Валюта курслари 15/01/2026
$1 – 12001.71
UZS – -0.38%
€1 – 13984.39
UZS – -0.56%
₽1 – 152.87
UZS – -0.27%
Қидириш
Мирзиёев элчилар учун янги КПИларни белгилади: экспорт, туризм ва қонуний меҳнат миграцияси

Мирзиёев элчилар учун янги КПИларни белгилади: экспорт, туризм ва қонуний меҳнат миграцияси

Мирзиёев элчилар учун янги КПИларни белгилади: экспорт, туризм ва қонуний меҳнат миграцияси

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев раислигида видеоселектор йиғилиши бошланди.

“Бугун сизлар билан жаҳонда кескин геосиёсий ўзгаришлар бўлаётган, давлатларнинг суверенитетига хавф-хатарлар тобора кучайиб бораётган мураккаб пайтда учрашиб турибмиз.

Бундай шароитда ташқи сиёсат соҳасидаги фаолиятимизни танқидий муҳокама қилиб, Ташқи ишлар вазирлиги ва хориждаги дипломатик ваколатхоналар фаолиятини янгича ташкил қилиш кераклигини даврнинг ўзи тақозо этмоқда”, – деди Президентимиз сўзининг аввалида.

Давлатимиз раҳбари ташқи сиёсат борасида 2025 йил кўп жиҳатдан натижадор бўлганини қайд этди.

Хусусан, ўтган йили 26 та хорижий давлатга олий даражадаги ташрифлар амалга оширилди. Янги тарихимизда илк бор Болгария, Финляндия, Словакия, Сербия, Иордания ва Парагвай раҳбарларининг Ўзбекистонга ташрифлари ташкил этилди.

“Марказий Осиё плюс” форматидаги кўп томонлама мулоқотлар сермаҳсул бўлди.

Сўнгги йилларда 11 та давлат билан стратегик шериклик муносабатлари ўрнатилиб, уларнинг умумий сони 19 тага етди. Қозоғистон, Озарбайжон, Тожикистон билан иттифоқчилик муносабатлари йўлга қўйилди.

“Очиқ, прагматик, пухта ўйланган ва ташаббускор ташқи сиёсатимиз натижасида Ўзбекистон глобал тинчлик ва дипломатия марказларидан бирига айланиб боряпти”, – деди Президентимиз.

Хорижий давлатларда 2017 йилдан буён 16 та янги дипломатик ва консуллик ваколатхонаси очилиб, уларнинг сони 60 тага, дипломатик алоқа ўрнатилган давлатларнинг сони эса 165 тага етди.

Йиғилишда чет элдаги элчихоналар, консуллик муассасалари ва халқаро ташкилотлар ҳузуридаги ваколатхоналар штатлари, улар ва Ташқи ишлар вазирлиги ходимларининг ойлик иш ҳақи кўпайтирилгани қайд этилди.

“Лекин барча дипломатик ваколатхоналаримиз буни тўғри англаб, мавжуд имкониятларни тўлиқ ишга соляптими?

Дипломатик фаолиятни баҳолашнинг битта ўлчови бор, у ҳам бўлса – натижа!

Шу боис, ҳозирги шароитда элчи дегани фақат сиёсий мулоқот юритувчи шахс эмас. Элчи бу – инвестиция ва технологиялар олиб келадиган, янги экспорт бозорларини очадиган, транспорт-логистика йўлакларини ишга соладиган, туристлар оқимини кўпайтирадиган, қонуний меҳнат миграцияси учун шароит яратадиган, энг асосийси, фуқароларимиз ҳуқуқларини ҳимоя қиладиган давлат вакилидир”, – деди Президентимиз.

Эндиликда элчилар фаолият юритаётган давлатдан экспорт тушумлари, туристлар оқими, қонуний иш жойларига фуқароларимизни юбориш улар учун КПИ бўлиши белгиланди.

Президентимиз иқтисодий дипломатияни кучайтириш орқали экспорт ва инвестициялар ҳажмини ошириш зарурлигини таъкидлади.

Зеро, иқтисодий дипломатия – янги иш ўринларини яратиш, аҳоли даромадлари ва турмуш даражасини ошириш орқали инсон қадрини юксалтиришга хизмат қилади. Иқтисодий хавфсизлик эса давлат хавфсизлигининг асосий пойдевори ҳисобланади.

