Марказий Осиёда иқлим молиясидаги бўшлиқларни бартараф этиш лойиҳаси йўлга қўйилди
Марказий Осиёда иқлим молиясидаги бўшлиқларни бартараф этиш лойиҳаси йўлга қўйилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 10 декабрь куни Глобал яшил ўсиш институти (GGGI), Буюк Британиянинг Ташқи ишлар, ҳамдўстлик ва тараққиёт ташкилоти (ФСДО), Германия халқаро ҳамкорлик жамияти (GIZ) билан биргаликда амалга оширилаётган “Марказий Осиёда иқлим молиясидаги бўшлиқларни бартараф этиш” бўйича минтақавий лойиҳа доирасида тадбир ташкил этилди.
Мазкур тадбирда Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Умид Абидхаджаев, GGGI бош директори ўринбосари ва Осиё минтақавий директори Др. Малле Фофана, GGGI'нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Стелла Син Ён Ли, Буюк Британиянинг Марказий Осиё бўйича минтақавий ривожланиш директори Сара Купер, GIZ'нинг Марказий Осиё бўйича иқлим ўзгариши дастури раҳбари Сергей Макаров ҳамда тижорат банклари вакиллари иштирок этди.
Тадбирдан асосий мақсад иқтисодиёт тармоқларини декарбонизация қилиш, «яшил» инвестицияларни жалб этиш ҳамда иқлим молиясини кенгайтириш йўналишида тижорат банклари салоҳиятини оширишдан иборат бўлди.
Шунингдек, мазкур тадбир доирасида GGGI бош директори ўринбосари ва Осиё минтақавий директори Др. Малле Фофана билан учрашув ўтказилиб, қуйидаги йўналишларига алоҳида эътибор қаратилди:
Париж битимининг 6-моддаси доирасида углерод бирликлари савдоси механизмларини жорий этиш;
замонавий энергия самарадор ва кам углеродли технологиялар бўйича тажриба лойиҳаларини, шу жумладан энергетика сектори учун рақамли ва ақлли ечимларни йўлга қўйиш ва кенгайтириш;
Ўзбекистоннинг миллий яшил таксономия тизимини янада такомиллаштириш ва иқлимни молиялаштириш соҳасида институционал салоҳиятни мустаҳкамлаш;
минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, «яшил» тараққиёт масалалари бўйича тажриба алмашиш ва ёндашувларни мувофиқлаштириш, шунингдек, ахборот ва технологик қўллаб-қувватлаш механизмларини ривожлантириш.
Музокаралар якунида амалга оширилаётган лойиҳаларнинг самарадорлиги ва янги лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан ҳамкорликни кенгайтиришга келишилди ҳамда келгусидаги чора-тадбирлар белгилаб олинди.