5 та оилавий поликлиника ишга тушди. Ишлаб чиқариш корхоналари 3 карра ошиб, 220 тага етди.

Қисқа даврда Миракининг ўзида 180 миллион долларлик 200 дан ортиқ лойиҳа ишга тушди, 2 минг иш ўрни яратилди. Яна 150 миллион долларлик лойиҳаларда ишлар кетаяпти.

Яккабоғ туман марказида 1 минг 400 хонадонли 54 та кўп қаватли уйлар, “Эко бозор”, замонавий савдо ва кўнгилочар маркази барпо бўлди.

“Тўғриси бу менга жуда маъқул бўлди. Мана туман маркази қандай бўлиши керак! Бундай лойиҳаларни ҳар бир туман, ҳар бир маҳаллада қилсак, ўша ҳудудга маданият киради, ислоҳотларимиз жойларгача етиб борганининг яққол натижаси бўлади”, - деди давлатимиз раҳбари.

Шаҳрисабз шаҳрида 10 миллион долларлик кўп тармоқли замонавий клиника ишга туширилди. Ҳар бир ҳудудда камида 1 тадан мана шундай хусусий клиника очилишига кўмаклашиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди. Бунинг учун давлат 140 миллион доллар ресурс ажратишга тайёр.

“Қисқа қилиб айтганда, Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдалада ишга тушган янги лойиҳалар “Ислоҳотлар штаби”га тайёр андоза. Республикадаги барча туман ҳокимлари Шаҳрисабз, Яккабоғ ва Кўкдалани келиб кўрсин, ўргансин, ўзида ҳам мана шундай янги-янги лойиҳаларни қилсин”, - деди Президент.

Йиғилишда вилоятнинг ишга солинмаган энг катта захираси, бу – унинг суғориладиган, яйлов ва ўрмон ерлари экани таъкидланди.

Мисол учун, Қашқадарёдаги суғориладиган қишлоқ ерлари 515 минг гектарни, томорқа ва боғдорчилик ерлари 45 минг гектарни ташкил қилиб, республикада биринчи ўринда. Ёки, вилоятда 1,3 миллион гектар яйлов ва ўрмон ерлари мавжуд. Бунча ер билан бутун республиканинг гўштга эҳтиёжини бемалол қопласа бўлади.

Ўтган йили вилоят қишлоқ хўжалигида 43 триллион сўмлик маҳсулот яратилди.

"Агар илм билан ресурс ва салоҳият тўлиқ ишга солинса, кўчати, уруғи, экин экишга янги агротехнологиялар жорий қилинса, сув ва энергия тежамкор технологиялар кенг қўлланилса, бу рақамни беш йилда бемалол 100 триллион сўмга олиб чиқиш мумкин", - деди Президент.

Вилоятдаги 1,3 миллион гектар яйлов ва ўрмонлардан самарали фойдаланиш, уларга инвестициялар жалб қилиб, ерларни айланмага киритиш ва лойиҳа қилиш учун алоҳида компания ташкил қилиниб, унга акциядорлик жамияти мақоми берилади.

Унга дастлабки босқичда 100 миллион доллар берилади. Компаниянинг ўзи ҳам 500 миллион доллар инвестиция олиб келади. Бу маблағлар ҳисобига компания икки йилда вилоятдаги камида 200 минг гектар яйлов ва ўрмон ерларига сув чиқариб, лазерли текислаб, сув тежовчи технологиялар жорий қилади.

Миракида 520 гектар қир-адирда янги терраса усулида ташкил қилинган, 4-5 ойда мева берадиган узум, гилос ва олма боғлари компанияга методик база бўлади.

Қашқадарёда чорвачиликни комплекс ривожлантириш дастури бошланади.

Чорвачилик учун Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан 12 ойгача 14 фоизли кредитлар ажратилади. Бу орқали вилоятдаги 127 та чорвадор тўлиқ қувватга чиқади.

Ери ҳам, фермаси ҳам мавжуд бўлган 630 та чорвадорга мол сонини 12 минг бошга кўпайтириши учун арзон ресурслар ажратилади.

Мутасаддиларга халқаро молия институтларидан жалб қилинган 150 миллион доллар ҳисобидан ушбу лойиҳаларни молиялаштиришни бошлаш топширилди.

Йил бошидан вилоятда мева-сабзавот экспорти 2 карра ошиб, 62 миллион долларга етди.