Икки ва кўп томонлама тадбирлар доирасида 2025 йилда умумий қиймати 160 миллиард долларлик инвестиция лойиҳалари ва савдо шартномалари бўйича битимлар имзоланди.

Тарихда биринчи бор ташқи савдо айланмаси 80 миллиард доллардан ошиб, экспорт миқдори 33,5 миллиард долларга етди. Хорижий инвестициялар ҳам кескин кўпайиб, 43 миллиард доллардан ошди.

Эътиборлиси, ўтган йили 75 та давлатга экспорт ҳажми қарийб 4,5 миллиард долларга кўпайган.

Элчилар хорижий инвесторлар ва йирик компаниялар билан бирга ишласа, бу кўрсаткичларни янада ошириш учун имкониятлар кўплиги кўрсатиб ўтилди.

Масалан, ўз ишлаб чиқариши деярли йўқ бўлган, ички бозорни тўлдириш учун 100 миллиард долларлик маҳсулотни четдан солиб олувчи Ироқ мамлакатимиз ишлаб чиқарувчилари учун истиқболли бозор ҳисобланади.

Шу муносабат билан, Ироқдан 150 та йирик компания Ўзбекистонга олиб келингани ижобий баҳоланди.

Улар биздаги корхоналар фаолияти билан яқиндан танишиб, ҳайрон қолганини, олдинлари Ўзбекистон маҳсулотлари тўғрисида деярли тушунчаси бўлмаганини айтяпти. Улар Ироқда корхоналаримизнинг расмий дистрибюторини очиб, Яқин Шарқ бозорларига жадал кириб боришни режа қиляпти.

Натижада шу йилнинг ўзида Ироққа юзлаб миллион долларлик маҳсулотлар етказиб беришга келишилди.

Тегишли давлатлардаги элчиларимиз Ветнам, Баҳрайн, Португалия билан ҳам шу тартибда ишлаб, ҳамкорлар топиши ва бу бозорларга кириш бўйича ишлаши кераклиги қайд этилди.

Ўтган йили Европага экспорт 23 фоизга кўпайиб, 2,3 миллиард долларга етди.

Лекин айрим давлатлардаги элчиларимиз ушбу бозорларда ўзбек маҳсулоти номини танитиш бўйича натижа кўрсата олмаётгани қайд этилди.

Франция кимё саноатимиз учун янги экспорт йўналиши, Фарғона, Навоий, Қашқадарё ва Тошкент вилоятидаги кимё корхоналари учун катта бозор экани кўрсатиб ўтилди.

Ушбу мамлакатдаги ваколатхонамизга Францияда ўғитга бўлган талаблар, уларнинг стандартларини Фарғона, Навоий, Қашқадарё ва Тошкент вилоятидаги кимё корхоналарига етказиш, ушбу корхоналар раҳбарлари ва уларнинг маҳсулотларини олиб бориб, кўргазма ташкил қилиш топширилди.

Умуман, Европанинг қишлоқ хўжалиги ривожланган давлатларига минерал ўғит экспортини ошириш бўйича дастур ишлаб чиқиш вазифаси қўйилди.

Иқлим ўзгариши ва сув тақчиллиги шароитида Испания қишлоқ хўжалигида катта ютуқларга эришаётгани таъкидланди.

Масалан, Алмерия ҳудудида 30 минг гектардан зиёд майдонда яхлит иссиқхоналар комплекси ташкил қилинган бўлиб, биргина солиқ тушумининг ўзи 1,5 миллиард еврога тенг. Энг муҳими, бу иссиқхоналар қуёш энергиясида ишлайди, газдан фойдаланмайди.

Испаниядаги элчига ушбу давлатнинг қишлоқ хўжалигидаги илғор тажриба ва технологияларини Сурхондарё ва Қашқадарёга олиб келиш бўйича дастур қилиш топширилди.

Нидерландия қишлоқ хўжалиги экспорти бўйича дунёдаги ТОП-3 давлатлар қаторига киради.

Иссиқхоначилик йўналишидаги 100 дан ортиқ компанияларни бирлаштирган “World Horti Center” инновация ва билим марказига ҳар йили бутун дунёдан 40 мингдан зиёд мутахассислар келиб малакасини оширади.

