Меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан парламент сўровини юбориш масаласи кўриб чиқилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида меҳнат қонунчилигига риоя қилиниши юзасидан камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, Сенат аъзоларининг жойларда ўз сайловчилари билан учрашувларида, шу жумладан сайёр қабулларда, Сенатга келиб тушаётган мурожаатларда ҳамда ижтимоий тармоқларда давлат идоралари, корхона ва ташкилотлари меҳнат қонунчилигига етарли даражада риоя этмаётганлиги оқибатида сўнгги вақтларда фуқаролар томонидан эътирозлар билдирилмоқда. Шуни инобатга олиб, ушбу масала Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси томонидан ўрганилган.
Жумладан, 2023-2024 йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал ва халқ қабулхоналарига келиб тушган бандлик ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ мурожаатлар ўрганиш кўрсатганидек, айрим давлат идоралари, корхона ва ташкилотларининг мурожаатлар билан ишлаш фаолияти қониқарсизлигича қолмоқда.
Давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларига мазкур масалалар бўйича 167 314 та мурожаат келиб тушган бўлиб, мурожаатлар сони 2024 йилда (80 816 та) 2023 йилга (86 498 та) нисбатан қарийб 6 мингтага ёки 7 фоизга камайган бўлса-да, меҳнатга ҳақ тўлаш ҳамда меҳнат ва бандлик соҳасидаги бошқарув билан боғлиқ масалаларга доир мурожаатлар сони ошган.
2024 йилда судларда кўрилган ишлар бўйича жойларда меҳнат қонунчилигига риоя қилмаслик оқибатида ҳуқуқи бузилган фуқаролар фойдасига иш берувчилардан 166 млрд сўм иш ҳақи, 22 млрд сўм мажбурий прогул учун ҳақ, 20 млрд сўм маънавий зарар ва 17 млрд сўм давлат божи ундириш ҳақида суд қарорлари қабул қилинган бўлиб, натижада айрим раҳбарларнинг ноқонуний буйруқлари натижасида жами 225 млрд сўм миқдорида ёки 2023 йилга нисбатан 86 млрд сўмдан кўп миқдорда зарар етказилган.
Меҳнат низоларининг аксариятини иш ҳақини ундириш, ишга тиклаш, пулли компенсация ундириш, меҳнат таътили, ишга қабул қилишни ғайриқонуний равишда рад этганлик билан боғлиқ низолар ташкил этган.
Аҳолининг ҳақли эътирозлари кўпайиши, адолатсизлик юзасидан фуқароларнинг шикоятлари сони кескин ортиши сенаторлар томонидан танқид қилинди.
Муҳокама натижасида мазкур масала юзасидан парламент сўрови юбориш бўйича Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.