МҲТИ SDSN халқаро барқарор ривожланиш тармоғига қўшилди

МҲТИ SDSN халқаро барқарор ривожланиш тармоғига қўшилди

МҲТИ SDSN халқаро барқарор ривожланиш тармоғига қўшилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) Колумбия университети профессори Жеффрей Сачс бошчилигида БМТ билан ҳамкорликда фаолият юритувчи Барқарор ривожланиш ечимлари халқаро тармоғи (Sustainable Development Solutions Network, SDSN) аъзосига айланди.

Мазкур аъзолик Институт учун халқаро экспертлар ва етакчи тадқиқот марказлари билан ҳамкорликни кенгайтириш, қўшма илмий тадқиқотлар ва пилот лойиҳаларни амалга ошириш, шунингдек барқарор ҳудудий ривожланиш бўйича глобал тажрибани Ўзбекистон шароитига мослаштириш бўйича янги имкониятларни очади.

Ушбу ҳамкорликнинг навбатдаги босқичи сифатида мамлакатдаги етакчи олий таълим муассасаларидан бирини фаол жалб этиш режалаштирилмоқда. Бу эса илм-фан, таълим ва амалиёт ўртасидаги узвий боғлиқликни янада мустаҳкамлайди.

МҲТИда ушбу йўналишда тизимли ишлар йўлга қўйилган: Барқарор ривожланиш мақсадларини амалга ошириш бўйича миллий ҳисобот (2020 й., 2023 й.), Глобал барқарор ривожланиш тизимида Ўзбекистоннинг ўрни (2025 й.), Вилоятлар кесимида БРМга эришишни мониторинг қилиш бўйича хорижий тажрибаси (2026 й.) каби тадқиқотлар амалга оширилган.

Аввалроқ SDSN ҳамда Франция Ривожланиш Агентлиги билан биргаликда БРМни ҳудудлар даражасида мониторинг қилиш тизимини жорий этиш бўйича Ҳамкорлик Меморандуми имзоланган эди.

SDSN илм-фан, сиёсат ва ривожланиш амалиёти кесишган нуқтада фаолият юритиб, Барқарор ривожланиш мақсадларига (БРМ) глобал, минтақавий, миллий ва маҳаллий даражаларда эришишни энг юқори даражада таъминлашга хизмат қилади. БМТ, халқаро молиявий ташкилотлар, ҳукуматлар, академик доиралар, фуқаролик жамияти ҳамда хусусий сектор билан ҳамкорликда БРМларни амалга оширишнинг илмий асосланган йўлларини ишлаб чиқади, шунингдек, ўзаро билим алмашиш ва илғор тажрибаларни тарқатишга кўмаклашади.

Тармоқ 2012 йилда БМТ собиқ Бош котиби Бан Ки-моон ва профессор Жеффрей Сачс ташаббуси билан таълим, илмий тадқиқотлар, сиёсий таҳлил ва халқаро ҳамкорлик йўналишлари орқали барқарор ривожланишга комплекс ёндашувларни илгари суриш мақсадида ташкил этилган.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг