Латвия Литва–Беларусь чегарасидан ўтолмай қолган ўзбек юк машиналари учун йўлак очди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Латвия Литва ва Беларусь чегараси ёпилганидан кейин у ерда тўхтаб қолган Ўзбекистон юк транспорт воситалари учун транзит йўлагини ташкил этди. Бу ҳақда Ўзбекистон Транспорт вазирлиги маълум қилди.
Муаммони ҳал этиш мақсадида вазирлик Халқаро автомобиль ташувчилари уюшмаси (AIRCUZ) кўмагида Ўзбекистоннинг Латвия ва Беларусдаги элчихоналари ҳамда маҳаллий давлат идоралари вакилларидан иборат ишчи гуруҳ тузди.
12 ноябрдан бошлаб, транзит рухсатномаси бўлмаган ҳайдовчиларга Латвия орқали ўтиш учун рухсат бланклари Беларусь ҳудудидаги Полоцк шаҳрида берила бошлади. 13 ноябрдан эса рухсатномалар Латвия–Литва чегарасидаги Медуми — Зарасай назорат-ўтказиш пунктларида берилади.
Бланклар Транспорт вазирлигининг E-Avto Ruxsatnoma тизими орқали юборилган аризалар асосида берилади ва жараён 15 ноябргача давом этади.
Рухсат олишда устуворлик 29 ноябргача — Литва охирги очиқ бўлган Медининкай ва Шальчининкай пунктларини ёпгунга қадар — Литва–Беларусь чегарасида юк билан турган ташувчиларга берилади.
Шундан сўнг рухсатномалар Латвиянинг 2023 йил 7 июлдаги Ҳукумат қарорига мувофиқ умумий тақсимот ҳажми доирасида, кейин эса янги келган ташувчиларга берилади. 17 ноябрдан бошлаб Минтранс E-Avto Ruxsatnoma орқали келиб тушган сўровлар бўйича қолган транзит ҳужжатларни расмийлаштиришни бошлайди.
Рухсатнома олиш учун ташувчилар юк машинасининг техник паспортини, халқаро ташиш лицензия варағини, TIR китобчасини (мавжуд бўлса), халқаро товар-транспорт йўлхати ҳамда лицензияланган ташувчининг муҳри ёки штампини тақдим этиши лозим.
Транспорт вазирлиги таъкидлаганидек, рухсатнома беришда жиддий назорат ўрнатилади — рухсатномаларни учинчи шахсга бериш, асоссиз йўқотиш, 90 кунлик фойдаланиш муддатини бузиш ёки транспорт воситасига нисбатан чекловлар ва санкциялар мавжуд бўлган ҳолатларда улар бериламайди.