Бельгиядаги элчига ушбу марказга камида 100 нафар маҳаллий мутахассисни олиб бориб, иссиқхона соҳасидаги илғор инновация ва тажрибаларни ўрганишни ташкил этиш топширилди.

Ислоҳотлар натижасида сўнгги йилларда йирик тадбиркорлар синфи шаклланди.

Энди бундай тадбиркорларга ўз лойиҳаларини истиқболли мамлакатларда жойлаштиришга кўмаклашиб, бу орқали янги бозорларга жадал кириб бориш вақти келгани таъкидланди.

Масалан, Қатар ўзидаги эркин иқтисодий зоналарда инвесторлар учун жозибадор солиқ имтиёзлари жорий қилган, электр энергияси, сув ва бошқа коммунал хизматлар харажатининг 20-30 фоизига субсидия беряпти.

Агар Қатардаги саноат зоналарида ўзимизни маҳаллий корхоналарни ишлаб чиқаришини ташкил қилсак, ушбу давлат орқали 60 миллион аҳолиси бўлган Кўрфаз араб давлатлари бозорига божсиз кириш имкони яратилади.

Қатардаги элчи ва бошқа мутасаддиларга бу борада маҳаллий корхоналар билан ишлаб, лойиҳаларни бошлаш топширилди.

Жорий йилда Миср тажрибаси асосида Китоб туманида 5 гектардан 100 тонна “супер-супер элита” картошка уруғлиги олинди. Ушбу давлатдаги элчимиз ўтказган музокаралар натижасида мисрлик инвесторлар буни 1 минг гектарга етказишга тайёр.

Миср компанияларидан бири Тупроққалъада 2 минг гектар чўлни фойдаланишга киритиш ва пивот ускуналарини ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш таклифини берган. Яна бир йирик компанияси гепатит «С» вирусига қарши дори воситасини Ўзбекистонда ишлаб чиқаришни йўлга қўйиш ташаббусини билдирган.

Мутасаддиларга ушбу лойиҳаларни бошлаш топширилди.

Умуман, янги экспорт йўналиши сифатида 50 дан ортиқ давлатга эга, иқтисодиёти 3 триллион долларга тенг бўлган Африка қитъаси билан савдо-иқтисодий ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги таъкидланди.

Ташқи ишлар, Инвестиция, саноат ва савдо вазирликлари, Миср ва Қатардаги элчиларга тегишли “йўл харитаси”ни тасдиқлаш топширилди.

Бугунги геосиёсий вазият оқибатида Европага юк ташиш харажати 2 карра ошгани миллий маҳсулотларимиз рақобатдош бўлишига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Бу борада Полша Европа бозорларига кириб бориш учун энг асосий дарвоза ҳисобланиши, ушбу мамлакатдаги элчимиз логистика харажатларини қисқартириш бўйича таклифлар билан чиқиши кераклиги таъкидланди.

Мутасаддиларга полшалик ҳамкасблари билан Брест чегара пунктида Ўзбекистонлик юк ташувчилар учун алоҳида йўлак очиш масаласида келишувга эришиш топширилди.

Бундан ташқари, масъул вазирликларга Ўзбекистон ва Руминия ҳукуматлараро комиссия йиғилишини ўтказиб, иқтисодий муносабатларни кенгайтириш бўйича аниқ келишувларга эришиш топширилди.

Руминиянинг Констанса шаҳрида савдо уйини ташкил этиб, 2026 йилда ушбу давлатга экспортни 2 карра ошириш муҳимлиги таъкидланди.

Жами 90 миллиард доллар тўқимачилик маҳсулотларини импорт қилаётган АҚШ, Туркия, Бирлашган Араб Амирликлари, Хитой, Германия, Саудия Арабистони, Россия ва Полшада Енгил саноатни ривожлантириш агентлигининг ваколатхоналари фаолияти йўлга қўйилади.

Ушбу давлатлардаги элчилар ва ваколатхоналар билан биргаликда камида 15 та хорижий сорсинг компания ва халқаро брендларни Ўзбекистонга олиб келиш, 100 та маҳаллий корхона фаолиятига “Better work”, “BCI”, “Organic” каби дастур ва стандартларни жорий қилиш вазифаси қўйилди.

