Мирзиёев Бухоронинг янги маъмурий марказини кўздан кечирди
Мирзиёев Бухоронинг янги маъмурий марказини кўздан кечирди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев Бухоро шаҳрига ташрифи давомида Бухоро вилоятининг янги маъмурий марказида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Мажмуа Қашқадарё вилояти Кўкдала туманида синовдан ўтган бошқарув органларини интеграциялаш тажрибасининг давомидир. У ерда 38 та давлат идораси бир жойда жамланиб, аҳоли учун катта қулайлик яратилган. Авваллари турли юмуш билан олис масофаларни босиб, бошқа туман идораларига қатнаган фуқаролар барча хизматларни ўзига яқин жойда олиш имкониятига эга бўлди.
Президентимиз ўтган йили Кўкдалага ташрифи чоғида бундай ёндашув барча туманлар учун намуна эканини таъкидлаган эди. Ўтган даврда бошқа ҳудудларда ҳам ушбу тажриба асосида бунёдкорлик ишлари бошланган.
Хусусан, Бухородаги маъмурий марказ 14 гектар майдонни эгаллаган бўлиб, биринчи босқичда вилоят ва шаҳар ҳокимликлари, вилоят прокуратура ҳамда ички ишлар бошқармалари каби давлат идоралари бир ҳудудда жамланган. Бу, энг аввало, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органларининг ўзаро мувофиқлашувини яхшилаш, мурожаатлар билан ишлашни тезлаштириш ва давлат хизматлари сифатини оширишга хизмат қилади.
Мажмуа фақат маъмурий бинолардан иборат эмас. Бу ерда фуқароларнинг мазмунли ҳордиқ чиқариши учун хиёбонлар, фавворалар ва яшил ҳудудлар барпо этилмоқда.
Президентимиз вилоят ҳокимлигининг янги биносидаги бунёдкорлик ишлари билан танишди.
Одамларга қулайлик яратиш, фуқаролар турли масалалар юзасидан ҳар хил манзилларга бориб юрмасдан, зарур хизматларни бир ҳудуднинг ўзида олишини таъминлаш мақсадида давлат идораларини ягона маъмурий марказларга бирлаштириш ишларини изчил давом эттириш зарурлиги таъкидланди.
Шу ернинг ўзида давлатимиз раҳбарига ҳудудни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш, аҳолига янада қулай шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган ишлар тақдимот қилинди.
Жумладан, банклар томонидан сунъий интеллектдан фойдаланган ҳолда ҳудуд ва маҳаллалар кесимида таҳлил ўтказилиб, Бухоро тумани мисолида ўсиш нуқталари аниқлангани ҳақида ахборот берилди. Бу таҳлиллар ер, сув, меҳнат ресурслари, бозор талаби, инфратузилма ва мавжуд ишлаб чиқариш қувватларини ўзаро боғлиқ ҳолда баҳолаш имконини берди. Натижада Бухоро туманида агробизнес, туризм, саноат ва йўл бўйи хизматлари энг истиқболли йўналишлар сифатида белгиланган.
Хусусан, 15 минг гектар ерни ўзлаштириш, 500 гектар янги узумзорлар барпо этиш, энотуризмни кенгайтириш, шунингдек, нефть-газ, кимё, қурилиш ва озиқ-овқат тармоқларида янги лойиҳаларни амалга ошириш имкониятлари кўрсатиб ўтилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, 2026–2031 йилларда ушбу йўналишларда 7,4 триллион сўмлик лойиҳаларни амалга ошириш ва 15 мингта янги иш ўрни яратиш мумкин.
Шунингдек, тумандаги 36 та маҳаллани 6 та драйвер йўналиш – узумчилик, мева-сабзавотчилик, чорвачилик, боғдорчилик, туризм ва сервисга ихтисослаштириш мумкинлиги қайд этилди. Лойиҳаларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишни жадаллаштириш мақсадида маҳаллалар учун ресурс базасини шакллантириш, бизнес-режаларни автоматик тайёрлаш, маблағлар ҳаракати ва натижаларни реал вақт режимида назорат қилиш бўйича сунъий интеллект асосидаги ечимлар ишлаб чиқилмоқда.
Президентимиз сунъий интеллект имкониятларидан фойдаланиб, ҳар бир ҳудуднинг салоҳиятини очиш, лойиҳаларни натижага қаратилган ҳолда шакллантириш ва аҳоли бандлиги ҳамда даромадини оширишга хизмат қиладиган ташаббусларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини таъкидлади.
#Шавкат Мирзиёев