Марказий Осиёда барқарор ривожланиш шаҳарлари коалицияси тузилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Табиий офатлар ва иқлим хавфлари олдида минтақанинг тобора ортиб бораётган заифлиги шароитида Душанбе шаҳрида шаҳар барқарорлиги масалалари бўйича минтақавий мулоқот бўлиб ўтди. У Марказий Осиёда барқарор шаҳар ривожланишини илгари суришда муҳим босқич бўлди. Бу ҳақда БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД)нинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси хабар берди.
Тадбир БМТ Тараққиёт дастури (БМТТД) томонидан Фавқулодда ҳолатлар ва офатлар хавфини камайтириш маркази, БМТнинг офатлар хавфини камайтириш бўйича бошқармаси (UNDRR) ҳамда Тожикистон ҳукумати кўмагида ташкил этилди.
Мулоқотда Марказий Осиёнинг барча беш давлати миллий идоралари ва муниципалитетлари вакиллари, шунингдек, халқаро ривожланиш ҳамкорлари иштирок этди.
Мулоқот Япония ҳукумати томонидан молиялаштирилаётган БМТТДнинг “Марказий Осиё шаҳарларининг табиий офатлар ва иқлим ўзгаришига чидамлилигини ошириш” минтақавий лойиҳаси доирасида ўтказилди. Лойиҳа пилот шаҳарларда — Петропавл (Қозоғистон), Ўш (Қирғизистон Республикаси), Душанбе (Тожикистон), Ашхобод (Туркманистон) ва Наманганда (Ўзбекистон) амалга оширилмоқда. Сендай ҳаракат дастури ва Париж келишувига таянадиган ушбу ташаббус мамлакатларга ривожланиш стратегияларида офатлар хавфини ва иқлим ўзгаришини инобатга олиш ҳамда маҳаллий жамоаларнинг эҳтимолий таҳдидларга чидамлилигини кучайтиришда ёрдам бермоқда.
Тадбирнинг асосий натижаси Марказий Осиё шаҳарларининг барқарор ривожланиши бўйича минтақавий коалиция (Regional Urban Resilience Coalition)нинг тузилиши бўлди. Пилот шаҳарлар вакиллари томонидан имзоланган қўшма декларация билан мустаҳкамланган ушбу янги ҳамкорлик механизми шаҳарлараро алоқаларни мустаҳкамлаш, иқлим хавфларига чидамли ривожланишни илгари суриш ва “2030 йилгача барқарор шаҳарлар яратиш” (Making Cities Resilient 2030 – MCR2030) глобал кампаниясида иштирок этишни мақсад қилади.
Мулоқотда Душанбе, Петропавл, Ўш, Ашхобод ва Наманган шаҳарлари раҳбарлари иштирок этиб, барқарор шаҳарлар яратиш бўйича тажрибалари ва режалари билан бўлишдилар. Муҳокамалар давомида минтақада қўлланилаётган турли ёндашувлар — инфратузилмани модернизация қилиш, хавфларни баҳолаш, аҳолини жалб этиш ва инклюзив режалаштириш усуллари қайд этилди.
«Биз Наманган шаҳрининг Ўш, Душанбе, Ашхобод ва Петропавл билан биргаликда Марказий Осиё барқарор шаҳарлар коалициясига қўшилаётганидан мамнунмиз. Биз бу ташаббусни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз», — деди Наманган вилояти экология бошқармаси бошлиғи Шухрат Максумов.
Мулоқот доирасида иштирокчилар шаҳар барқарорлигини ривожлантиришга қаратилган минтақавий ва халқаро ташаббуслар билан танишдилар, жумладан, Япониянинг комплекс шаҳарсозлик тажрибаси ва Марказий Осиёда шаҳар ривожланишини қўллаб-қувватлаш бўйича GIZ дастурлари тақдим этилди. БМТТД пилот шаҳарларда амалга оширилаётган интеграцияланган ёндашувни намойиш қилди, у шаҳар режалаштириш жараёнларига офатлар хавфини камайтириш ва иқлим ўзгаришига мослашиш тамойилларини қўшишга ёрдам беради. Ташаббус MCR2030, Mayors for Economic Growth (M4EG) ва GAP Fund каби дастурлар билан биргаликда тақдим этилди, улар Марказий Осиё шаҳарларига барқарорликни мустаҳкамлаш учун кенг қамровли инструментлар таклиф этади.
Шаҳарлар тажрибасига бағишланган сессиялар лойиҳаларни амалга ошириш жараёнида эришилган техник ютуқлар ва ўрганилган сабоқлар билан ўртоқлашиш майдони бўлди. Пилот шаҳарлар вакиллари хавфларни баҳолаш ва режалаштириш жараёнлари ҳақида сўз юритиб, ўзаро ўқиш ва минтақавий ҳамжихатликнинг мураккаб шаҳар муаммоларини ҳал этишдаги аҳамиятини таъкидладилар.
Мулоқотнинг иккинчи кунида БМТТДнинг мамлакат офислари вакиллари, миллий экспертлар ва шаҳарлар вакиллари ўртасида техник муҳокамалар бўлиб ўтди. Иштирокчилар дала тадқиқотларининг оралиқ натижаларини кўриб чиқдилар, барқарорлик тамойилларини шаҳар режалаштиришига интеграция қилиш имкониятларини ҳамда маълумотларга асосланган қарорлар қабул қилишда сунъий интеллектдан фойдаланиш салоҳиятини муҳокама қилдилар.
Шаҳар барқарорлиги бўйича минтақавий мулоқот Париж келишуви, 2015–2030 йилларга мўлжалланган офатлар хавфини камайтириш бўйича Сендай ҳаракат дастури, БМТнинг 2030 йилгача бўлган барқарор ривожланиш кун тартиби ва Марказий Осиё давлатларининг 2022–2030 йилларга мўлжалланган офатлар хавфини камайтириш бўйича ҳамкорлик стратегияси амалга ошишига ҳисса қўшмоқда. У минтақадаги давлатлар ва уларнинг ҳамкорларининг Марказий Осиё шаҳарларининг барқарор келажагини яратишга бўлган қатъий интилишини яна бир бор тасдиқлади.