Кўкдаладаги 6 минг гектар лалми ерда тарвуз, вилоятнинг 13 та туманидаги 6 минг гектар экин ерларида помидор етиштиришни йўлга қўйиш орқали тарвузнинг йиллик экспортини 30 миллион долларга, помидорни эса 5 миллион долларга етказиш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Помидор, бодринг ва бошқа сабзавот уруғларининг импорти катталиги, маҳаллий шароитга мос, унумдор ва касалликка чидамли навлар йўқлиги қайд этилди. Шу муносабат билан Жанубий деҳқончилик илмий-тадқиқот институти Мексикадаги халқаро ғалла ва маккажўхори маркази (CYMMIT) билан ҳамкорлик ўрнатиб, 500 турдаги янги нав олиб келгани маъқулланди.

CYMMIT вакиллари Қашқадарёда ғалла ва озуқа экинлари бўйича марказ очмоқчи. Энг муҳими, мексикалик ҳамкорлар ўзининг тезкор нав яратиш технологиясини олиб келаяпти. Ушбу марказ фаолиятини ривожлантиришга 3 миллион доллар йўналтириш топширилди.

Бундан ташқари, картошкачиликни ривожлантириш мақсадида Қишлоқ хўжалиги жамғармасидан картошка етиштириш харажатининг ярми учун 10 фоиздан 12 ой муддатга имтиёзли кредит ажратилади. Картошкачилик техникалари импорт божидан озод этилади, юқори авлодли уруғ харид қилишда ҚҚСнинг 50 фоизи қайтариб берилади.

Бу йил Қашқадарёда 470 минг одамни банд қилиш, 150 минг аҳолини камбағалликдан чиқариш, Китоб тумани, Қарши ва Шаҳрисабз шаҳарларини “ишсизлик ва камбағалликдан ҳоли ҳудуд”га айлантириш мўлжалланган.

Президентимиз бандликда ишга солинмаган имкониятларни кўрсатиб берди.

Масалан, Шаҳрисабз тумани Ҳисорак-Ғелон йўли бўйидаги 16 гектар, Қамашида 65 гектар, Ғузорда 42 гектар ерларни туризм масканига айлантириш мумкинлиги таъкидланди. Шу каби, Қашқадарёнинг Чироқчидан ўтган 103 гектар қирғоғида сайёҳлар учун дам олиш масканларини ташкил қилиш мумкин.

Кўкдаладаги Чиял деҳқон бозори ҳудудида 50 га яқин тадбиркорлар Чиял яхнасини тайёрлаб, сотади. Бу 100 йиллик анъанага айланган. Ҳозир бозор фақат якшанба куни ишлаяпти. Агар шароитни яхшилаб, меҳмонхона ва автотураргоҳ қурилса, кўп йиллик тарихга эга бу жой кунлик режимга ўтиб, ойига 100 минг одамга хизмат қила олади.

Шаҳрисабз шаҳри маҳаллаларида 100 дан ортиқ аҳоли уй шароитида темирчилик билан шуғулланади. Уларга қулай бўлиши учун Шаҳрисабз шаҳри Қорасув маҳалласидаги 4,5 гектар бўш ерда темирчилик микро-марказини ташкил қилиш топширилди. Бундай микро-марказлар Қарши шаҳри, Деҳқонобод, Касби, Китоб, Косон ва Чироқчида ҳам ташкил қилинади.

Хорижда меҳнат қилаётган қашқадарёликлар юқори даромадли ишлар билан банд бўлиши учун Қарши давлат университетида камида 100 нафар ўқитувчини немис, япон, корейс тили бўйича малакасини ошириш, камида 10 минг одамни хорижий тилга ўқитиш, хорижда кам даромад топаётган фуқароларимизни ўзимизда ишли қилиш муҳимлиги қайд этилди.

Жорий йилда Қашқадарёга 3,5 миллиард доллар инвестиция жалб қилиш режалаштирилган.

Ўтган беш ойда Косон, Китоб ва Чироқчида инвестиция қарийб 2 карра ошгани таъкидланди.

Шу билан бирга, вилоятдаги 12 та конга саноат кириб бормаган. Ҳозирда қурилиш материаллари соҳасида 150 миллион долларлик 16 та лойиҳа тайёрланган. Мутасаддиларга тегишли конларни аукционга чиқариш топширилди.

Китобдаги 100 гектар майдонда 20 тонна олтин захираси аниқланган. Табиатга зарар етказмасдан ёпиқ усулда олтинни қазиб олишга 100-150 миллион доллар пул тикаман, деган талабгорлар кўп. Ушбу конни ҳам аукционга чиқариш зарурлиги қайд этилди.

Китобдаги яна 5 та истиқболли майдонда 39 тонна олтин, Чироқчида 10 минг тонна ноёб металлар ресурси аниқланган. Бу майдонларда геология ишларини бошлаш топширилди.

Муборакдаги Газни қайта ишлаш заводи атрофидаги тайёр инфратузилмаси бор, темир йўл ўтган 200 гектар майдонда инновацион саноат зонаси ташкил этилади.

Ушбу саноат зонасида кластер тизими асосида нефть-кимё, электротехника, робототехника ва қурилиш материаллари бўйича 5 та йирик лойиҳани бошлаш вазифаси қўйилди.

Вилоят пахта етиштириш бўйича етакчи бўлсада, тўқимачилик саноатидаги улуши 10 фоизга ҳам етмайди. Ҳозирда 100 минг тонна ип-калаванинг атиги 28 фоизи қайта ишланади.

Шу мақсадда Косондаги 40 гектарда ташкил этилган янги технопаркда 200 миллион долларлик 12 та лойиҳа қилиш режалаштирилган. Лекин сув тозалаш иншооти ва канализация йўқлиги учун ишлар тўхтаб қолган. Мутасаддиларга технопарк инфратузилмаси учун маблағ ажратиш топширилди.

Умуман, 400 миллион долларлик 35 та лойиҳани бошлаб, бу йил ип-калавани қайта ишлашни 51 фоизга, келгуси йили 100 фоизга етказиш вазифаси қўйилди.

Йиғилишда йўл ва инфратузилма масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

“Ғузор – Бухоро – Нукус – Бейнеу” йўлининг вилоятдан ўтган 100 километрини реконструкция қилиш ҳисобига ҳудуднинг транзит салоҳиятини 3 карра ошириш мумкин. Бу лойиҳага Қарши шаҳридаги янги айланма йўлнинг қолган 13 километри ҳам қўшилса, аҳоли эътирозига сабаб бўлаётган тирбандлик масаласи ҳал бўлади. Мутасаддиларга бу борада келгуси йилдан амалий ишларни бошлаш топширилди.

Шунингдек, “Қарши – Шаҳрисабз – Китоб” магистрал йўлининг 106 километрида реконструкцияни бошлаб, 4 тасмагача кенгайтириш, Қамаши ва Яккабоғ марказидан айланиб ўтадиган 34 километрли янги йўл қурилишини ҳам бошлаш вазифаси қўйилди.

Ушбу 106 километр йўлнинг икки томонига камида 1 миллионта дарахт экиб, “яшил белбоғ” барпо этиш зарурлиги қайд этилди.

“Тошкент-Термиз” йўлининг Қашқадарё ҳудудидан ўтган 60 километри ҳам 4 тасмали қилиниб, цемент-бетон қопламага ўтказилади. Жорий йилда бу йўлнинг 20 километрини қуриб битказиш топширилди.

Қашқадарёда 3 минг километр тупроқ қопламали йўл бор. Мутасаддилар олдига бу йўлларни тўлиқ шағал қопламага ўтказишни бошлаш вазифаси қўйилди. Вилоятдаги 9 та кўприкни тўлиқ таъмирлашга топшириқ берилди.

Сўнгги 8 йилда ажратилган 1,7 триллион сўм ҳисобидан вилоятда марказлашган сув таъминоти 32 фоиздан 61 фоизга чиқди. Лекин, бу республикада энг паст кўрсаткич экани кўрсатиб ўтилди.

Вилоятда сув ва канализацияни яхшилашга бу йил 800 миллиард сўм ажратилган. Мутасаддиларга бунинг ҳисобига 183 километр сув ва канализация тармоғи, 8 та сув иншооти қурилишини якунлаш топширилди.

Қарши шаҳри канализация тизимини яхшилаш ишларини ҳам шу ойда бошлаш шартлиги қайд этилди. Бунга халқаро молия институтидан 60 миллион доллар жалб қилинган.

Қарши шаҳрида сув таъминоти 97 фоиз бўлсада, сув олиб борадиган 110 километрли магистрал қувурнинг ярмидан кўпи эскирган, сув йўқотиш юқори.