Вилоятлар ҳокимлари элчилар билан бирга текстиль соҳасидаги йирик 500 та экспортчи корхонанинг маҳсулотлари намуналарини ҳар бир элчихонада жойлаштириши муҳимлиги таъкидланди.

Умуман, элчилар лойиҳа топиш, уни олиб келиб ишга туширишдан манфаат кўриши кераклиги қайд этилди. Бунинг учун лойиҳани якунига етказган элчиларга устама тўлаш амалиёти йўлга қўйилади.

Жорий йилда экспортни 40 миллиард долларга, инвестицияни 50 миллиард долларга етказиш бўйича катта марралар олинган.

Бунинг учун ҳар бир элчи ўзи фаолият юритаётган ҳудуднинг нисбий устунликларини таҳлил қилиб, экспорт, инвестиция, янги технология бўйича аниқ мақсад ва натижага ишлаши шартлиги қайд этилди.

Айрим вазирлар ва тармоқ раҳбарлари четдан грант жалб қилиш бўйича бор имкониятлардан самарали фойдалана олмаётгани қайд этилди. Улар элчилар ёрдамидан фойдаланиб, донор ташкилотлар билан ишни тўғри ташкил қилганида ўтган йили яна камида 200-300 миллион доллар грант жалб қилиш мумкин эди.

Халқаро ташкилотлар ва донор мамлакатлар ҳар йили 200 миллиард долларлик халқаро грантлар эълон қиляпти.

Бу имкониятдан унумли фойдаланиш, грантлар билан ишлаш бўйича янги тизим яратиш вазифаси қўйилди.

Бундан ташқари, АҚШ, Буюк Британия, Германия, Швейтсария, Хитой, Япония ва Цингапурдаги элчилар билан биргаликда ТОП-100 га кирувчи хорижий олийгоҳларни Ўзбекистондаги олийгоҳларга ҳамкор қилиб олиб келиш бўйича аниқ чоралар кўриш топширилди.

Навбатдаги устувор вазифа – фуқароларимизга хорижда юқори даромадли иш ўринларини топиб бериш.

Илгари фуқароларимиз асосан 2-3 та давлатга бориб ишлаган бўлса, ҳозир ташкилий миграция асосида 30 дан ортиқ давлатда меҳнат қилаётгани таъкидланди.

Мисол учун, Германия, Япония, Жанубий Корея компаниялари мутахассисларга талабидан келиб чиқиб, Ўзбекистонда ўқув курсларини ташкил этди.

Япония компанияси қурилиш, ҳайдовчилик, меҳмонхона ва ресторан хизмати йўналишларида “10 минг нафар ўзбек мутахассисини жалб қилиш” лойиҳасини бошлади. Буюк Британияга мавсумий ишчиларни юбориш амалиёти йўлга қўйилган.

Лекин қолган мамлакатлардаги элчилар бундай тажрибани бошқа давлатлар билан йўлга қўйиш бўйича ташаббус кўрсатмаётгани қайд этилди.

Масалан, четдан ишчи кучини фаол жалб этаётган Австрия, Франция, Испания, Италия, Чехия, Саудия Арабистонидаги элчиларнинг мазкур йўналишдаги ишлари қониқарсиз экани кўрсатиб ўтилди.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Швеция, Дания ва Норвегияда 300 минг ишчиларга эҳтиёж бор.

Норвегиялик иш берувчилар бу йилнинг ўзида 3 минг фуқарони ўзлари ўқитиб, уларга Европа стандартлари асосида сертификат беришга тайёр. Ёки Швеция грант ажратиб, ижтимоий ходимларни тайёрлаш ва жорий йилнинг ўзида 500 нафарини ишга олиш таклифини бермоқда.

Мутасаддиларга Швеция, Дания ва Норвегия билан келишувга эришиб, фуқароларимизни юқори даромадли иш ўринларига юбориш муҳимлиги таъкидланди.

Умуман, Швеция ва Латвиядаги элчилар билан биргаликда Нордик давлатлар билан ташқи меҳнат миграцияси борасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш топширилди.

Янгиликлар янгиланмоқда

#Шавкат Мирзиёев  

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР