Валюта курслари 14/10/2025
$1 – 12149.55
UZS – 0.07%
€1 – 14087.40
UZS – 0.24%
₽1 – 150.44
UZS – 0.69%
Қидириш
Мирзиёев: “Еттилик” тизими 7,5 миллион фуқарони камбагалликдан чиқаришга ёрдам берди

Мирзиёев: “Еттилик” тизими 7,5 миллион фуқарони камбагалликдан чиқаришга ёрдам берди

Мирзиёев: “Еттилик” тизими 7,5 миллион фуқарони камбагалликдан чиқаришга ёрдам берди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев раислигида маҳалла тизимини янада такомиллаштириш ва жойларда ишларни самарали ташкил этиш масалалари юзасидан видеоселектор йиғилиши бошланди.

Маҳаллада “еттилик” тизими жорий қилиниб, кредит, субсидия, компенсация, моддий ёрдам ажратиш каби 100 дан зиёд хизматлар маҳалла даражасига туширилгани ҳисобига 7,5 миллион фуқаро камбағалликдан чиқди, ишсизлик даражаси 2 баробар қисқарди. Шунингдек, 3,5 минг маҳалла қиёфаси замонавий кўринишга келди.

Маҳалла раисларининг ваколат муддати 3 йилдан 5 йилга узайтирилди. Улар бошчилигида “еттилик” вертикал тизими яратилди, етарли шароит, ресурс ва ваколатлар берилди.

Маҳалладаги ҳар бир имкониятни лойиҳага айлантириб, иш ўрни яратиш учун маҳаллаларга банкир ва солиқчилар боғлаб берилди, инфратузилмага ҳам алоҳида маблағ ажратилмоқда.

Давлатимиз раҳбари булардан самарали фойдаланиб, натижа кўрсатаётган маҳаллалар кўплиги, лекин айримлари ягона жамоа бўлиб ишлаб кетишни ҳалигача ўрганмаганини кўрсатиб ўтди.

“Норин туманидаги Шўрариқ маҳалласига борганим вилоят ҳокимлари, республика, вилоят, туман раҳбарлари, “еттилик”ни кўзини очиб, уларни сифат ва компетенцияни оширишга ундаши керак”, – деди Президент.

Президент маҳаллаларда инфратузилмани яхшилаш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Ўтган ҳафта имзоланган қарорга мувофиқ, Янги Ўзбекистон қиёфаси кириб борадиган 33 та туман ва 330 та оғир маҳалла белгилаб олинди.

Бу туманларнинг ҳар бирига 100 миллиард сўмдан, 330 та маҳалланинг ҳар бирига эса 5 миллиард сўмдан маблағ ажратилади. Жаҳон банки ва Ислом тараққиёт банкидан жалб қилинган 100 миллион доллар ҳам мазкур мақсадларга қаратилади.

Бундан ташқари, ушбу туман ва маҳаллалардаги “драйвер” лойиҳалар инфратузилмаси учун яна 2 триллион сўм берилади.

Умуман, бу дастурни молиялаштириш учун 7 триллион сўмдан зиёд маблағ йўналтирилади.

Вилоят ҳокимларининг ўзи ҳам 2 тадан, туман ҳокимлари эса 1 тадан оғир маҳаллани белгилаб, уларга 5 миллиард сўмдан йўналтириши, яна 236 та маҳалла аҳолиси турмушида кескин ўзгариш қилиши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Бир ой олдин “Ташаббусли бюджет” бўйича янги қарор қабул қилиниб, маҳаллада одамларнинг ўзи фаол бўлиб бошлаган лойиҳаларга кўмак берадиган тизим жорий қилинди. Бунда қайси маҳаллада аҳоли йўл, сув, мактаб, боғчани таъмирлашни бошлаган бўлса, харажатининг ярмини давлат кўтаради. Бу мақсадлар учун келгуси йилда яна 1 мингта лойиҳага 500 миллиард сўм ажратилади.

Президентимиз бу борада яна бир янгиликни эълон қилди. Жорий йилдан бошлаб Солиқ қўмитаси ер ва мол-мулк солиқларини тўланганлик даражасига қараб, “Энг яхши солиқ тўловчи маҳалла” рейтингини эълон қилади.

