Марказий банк: Аҳоли банкларга 15,2 миллиард долларлик чет эл валютасини сотди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида ички валюта бозорида хорижий валютага бўлган умумий талаб ва таклиф ҳажмларида ўсиш суръатлари кузатилди, дейилади Марказий банк ҳисоботида.
Хорижий валютага бўлган талаб 42,7 млрд АҚШ долларни (кейинги ўринларда - доллар) ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23,5 фоизга ошди.
Таклиф ҳажми 2025 йилнинг ўтган даврида 34,4 млрд долларни (Марказий банк операцияларини ҳисобга олмаган ҳолда) ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ўсди.
Валюта бозоридаги таклифнинг яна бир манбаи Марказий банк томонидан сотиб олинган монетар олтин доирасидаги стерилизация операциялари (халқаро захираларнинг нейтраллик тамойили асосида) орқали валюта маблағларини сотилиши ҳисобига таъминланди. Бунда ушбу операциялар алмашув курси шаклланишининг фундаментал омилларига таъсир кўрсатмаган ҳолда бозор механизмлари асосида амалга оширилди.
Юридик шахслар томонидан чет эл валютасига бўлган талаб 2025 йилнинг дастлабки 9 ойида ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга ўсган бўлса, улар томонидан валюта таклифи ҳажми 37 фоизга ошди.
Хўжалик юритувчи субъектлар валюта таклифининг асосий манбаларидан бири экспорт тушумларининг ҳажми ушбу даврда 18 фоизга ошиб, 13 млрд долларга етди. Ушбу экспорт тушумларнинг 7,1 млрд доллари ёки 55 фоизи ички валюта бозорида сотилди (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (5,8 млрд доллар) 22 фоизга кўп).
Шунингдек, ушбу даврда ички валюта бозорига 6,3 млрд долларлик валюта маблағлари банклар томонидан хорижий кредитлар ҳисобидан сотилди (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан (3,9 млрд доллар) 61 фоизга кўп).
Импортни молиялаштиришда ички бозордан сотиб олинган валюта улуши бироз камайиб, ўз маблағлари улушида бироз ошиш кузатилди. Ўтган январсентябрь ойларида импортни молиялаштириш манбалари таркибида ички валюта бозорида сотиб олинган маблағлар (конвертация) улуши 64,7 фоизни (2024 йилда 65,5 фоиз), хорижий валютадаги ўз маблағлари ҳисобига импортни молиялаштириш улуши 24 фоизни ташкил этди (2024 йилда 23,1 фоиз).
Сотиб олинган хорижий валютанинг асосий қисми – 51 фоизи ишлаб чиқариш учун асбоб-ускуналар, товарлар ва хомашё импорти, 27 фоизи – хорижий валютадаги кредитларни сўндириш, 18 фоизи – халқ истеъмоли товарлари ва доридармон маҳсулотлари импорти, 2 фоизи – хорижий инвесторлар даромадларининг репатриацияси ва қолган 4 фоизи – бошқа мақсадлар учун харид қилинган
Аҳоли томонидан тижорат банкларига 15,2 млрд доллар сотилиб, ушбу кўрсаткич аввалги йилнинг мос даврига нисбатан 1,3 баробарга (2024 йилда - 11,8 млрд доллар) ошди.
Шу билан бирга, жисмоний шахслар томонидан 8,5 млрд доллар сотиб олиниб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 23 фоизга (2024 йилда - 6,9 млрд доллар) ўсди.
Умуман олганда, жисмоний шахслар томонидан хорижий валюта таклифи ҳажми унга бўлган талаб ҳажмидан 6,7 млрд долларга ортиқ бўлди (2024 йилнинг мос даврига нисбатан 1,4 баробар кўп).
Айни пайтда, ушбу даврда аҳолининг банкларга валюта сотувининг асосий манбаи халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатимизга 13,9 млрд доллари миқдорида валюта маблағлари келиб тушгани бўлиб, ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 24 фоизга (2,7 млрд доллар) ва 2023 йилга нисбатан 66 фоизга (5,5 млрд доллар) ошди.
Шунингдек, халқаро пул ўтказмалари орқали мамлакатимиздан 1,9 млрд доллари миқдорида валюта маблағлари чиқиб кетган бўлиб, ушбу кўрсаткич 2024 йилнинг мос даврига нисбатан 127 млн долларга камайди.
Январь-сентябрь ойларида миллий валютанинг алмашув курси динамикаси ички валюта бозоридаги талаб ва таклиф омиллари, умумий макроиқтисодий тенденциялар ва ташқи иқтисодий шароитлар таъсирида шаклланди.
Ушбу даврда асосий савдо ҳамкорлар валюта курслари динамикасида россия рубли долларга нисбатан 27 фоизга, хитой юани – 2,5 фоизга, корея вони – 5 фоизга мустаҳкамланган бўлса, қозоқ тенгеси – 4,6 фоизга қадрсизланди. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизнинг ташқи рақобатбардошлигини сақланиб қолишига ҳисса қўшди. Хусусан, иқтисодиётнинг умумий рақобатбардошлигини кўрсатувчи реал эффектив курси динамикасида йил бошидан буён 1,5 фоизга қадрсизланиш кузатилиб, ташқи савдо ҳамкорларга нисбатан валюта курсида реал мустаҳкамланиш кузатилмади.
Шунингдек, олтин нархининг юқори суръатларда ўсиб, бир троя унцияси учун 2610 доллардан 3807 долларгача ошиши ички ваюта бозорига валюта тушумларини ҳам мос равишда кўпайтирди.
Умуман олганда, мамлакатимизда экспорт, хорижий кредитлар ва пул ўтказмалари каналлари орқали валюта оқимларининг сезиларли даражада ошиши, шунингдек, хорижий инвестициялар ҳажмининг ўсувчи динамикаси ҳамда импортнинг маълум даражада барқарорлашиши ички валюта бозорида валюта курси мустаҳкамланишига таъсир этган омиллардан бўлди.
Шу билан бирга, жорий йилнинг апрель ойидан бошлаб сўм алмашув курсининг кунлик тебраниши икки баробарга ошди ва мослашувчан валюта курси сиёсатини юритаётган ривожланаётган давлатлар алмашув курсларининг кунлик тебранишларининг ўртача кўрсаткичига яқинлашди.
2025 йилнинг январь-сентябрь ойларида:
миллий валютадаги ҳисоб-китоблар ҳамда жамғаришнинг фаоллашиши ҳисобига банк тизимидаги миллий валютадаги депозитлар ҳажми йил бошидан 23 фоизга ошди ва 205 трлн сўмга етди;
аҳоли ва тадбиркорларнинг инфляцион кутилмалари 12 фоизгача секинлашди (йил бошида 14-15 фоиз) ҳамда кутилмалар шаклланишида валюта курси омили икки баробарга қисқарди;
депозит ва кредитларнинг долларлашув даражаси пасайиш динамикаси тезлашди (кредитлар бўйича 41 фоиздан 37 фоизгача, депозитлар бўйича 26 фоиздан 23 фоизгача);
мижозларнинг банкларга жами валюта сотуви 33 фоизга ошиб, 32 млрд долларга етди.
Ушбу тенденцияларнинг давом этиши миллий валютага бўлган ишончни кучайтириб, сўмдаги активлар жозибадорлигини ошишига ва умуман олганда макроиқтисодий барқарорликка ижобий ҳисса қўшади.