Валюта курслари 13/10/2025
$1 – 12140.91
UZS – 0.14%
€1 – 14053.10
UZS – -0.29%
₽1 – 149.41
UZS – 0.15%
Қидириш
Марказий Осиёда чорвачилик қиймат занжирлари: ҳолати, муаммолари ва сиёсати муҳокама қилинди

Марказий Осиёда чорвачилик қиймат занжирлари: ҳолати, муаммолари ва сиёсати муҳокама қилинди

Марказий Осиёда чорвачилик қиймат занжирлари: ҳолати, муаммолари ва сиёсати муҳокама қилинди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Пойтахтимизда “Марказий Осиёда чорвачилик қиймат занжирлари: ҳолати, муаммолари ва сиёсат” мавзусида минтақавий техник семинар бўлиб ўтди. Тадбирда 50 дан ортиқ иштирокчилар — давлат идоралари, илмий муассасалар, хусусий сектор ва халқаро ташкилотлар вакиллари — чорвачилик қиймат занжирларининг ҳозирги ҳолати, муаммолари ҳамда ривожланиш истиқболларини муҳокама қилдилар.

Семинар Германиянинг Гессен шаҳридаги Юстус Либих номидаги университет ҳузуридаги Халқаро тараққиёт ва атроф-муҳитни тадқиқ этиш маркази (ЗEУ), БМТ Озиқ-овқат ва қишлоқ хўжалиги ташкилоти (ФАО)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси ҳамда “Иқлимга чидамли қишлоқ хўжалиги бўйича Германия–Ўзбекистон мулоқоти” ташаббуси томонидан ташкил этилди.

Иштирокчилар Марказий Осиё мамлакатларида чорвачилик қиймат занжирларини ривожлантириш, кичик фермерларнинг бозорга интеграцияси, барқарор озуқа ишлаб чиқариш ҳамда ҳайвон касалликларига қарши курашда минтақавий ҳамкорлик масалаларини муҳокама қилдилар.

Кириш сўзлари билан ФАО Ўзбекистон вакили Марипа Кичинебатйрова, Ветеринария ва чорвачиликни ривожлантириш қўмитаси ҳузуридаги Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти директори доктор Азамжон Нурматов, ҳамда Юстус Либих университети (Гессен) профессори доктор Мартин Петрик чиқиш қилдилар.

Семинарда Германия ҳукумати томонидан молиялаштирилган “Транс-Ливестоск: Тожикистон ва Ўзбекистон трансчегаравий ҳудудларида чорвачиликнинг иқтисодий интеграцияси” халқаро тадқиқот лойиҳасининг натижалари тақдим этилди. 2022–2025 йиллар давомида амалга оширилаётган лойиҳа чорвачилик маҳсулотлари савдоси, барқарор озуқа таъминоти, яйловлардан оқилона фойдаланиш ва чорвачилик тармоғининг минтақавий иқтисодиётга интеграциясини ўрганишга қаратилган.

Лойиҳанинг ҳамкорлари сафида Тожикистон қишлоқ хўжалиги фанлари академияси (Хўжанд), Ўзбекистон Чорвачилик ва паррандачилик илмий-тадқиқот институти, Қишлоқ хўжалигини ислоҳ қилиш ва инновациялар маркази (САРИС, Самарқанд), ҳамда ФАОнинг Марказий Осиё бўйича субминтақавий офиси (Олмаота, Қозоғистон) мавжуд.

Семинарда экспертлар кичик ва йирик чорвадорларнинг ролини, уларнинг манфаатларини бозор иштирокчилари ва давлат билан уйғунлаштириш йўлларини, давлат хизматларини янада самарали қилиш чораларини, шунингдек, Ўзбекистон келажак фермерларини шакллантиришда бозор ва ҳукуматнинг ўрни масаласини муҳокама қилдилар.

Профессор Мартин Петрик таъкидлашича, “Семинар давомида ёш фермерлар масаласи алоҳида қизиқиш уйғотди — улар ўз келажагини мустақил шакллантира олишлари ва бунинг учун зарур ресурсларга эга бўлишлари масаласи жуда муҳим. Бу ёш жамият бўлган Ўзбекистон учун долзарб саволлар.”

Шунингдек, экспертлар чорвачилик соҳасида иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, “Ягона саломатлик” ёндашуви орқали пандемияларга тайёргарликни мустаҳкамлаш ва илмий тадқиқотлар билан сиёсат ишлаб чиқиш жараёнларини боғлаш зарурлигини таъкидладилар.

Семинар якунида барқарор чорвачиликни ривожлантириш, минтақавий савдони кучайтириш ҳамда қўшма илмий ташаббусларни кенгайтиришга қаратилган сиёсий таклифлар муҳокама қилинди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг