Мирзиёев Ўзбекистонда электромобилларни ривожлантириш учун имтиёзлар ва кредитлар жорий этилишини эълон қилди
Мирзиёев Ўзбекистонда электромобилларни ривожлантириш учун имтиёзлар ва кредитлар жорий этилишини эълон қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев электромобиллардан фойдаланишни рағбатлантиришга қаратилган беш йиллик дастур ишга туширилишини маълум қилди. Бу ҳақда у Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига йўллаган мурожаатномасида айтди.
Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, маҳаллий ишлаб чиқарилган электромобиллар учун автокредитлар 12 фоиз, хорижий электромобиллар учун эса 16 фоиз миқдорида тақдим этилади. Қувватлаш станцияларини ташкил этиш учун тадбиркорларга 10 фоизли имтиёзли кредитлар ажратилади, шунингдек, ер участкаларини аукционлар орқали икки баробар арзон нархда харид қилиш имконияти яратилади.
Электромобилларни қувватлаш станцияларида зарядлаш чоғида электр энергиясининг бир киловатт-соати учун 300 сўмдан ортиқ бўлган нарх фарқи давлат бюджети ҳисобидан қоплаб берилади. Шунингдек, электромобилларда такси хизмати кўрсатувчи фуқаролар ҳам имтиёзларга эга бўлади.
Мирзиёев таъкидлашича, ушбу чора-тадбирлар экологик тоза транспортни ривожлантириш, чиқиндиларни камайтириш ва мамлакат транспорт инфратузилмасини модернизация қилишга хизмат қилади.