Лондон музокаралари Ўзбекистон бизнеси учун янги имкониятлар очмоқда

Лондон музокаралари Ўзбекистон бизнеси учун янги имкониятлар очмоқда

Лондон музокаралари Ўзбекистон бизнеси учун янги имкониятлар очмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Лондон шаҳрида Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси раиси Даврон Вахабов Британия Савдо палатаси (British Chambers of Commerce) вакиллари — халқаро ва маҳаллий компаниялар билан ишлаш бўйича директор Анна-Мария Мартин ҳамда стратегия бўйича менежер Бен Мартин билан учрашди.

Британия Савдо палатаси 50 та ҳудудий тузилмани бирлаштириб, 50 мингдан ортиқ компанияни қамраб олади. Уларнинг асосий қисми — 41 мингга яқини кичик ва ўрта бизнес, 16 мингга яқини эса йирик ва халқаро компаниялардир.

Учрашув давомида Ўзбекистон иқтисодиётининг экспорт салоҳияти ва жадал ривожланаётган тармоқлари муҳокама қилинди. Хусусан, электротехника, тўқимачилик, озиқ-овқат саноати, заргарлик маҳсулотлари ҳамда туризм соҳалари икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналишлари сифатида қайд этилди.

Томонлар, шунингдек, Ўзбекистон компанияларини Британия бозорига олиб чиқиш механизмлари, бизнесни қўллаб-қувватлаш воситалари ва тўғридан-тўғри B2B алоқаларни ривожлантириш имкониятларини атрофлича муҳокама қилдилар.

Ўзбекистон делегациясининг жорий йил июнь ойида бўлиб ўтадиган Британия Савдо палатасининг йиллик конференциясида иштирок этиши режалаштирилмоқда. Бу тадбир икки мамлакат ишбилармон доиралари ўртасидаги алоқаларни янада мустаҳкамлашга хизмат қилади.

Учрашув якунида томонлар ҳамкорликни чуқурлаштириш, қўшма бизнес миссиялар ташкил этиш ва Ўзбекистон компанияларининг Британия бозорига чиқишини қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришдилар.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг