Кўрилаётган чоралар ўз самарасина бермоқда
Кўрилаётган чоралар ўз самарасина бермоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Бугунги кунда давлатимиз раҳбари томонидан мамлакатимизда хавфсиз муҳитни шакллантириш, ҳуқуқбузарликларни камайтириш ва жамоат тартибини мустаҳкамлаш йўналишида белиглаб берилган устувор вазифаларни амалга оширишда ҳуқуқ-тартибот органлари томонидан ўқотар қуроллар ва уларнинг ўқ-дорилари муомаласи устидан амалга оширилаётган давлат назоратини кучайтириш масалалари муҳим аҳамият касб этмоқда.
Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги мувофиқлаштирувида Ички ишлар вазирлиги, Давлат божхона қўмитаси, Бош прокуратура ҳамда бошқа ваколатли давлат органлари орасида йўлга қўйилган идоралараро мустаҳкам ҳамкорлик ва аҳоли орасида олиб борилаётган кенг кўламли тарғибот-ташвиқот ишлари соҳадаги қонунбузарликларнинг олдини олиш, аниқланганларини тезлик билан бартараф этишда ўз самарасини бермоқда.
Жумладан, Ички ишлар органлари томонидан амалга оширилган тезкор-қидирув ва профилактик тадбирлари натижасида жорий йил бошидан буён ўқотар қуроллар муомаласи билан боғлиқ жами 207 та ҳолат аниқланди.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп ҳолатлар Қорақалпоғистон Республикасида — 28 та, Тошкент шаҳрида — 24 та, шунингдек Бухоро ва Қашқадарё вилоятларида — 21 тадан қайд этилгани кузатилди. Энг ками Наманган - 5 та, Андижон - 7 та ҳамда Сирдарё вилоятларига - 9 та тўғри келади.
Қуролларнинг 87 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан тезкор тадбирлар натижасида аниқланган бўлса, яна 120 таси ўтказилган тарғибот ишлари натижасида фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда топширилган. Бу эса, ўз навбатида, аҳолининг ҳуқуқий онги ва масъулияти ошиб бораётганидан далолат беради.
Бундан ташқари, тадбирлар давомида 242 та пневматик қурол ҳамда 5 271 дона ўқ-дорилар аниқланди. Барча аниқланган ашёлар амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ тартибда расмийлаштирилди.
Ёки жорий йилнинг ўтган даврида божхона органлари томонидан ўтказилган тезкор тадбирлар, назорат текширувлари ва профилактик чоралар натижасида жами 28 та қонунбузилиш ҳолати аниқланган.
Мазкур ҳолатлар бўйича ўтказилган текширувлар давомида ноқонуний 18 та пневматик ва совуқ турдаги қуроллар, 98 дона ўқ, 114 дона гилза ва 1 килограмм 270 грамм портловчи моддалар ушлаб қолинган.
Ушбу кўрсаткичлар мамлакатимизда қуроллар муомаласи устидан давлат назоратини кучайтириш, жамоат хавфсизлигини таъминлаш ҳамда ноқонуний айланмани бартараф этиш борасида олиб борилаётган ишларнинг изчил ва самарали эканини яна бир бор тасдиқлайди.