Бунда 100 таликка кирган маҳаллага “Ташаббусли бюджет”нинг янги тизими бўйича инфратузилма харажатининг 75 фоизи бюджетдан тўлаб берилади. Шунингдек, ушбу маҳаллаларнинг ҳар бирига қўшимча 2 миллиард сўмдан ажратилади.

Қонунчилик палатаси депутатларига ўз округидаги маҳаллалар инфратузилмасини яхшилаш учун ҳар бирига 3 миллиард сўмдан маблағ берилади.

Маҳалла ҳудудида санитария, экология ва ноқонуний қурилиш бўйича жарималарнинг 10 фоизи маҳалла бюджетига йўналтирилади. Маҳаллалар бюджетига 2026 йилдан бошлаб ҳар йили 200 миллиард сўмдан ажратилади.

“Ана шу айтиб ўтган бешта манба ҳисобидан келгуси бир йил учун 2 мингта маҳаллага қўшимча 8,5 триллион сўм маблағ беряпмиз”, – деди Президент.

Туман ҳокимлари берилаётган маблағдан оқилона фойдаланиб, “маҳалла еттилиги” билан янги ёндашувлар асосида ишлаши зарурлиги қайд этилди.

Масалан, Нориндаги Шўрариқ маҳалласи атрофидаги яна 6 та маҳаллага хизмат кўрсатадиган марказга айланмоқда. Бундан руҳланиб, “Замонавий гузар, сервис маркази, боғча, мактаб қураман, ишлаб чиқариш қиламан!”, деб ўнлаб тадбиркорлар ташаббус билан чиқди.

Атрофидаги 6 та маҳалла штатидан тўғри фойдаланиб, тежалган маблағ ҳисобидан архитектор ва урбанист жалб қилингани натижасида ушбу 7 та маҳалла қиёфасини бутунлай ўзгартириш учун имконият пайдо бўляпти.

“Чунки тадбиркорлар ишини бошлаш ва бизнесини кенгайтириш учун, биринчи навбатда, яхши жой сўраяпти. Ҳар бир маҳаллада гавжум кўча борми – бор! Бўш ер ва бинолар борми – бор! Фақат мутахассис билан шу жойнинг лойиҳасини тайёрлаб, инфратузилма қилиб бериш керак!”, - деб вазифа қўйди Президент.

Вилоят, туман ва шаҳар ҳокимларига Ислоҳотлар штаби билан бирга биринчи босқичда 33 та туман ва 330 та маҳаллада ишларни ана шундай ёндашув асосида йўлга қўйиш топширилди.

Йиғилишда маҳаллаларда тадбиркорлик лойиҳаларини кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Яратилган имкониятлар ҳисобига 7 мингта маҳалла мева-сабзавот, гулчилик, асаларичилик, тикувчилик, мебелсозлик, савдо ва сервис каби 15 та йўналишга ихтисослашди. 3 минг 326 та маҳалладаги 50 фоиз хонадон бу тизим билан қамраб олингани учун 1,5 миллион оила даромадли бўлди.

Маҳалла банкирлари, ҳоким ёрдамчилари ҳар бир маҳаллада ўртача 40 тадан микролойиҳа қилиши учун уларга жорий йилда 6,5 триллион сўм ресурс берилди.

Лекин шунча ресурс берилса-да, ҳамма ҳокимлар ва “маҳалла еттилиги” ҳам бир хил ишламаётгани таъкидланди. Ҳудудлардаги 2 минг 356 та маҳаллада эса ҳали ихтисослашув даражаси анча паст. 

Мутасаддиларга барча маҳаллада ихтисослашувни охирига етказиш кераклиги кўрсатиб ўтилди. Бунда маҳаллалар аҳолиси билан учрашиб, уларнинг салоҳиятидан келиб чиқиб, аниқ ихтисослигини белгилаш, камида 200 минг аҳолини банд қиладиган микролойиҳаларни шакллантириш топширилди.

Келаси йилдан мева-сабзавотга ихтисослашган 2 минг 682 та маҳаллага саноат олиб кириш учун имтиёзли ресурслар, аввало, сақлаш, қайта ишлаш ва қадоқлаш лойиҳаларига берилади.

 

Янгиликлар янгиланмоқда

#Шавкат Мирзиёев  
Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР