Валюта курслари 17/06/2025
$1 – 12715.13
UZS – -0.35%
€1 – 14730.48
UZS – 0.17%
₽1 – 161.75
UZS – 1.04%
Қидириш
Иқтисод 26/05/2025 Мирзиёев: Жойларда ўз вақтида қабул қилинган қарорлар саноат ўсишини 2% га ошириши мумкин

Мирзиёев: Жойларда ўз вақтида қабул қилинган қарорлар саноат ўсишини 2% га ошириши мумкин

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент раислигида видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди.

Давлатимиз раҳбари сўзининг аввалида бугунги таҳликали ва ноаниқликларга тўла шароитда ҳар бир мамлакат, аввало, энг кўп иш ўринлари яратадиган соҳаларни ҳимоялаш чораларини кўраётганини таъкидлади.

Шу муносабат билан ташқи бозордаги тебранишлар шароитида 1 миллионга яқин аҳоли ишлаётган тўқимачилик, қурилиш материаллари, мебелсозликни қўллаб-қувватлаш, иқтисодиётимизнинг яна бир “драйвери” бўлиши кутилаётган заргарлик саноатига янги суръат бағишлаш муҳимлиги қайд этилди.

Ўтган 4 ойда саноат 6,3 фоизга ўсиб, 290 триллион сўмга етди.

“Бу – ҳозирги мураккаб шароитда ўз вақтида кўрилган чоралар натижаси. Лекин 29 та туманда ишлаб чиқариш 4,5 триллион сўмга камайган. Бу кичкина рақамлар эмас”, - деди давлатимиз раҳбари.

Президентимиз таъкидлаганидек, саноат, экспорт ва тушум бўйича “республика – тармоқ – вилоят – туман” вертикал тизимидаги масалалар ўз вақтида ва тўлиқ ҳал қилинганида саноатда яна 2 фоизлик ўсишга эришиш мумкин эди.

Масалан, ўтган 4 ойда Пайариқда саноат қарийб 2 бараварга, Пахтачида 38 фоизга пасайгани оқибатида ишлаб чиқариш 210 миллиард сўмга камайди.

Пойтахт саноатининг учдан бирини берадиган Сергели ва Яшнободда 300 миллиард сўмлик маҳсулот кам ишлаб чиқарилгани боис Тошкент шаҳри саноатида 1,1 фоиз ўсиш бой берилди.

Ўртачирчиқ, Қибрай, Паркент, Оҳангарон туманлари, Ангрен, Бекобод шаҳарларидаги 25 та ҳудудий корхона ўтган йилгидан 1 триллион сўмга кам маҳсулот чиқаргани боис, 30 миллион доллар экспорт йўқотилди.

Ёки январь-март ойларида саноатда ўсиш қилган Қарши, Миришкор, Булунғур, Данғара, Ўзбекистон, Хива туманлари апрелга келиб кўрсаткичларини кескин тушириб юборган.

Шу муносабат билан уч кун муддатда “республика – тармоқ – вилоят – туман” вертикали бўйича ҳар бир масалани тезкор ҳал қилиш учун республикадан аниқ масъулларни белгилаш ва жойларга юбориш топширилди.

Вертикал бўйича қайси бўғинда муаммо ечилмаса, ўша тизим масъулларидан сўров қаттиқ бўлиши ҳақида огоҳлантирилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, биринчи 4 ойда экспорт 20 фоизга ошди. Юқори ўсиш суръатлари асосан кимё, озиқ-овқат, мева-сабзавот, IT, туризм ва транспорт хизматлари ҳисобидан таъминланмоқда.

Лекин тўқимачилик экспорти 825 миллион доллар, яъни ўтган йилгидан 175 миллион долларга кам бўлди.

“Кўпчилик сифатга ишлаётгани билан буни кўрсатиб бера олмаяпти. Биздаги маҳсулотларнинг “номи чиқмагани” учун ташқарида жуда арзон сотилаяпти. Маҳсулот сифатини кўрсатиб, уни қиммат бозорларга олиб чиқадиган энг асосий калит, бу – халқаро сертификатлар”, - деди Президент.

Тўқимачилик соҳасидаги 1,5 мингдан зиёд йирик ва ўрта корхонадан фақат 244 тасида халқаро сертификат бор.

Савдо-саноат палатаси ҳар бир корхонага бориб, сертификат олишга кўмаклашса, қўшилган қийматни ҳам, экспортни ҳам ошириш мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу муносабат билан Қорақалпоғистон, Қашқадарё, Навоий Сирдарё, Сурхондарё, Хоразм вилоятларида халқаро сертификатга эга корхоналарни 20 тага етказиш, қолган ҳудудларда яна 10 тадан корхонага сертификат олишга кўмаклашиш вазифаси қўйилди.

Миллий брендларни кўпайтириш, мавжудларини халқаро даражага олиб чиқиш бўйича ҳам янги тизим жорий қилиниши белгиланди.

