“Марказий Осиё – Хитой” формати котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилишга оид қонун кўриб чиқилди
“Марказий Осиё – Хитой” формати котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилишга оид қонун кўриб чиқилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг ўн иккинчи ялпи мажлисида “Марказий Осиё – Хитой” формати котибияти тўғрисидаги низомни ратификация қилиш ҳақида”ги Қонун кўриб чиқилди.
Ушбу Қонун Марказий Осиё мамлакатлари ва Хитой ўртасидаги минтақавий ҳамкорликни мустаҳкамлаш, сиёсий мулоқот, иқтисодий ривожланиш, транспорт-коммуникация, инвестиция, энергетика, таълим ҳамда маданий-гуманитар соҳалардаги ўзаро ҳамкорликни янада ривожлантиришга хизмат қилади.
Низомда “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасида Котибиятнинг вазифалари, механизмлари ва ҳамкорлик йўналишлари белгилаб берилади. Хусусан, Котибият шерик мамлакатлар ўртасида келишувларни мувофиқлаштириш, амалий лойиҳаларни самарали амалга ошириш ва доимий мулоқот платформасини шакллантиришда муҳим ўрин тутади.
Низомнинг ратификацияси Ўзбекистоннинг минтақавий интеграция жараёнларидаги иштирокини кучайтириб, ҳудудий иқтисодий, инвестициявий ва инфратузилмавий, транспорт ва логистика йўналишларини ривожлантириш, янги коридорлар яратиш ва савдо айланмасини оширишга хизмат қилади.
Қонуннинг қабул қилиниши Ўзбекистоннинг минтақавий ҳамкорликка оид ташаббусларини амалга оширишда, “Марказий Осиё – Хитой” формати доирасидаги конструктив мулоқот ва амалий шерикликни янада кучайтиришда муҳим қадам бўлиб хизмат қилади.
Сенаторлар Қонунни маъқуллади.