Марғилон шаҳрида “Буюк Ипак йўли” халқаро мақом фестивали бошланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Икки минг йиллик тарихга эга қадимий Марғилон “Буюк ипак йўли” халқаро мақом фестивалига мезбонлик қилган яна маданий ҳаёт марказига айланди.
Тадбирларда юртимиз ҳудудларидан, шунингдек, Туркия, Озарбайжон ҳамда қўшни Қозоғистон ва Қирғизистондан мақом ижодий жамоалари, ҳунармандлар, санъат ихлосмандлари, кенг жамоатчилик вакиллари ва ёшлар қатнашмоқда.
Вилоят ҳокими Хайрулло Бозоров фестиваль доирасидаги тадбирларда иштирок этди. Халқ оғзаки ижодиётининг ноёб намуналарини кенг тарғиб қилиш, уни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, давлатлараро, халқлараро дўстлик, биродарлик ришталарини янада мустаҳкамлаш бош мақсади бўлган фестиваль аввалида меҳмонлар миллий ҳунармандчилик кўргазмаси ва ҳунармандчилик намуналари билан танишдилар.
Вилоят раҳбари ҳар бир кўргазмани кўздан кечириб, уста ҳунармандларнинг қўл меҳнати маҳсулотларини юқори баҳолади. Наманган, Андижон ва Фарғона вилоятлари ҳунармандларининг намойиш этган миллий ҳунармандчилик кўргазмалари иштирокчиларда катта таассурот қолдирди.
Мақом санъати усталари, фольклор жамоаларининг дастури эса янада шукуҳли кечмоқда. Фестиваль доирасида сўз санъати усталари иштирокида “Аския сайли” ҳам бўлиб ўтди. Водий вилоятлари аския ва қизиқчилик санъати усталарининг ичакузди аскиялари барчага қувонч ва таббасум улашди. “Номоддий маданий мерос феномени: Аския ва қизиқчилик санъати” Республика илмий-амалий конференцияси ташкил этилди.
Шунингдек, рассомлар кўргазмалари, фольклор жамаолари томонидан тайёрланган халқ оғзаки ижоди намуналари фестиваль давомида иштирокчилар эътиборини тортмоқда.
Айни дамда “Буюк Ипак йўли” халқаро мақом фестивали иштирокчиларининг чиқишлари ҳакамлар ҳайъати томонидан баҳоланмоқда.