Лихачёв: Ўзбекистонда қурилаётган кичик АЭС — Россиянинг ядровий энергетикадаги биринчи экспортбоп маҳсулотига айланади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистонда амалга оширилаётган кичик атом электр станцияси (АЭС) лойиҳаси дунёдаги илк модулли ядровий энергетика соҳасидаги экспортбоп маҳсулот бўлади. Бу ҳақда Россиянинг «Росатом» давлат корпорацияси бош директори Алексей Лихачёв ТАСС агентлигига маълум қилди.
Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистонда қурилаётган кичик модулли АЭС ядровий энергетиканинг янги авлодидаги биринчи тарихий экспорт лойиҳаси бўлади. Шунингдек, лойиҳа доирасида станция ҳудудида иккита йирик гигаваттли энергия блокларини қуриш имконияти ҳам кўриб чиқилмоқда.
Лойиҳани амалга ошириш бўйича келишув 2024 йил баҳорида эришилган, шу йил күзда эса лойиҳа ва муҳандислик ишларини бошлашни назарда тутувчи протокол имзоланган.
Лойиҳага мувофиқ, мўлжалланган 6 та энергия блогининг ҳар бири 55 мегаватт қувватга эга реактор билан жиҳозланади.
Қурилиш ишлари 2025 йил ёзида бошланиши кутилмоқда. Станция 2029 йилдан 2033 йилгача босқичма-босқич фойдаланишга топширилади.
Алексей Лихачёв таъкидлаганидек, лойиҳа Ўзбекистон томони маблағлари ҳисобига молиялаштирилади, ҳозирги босқичда Россия кредитини жалб этиш режалаштирилмаяпти.
Бу лойиҳа Ўзбекистонда ядровий энергетиканинг илк намуналаридан бири бўлиб, мамлакатнинг барқарор энергия таъминоти ва технологик тараққиёти учун муҳим аҳамият касб этади.