Миллий брендларни қўллаб-қувватлаш компанияси ташкил қилинади. Ушбу компания:

- хориждан бренд-менежер, дизайнер, маркетолог, пиар-менежерларни олиб келади;

- халқаро сертификати бор, сифати юқори ва ташқи бозорда рақобатбардош бўлган камида 50 та миллий маҳсулотни танлаб олади;

- уларга сифат белгисини бериб, брендини дунёга танитиш учун катта тарғибот кампаниясини бошлайди.

Бугунги кунда мамлакатимизда тайёр кийим кечак, чарм-атторлик маҳсулотлари ва пойабзал ишлаб чиқарадиган 4 мингдан зиёд корхона бор.

Лекин уларни аҳолига танитиб, кенг танлов имконини берадиган, миллий маҳсулотлар бир жойда сотиладиган савдо марказлари йўқлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, фақат миллий маҳсулотлар сотиладиган “Mall of Uzbekistan” йирик савдо марказлари ишга туширилади. Бу ердаги савдо дўконлари тадбиркорларга минимал нархда ижарага берилади.

Ишчиларининг 15 фоизи эҳтиёжманд оиладан бўлган тўқимачилик ва чарм-пойабзал корхоналарига фойда солиғи 2 фоиз, ижтимоий солиқ 1 фоиз этиб белгиланган.

Эндиликда тўқимачилик ва чарм корхоналарига эҳтиёжманд одамларни ишга олиш бўйича 15 фоизли меъёр 2 баробар камайтирилади. Бундан буён имтиёз олиш учун корхонада эҳтиёжманд одамлар билан бирга ногиронлиги бор ишчилар ҳам ҳисобга олинади.

Ўтган йилнинг ўзида мебелсозлик йўналишида 920 та янги корхона иш бошлади. Соҳада 6 триллион 700 миллиард сўмлик маҳсулот ишлаб чиқарилди.

Буни каррасига ошириш учун қатор масалаларни ҳал қилиш зарур. Масалан, мебель маҳсулотларининг 25-30 фоизи хонадонларда тайёрланаяпти. Уйдаги ишлаб чиқаришдан саноат босқичига ўтишга интилаётган мебелсозлар кўп.

Шу боис, якка тартибдаги тадбиркорларга 5 нафаргача ишчи олиб, мебель ишлаб чиқаришга рухсат берилади. Ушбу фаолиятни бошлаш, кенгайиш истагида юрган ёш тадбиркорларга 7 йилга 5 миллиард сўмгача 18 фоизли кредит ажратилади.

Олтинкўл ва Хонқадаги “Мебелчилик маркази”да 100 дан зиёд корхона замонавий ускуналар ўрнатиб, мебель ишлаб чиқармоқда. Олдин уйидаги тор жойда мебель ясаган тадбиркорлар ҳозир яхлит комплексга жойлашиб, кластер тизимида ишлаяпти.

Шароф Рашидов, Янги Наманган, Пастдарғом, Ўртачирчиқ, Қува, Бувайда, Юнусобод ва Учтепада ҳам Хонқа тажрибаси асосида мебелчилик марказларини ишга тушириш топширилди.

Мебель таннархида импорт хомашё улуши 50-60 фоизни ташкил қилмоқда. Ишлаб чиқарувчилар таннархни пасайтириш учун фурнитура, аксессуар, бўёқ, клей, ДСП каби хомашёга божни камайтиришни сўраган.

“Миллий маҳсулотларимиз рақобатбардош бўлиши учун бунга розилик бераман”, - деди Президент.

Мутасаддиларга 14 турдаги хомашё, фурнитура, аксессуар учун 3 йил муддатга импорт божини 1 фоиз этиб белгилаш бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Мебель учун ёғоч ва ёғоч материалларини марказлашган ҳолда олиб келиш йўлга қўйилади.

Ўтган йили мебель экспорти 20 миллион долларга етди. Сифат, дизайн ва брендга эътибор қаратилса, мавжуд қувватларнинг ўзида экспорт ҳозиргидан 10 карра ошиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, мебелчиларга халқаро сертификат олиш харажати ҳамда хориждан жалб қилинган дизайнер, маркетолог, инженер-технологлар иш ҳақининг ярми қоплаб берилади.

Халқаро кўргазмаларда ижара пули компенсация қилинадиган майдон ҳозирги 20 квадратдан 40 квадрат метрга оширилади.

Мутасаддиларга малакали мутахассисларни жалб қилиб, йилига 1 минг нафар мебель усталарини замонавий кўникмаларга ўқитишни йўлга қўйиш топширилди.

Ўтган йили мебель экспорти 20 миллион долларга етди. Сифат, дизайн ва брендга эътибор қаратилса, мавжуд қувватларнинг ўзида экспорт ҳозиргидан 10 карра ошиши мумкинлиги кўрсатиб ўтилди.

Шу боис, мебелчиларга халқаро сертификат олиш харажати ҳамда хориждан жалб қилинган дизайнер, маркетолог, инженер-технологлар иш ҳақининг ярми қоплаб берилади.

Халқаро кўргазмаларда ижара пули компенсация қилинадиган майдон ҳозирги 20 квадратдан 40 квадрат метрга оширилади.