“Шу боис, қанчалик қийин бўлмасин, Ҳисорак сув омборидан Қарши шаҳригача ичимлик суви тармоғи тортишимиз керак”, – деди Президент.

Мутасаддиларга ушбу лойиҳани амалга ошириш бўйича таклиф киритиш топширилди.

Ҳозирнинг ўзида вилоятдаги 20 минг оилада уй-жойга эҳтиёж бор.

Шу муносабат билан жорий йилда 7 минг 700 та хонадон қурилишини якунлаш, аҳоли зич бўлган Шаҳрисабз ва Қарши шаҳри, Китоб, Косон, Чироқчи, Яккабоғда яна 5 минг хонадонли уйлар қуришни бошлаш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.

Хонадонлар энергия самарадор тизимга ўтиши учун Кўкдала ва Нишон туманлари, Қарши шаҳридаги ижтимоий объектлар ва хонадонларга қуёш панели, гелиоколлектор ўрнатишига кўмаклашиш топширилди.

Вилоят бошқармалари ва туман бўлимлари эса йил якунигача биносига камида 20 киловаттли қуёш панеллари ўрнатиши белгиланди.

Ўтган беш ойда Қашқадарёдаги 551 та маҳаллада бирорта ҳам жиноят содир этилмади.

Шу билан бирга, содир этилаётган ҳар учта жиноятдан биттаси вилоят марказидан узоқда жойлашган, туристлар кўп ташриф буюрадиган Шаҳрисабз, Китоб, Чироқчи, Яккабоғ туманлари ва Шаҳрисабз шаҳрига тўғри келаётгани қайд этилди.

Масъулларга маҳаллаларда криминоген вазиятни яхшилашга қаратилган “ички ишлар органлари минтақавий бошқарув тизимини” жорий этиш топширилди.

Бунда вилоят ички ишлар бошқармасининг хавфсиз туризм бўйича тизими Шаҳрисабз шаҳрида жойлашади ва ушбу 5 та туманда жиноятчиликни жиловлашга масъул бўлади.

Ҳозирда Қашқадарёда 5,5 минг ишсиз ёшлар бор. Яна 36,5 минг битирувчи меҳнат бозорига кириб келаяпти.

Ёшларни “Ёшлар бизнеси” дастури, 13 минг нафар олийгоҳ битирувчисини “Келажакка қадам” дастурига қамраб олиб, уларнинг тадбиркорлиги ва бандлигига кўмаклашиш топширилди. Яна 5 минг ёшлар қишлоқ хўжалигида даромадли бўлади.

“Сўнгги йилларда коррупцияга қарши курашиш бўйича қилаётган ислоҳотларимиз ўз самарасини бераяпти”, – деди Президент.

Биргина мисол, Қашқадарёдаги 34 та соғлиқни сақлаш муассасасида пуллик хизматни рақамлаштириш ҳисобига тушум 15 миллиард сўмга ошди.

Мутасаддиларга бир ойда коррупциявий ҳолатлар салмоғи катта бўлган таълим, бандлик, қурилиш соҳаларида, Қарши шаҳри, Косон ва Қарши туманида ушбу тажрибани оммалаштириш, вилоятни “коррупциядан ҳоли” қилиш бўйича тизимли ишлаш топширилди.

Деҳқон бозорларида нарх-навонинг барқарорлигини таъминлаш бўйича Қашқадарёда янги тизим қилинади.

Мутасаддиларга барча деҳқон бозорлари фаолиятини рақамлаштириш топширилди.

"Кўриб турганингиздек, Қашқадарёда амалга оширишни режалаштирган ишларимиз кўлами кенг. Лекин бугунги шиддатли ўзгаришлар замони биздан янада кўпроқ изланишни тақозо этаяпти.

Белни маҳкам боғлаб ишга киришсак, биз ололмайдиган марра, биз забт эта олмайдиган довоннинг ўзи йўқ.

Амир Темурдек буюк аждодимиздан жасорат, матонат, бағрикенглик каби фазилатларни мерос қилиб олган меҳнатсевар, самимий ва олийжаноб Қашқадарё аҳли билан олдимизга қўйган катта-катта марраларга албатта эришамиз. Аминманки, қашқадарёликлар барча ислоҳотларимизнинг олдинги сафида бўлади", – деди давлатимиз раҳбари сўзининг якунида.

Йиғилишда вилоят ва республика мутасаддиларининг ҳисоботлари, тадбиркор ва фаолларнинг таклифлари тингланди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР