“Мадад-2” лойиҳасига старт берилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Адлия вазирлиги биносида “Мадад” лойиҳасининг иккинчи босқичининг рамзий очилиш маросими бўлиб ўтди.
Унда Савдо-саноат палатаси раисининг биринчи ўринбосари Давронбек Курбанов иштирок этди.
“Мадад” — бу тадбиркорликни бошлаш ниятида бўлган, аммо унга етарлича куч ва имконият топа олмаётган инсонларни ҳуқуқий ва ижтимоий-иқтисодий қўллаб-қувватлаш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан йўлга қўйилган лойиҳа.
Лойиҳанинг биринчи босқичи Денов туманида муваффақиятли амалга оширилган эди. Лойиҳа қаҳрамони Дилором Йўлдошева бугунги кунда 60 дан ортиқ шогирдига эга тадбиркор, “Мардлик” ордени соҳибаси, BBC нинг “100 илҳомлантирувчи аёл” рўйхатига киритилган ўзбек аёли — бунинг яққол натижасидир.
Эндиликда ушбу эзгу лойиҳа республикамизнинг энг олис ҳудудларидан бўлган Денов туманидаги “Сурхондийор” ҳамда Қўшработ туманидаги “Навкат” маҳаллаларида давом эттирилади.
Тадбир якунида лойиҳани биргаликда амалга ошириш учун Савдо-саноат палатаси, Адлия вазирлиги, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги ҳамда “Мадад” нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида ҳамкорлик меморандуми имзоланди.
Шу билан биргаликда, тадбирда лойиҳани қўллаб-қувватлаш мақсадида бир қатор тадбиркорлар ҳам иштирок этди.