Мутасаддиларга малакали мутахассисларни жалб қилиб, йилига 1 минг нафар мебель усталарини замонавий кўникмаларга ўқитишни йўлга қўйиш топширилди.

Эндиликда заргарлар ҳам якка тадбиркор сифатида тилла буюмлари савдоси билан шуғулланиши мумкин бўлади.

Мутасаддиларга жойлардаги норасмий заргарлик расталарини замонавий кўринишга келтириб, уларнинг фаолиятини қонунийлаштириш топширилди.

Четдан мутахассис олиб келиш харажатининг 2,5 минг долларгача қисми камида 5 нафар шогирд чиқариш шарти билан қоплаб берилади.

Умуман, заргарликда ҳам саноат усулига ўтиб, ички бозорни ҳимоя қилиш ва миллий брендларни қўллаб-қувватлаш вақти келгани қайд этилди.

Бунинг учун заргарлик саноатида ишлатиладиган ускуналар ва уларни бутловчи қисмлари импорт божидан озод қилинади.

Навоий ва Олмалиқ комбинатларидан олтинни бўлиб тўлаш асосида сотиб олиш тартиби яна 3 йилга узайтирилади.

Нуфузли брендлар билан ҳамкорликни йўлга қўйиб, уларнинг дизайни ва қолипини олиб келиш харажатининг 30 минг долларгача қисми қоплаб берилади.

Хорижий тажриба асосида Яккасарой тумани, Андижон ва Хивада ишлаб чиқарувчиларга ҳам, инвесторларга ҳам жозибадор заргарлик марказлари очилди.

Бундай марказлар бутун республика бўйича барпо қилиниши белгиланди.

Мутасаддиларга жорий йилнинг ўзида хомашё, лаборатория, ўқув маркази, шоу-рум ва дўконлари бир жойда бўлган яна 6 та марказни ишга тушириш, хорижий дизайнер ва технологларни жалб қилиб, заргарларни ўқитиш топширилди.

“Ҳамма эшитиб олсин. Заргарларнинг хомашё билан боғлиқ бирорта муаммоси бўлмаслиги керак”, - деди Президент.

Шу мақсадда бу йил биржага чиқариладиган олтин ҳажми 6 тоннадан 8 тоннага оширилади.

Янги заргарлик марказлари ишга тушган Тошкент шаҳри, Андижон ва Хоразмда, бу йил бундай марказлар очилиши режа қилинган Бухоро, Наманган, Самарқанд ва Фарғона вилоятларида ҳамда қолган ҳудудларда эҳтиёждан келиб чиқиб олтин захираси яратилади.

“Очиқ айтиш керак, тартиб-интизом, шаффоф тизим бўлмаган соҳада “катта сакраш” қилиб бўлмайди. Шунча шароитдан кейин ҳам “соя”да ишлаётганларга нисбатан қонун устуворлиги таъминланади”,

- деди Президент.

Асиллик инспекцияси Солиқ қўмитаси ва Бош прокуратура билан биргаликда заргарлик соҳасида қатъий назорат ўрнатиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Тадбиркорлар заргарлик буюмини Асиллик инспекциясидан тамғалатиб, кирим қилишига бир ой вақт берилиши белгиланди.

Умуман, мутасаддиларга соҳани чуқур таҳлил қилиб, “хомашё – ишлаб чиқариш – савдо” занжиридаги барча иштирокчиларни “соя”дан чиқиб ишлашини рағбатлантирадиган тизим ишлаб чиқиш топширилди.

Аҳоли сони ўсиши, урбанизация жараёни қурилиш материалларига бўлган талабни оширмоқда.

Йил бошидан пудрат ишлари 10,3 фоизга ўсди. Лекин омборларда катта ҳажмда керамик плита, гипсокартон, ойна, базальт момиғи йиғилиб қолган. Ваҳоланки, йилига 225 миллион долларлик худди шундай товарлар импорт бўлмоқда.

Эндиликда девелоперларга айланма маблағ учун кредит ажратишда маҳаллий қурилиш материалига устуворлик берадиган тизим жорий қилинади.

Ўтган йили Қурилиш инспекцияси ўтказган ўрганишларда 1 минг 600 та ҳолатда сифатсиз қурилиш материаллари ишлатилгани аниқланган.

Шу муносабат билан “Шаффоф қурилиш” платформасида қурилиш материаллари корхоналари ва уларнинг маҳсулотлари реестри шакллантирилади. Маҳсулотлар сифати рейтинги юритилади ва ҳар чоракда янгилаб борилади.

Қурилишда янги турдаги, энергия тежамкор материаллар пайдо бўлмоқда. Лекин кўплаб маҳсулотларнинг стандарти йўқлиги, борлари ҳам халқаро талабларга мос эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга йил якунигача 68 та халқаро стандартни қабул қилиш топширилди.

Йиғилиш давомида соҳа ва ҳудуд раҳбарларининг ахбороти, тадбиркорларнинг таклифлари тингланди.

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг