Коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза муҳокама қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг 10-ялпи мажлисида Коррупцияга қарши курашиш агентлиги томонидан тақдим этилган Ўзбекистон Республикасида коррупцияга қарши курашиш тўғрисидаги миллий маъруза кўриб чиқилди.
Таъкидланганидек, кейинги йилларда мамлакатимизда коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг ҳуқуқий ва институционал асослари такомиллаштирилиб, жамиятда коррупция иллатига нисбатан муросасиз муҳитни шакллантиришга қаратилган тизимли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.
2024 йилда коррупцияга қарши курашиш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотларни ҳуқуқий таъминлашга қаратилган 8 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди.
Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашишнинг замонавий механизмлари кенг жорий этилди. Уларнинг фаолиятида очиқликни таъминлаш, жамоатчилик олдида ҳисобдорликни ошириш бўйича зарур чоралар кўрилмоқда.
Шу билан бирга, “Ўзбекистон – 2030” стратегиясида коррупциявий омилларни бартараф этиш тизимининг самарадорлигини ошириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантиришга қаратилган мақсадли кўрсаткичлар белгиланди.
Соҳада давлат сиёсати изчиллигини таъминлаш мақсадида коррупцияга қарши курашиш бўйича 2023-2024 йилларга мўлжалланган давлат дастури қабул қилинди, очиқ эълон қилиниши лозим бўлган маълумотлар рўйхати 35 тадан 40 тагача кенгайтирилди.
Шу билан бирга, муҳокамада сенаторлар томонидан коррупцияга қарши курашиш соҳасида айрим камчиликлар сақланиб қолаётганлиги ҳам қайд этилди.
Хусусан, 2024 йилда республика бўйича судлар томонидан кўрилган жиноят ишлари таҳлили кўрсатганидек, Андижон, Тошкент, Наманган, Сирдарё вилоятларида коррупцияга оид жиноятлар оқибатида давлат манфаатларига энг кўп зарар етказилган, коррупцияга оид жиноятлар сони Андижон, Наманган Тошкент, Қашқадарё ва Самарқанд вилоятларида ортган.
Коррупцияга оид жиноятлар учун судланган шахсларнинг аксарияти мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, тижорат банклари ҳамда бандлик тизими ходимларига тўғри келади.
Адлия вазирлиги томонидан 2024 йилда 2 мингдан ортиқ лойиҳаларнинг 222 тасида ёки 11 фоизида 337 та коррупциявий омиллар аниқланган. Коррупциявий омилларнинг аксарияти Иқтисодиёт ва молия, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши, Қишлоқ хўжалиги, Олий таълим, фан ва инновациялар вазирликлари томонидан киритилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда аниқланган.
Коррупцияга қарши экспертизага берилмаган лойиҳаларнинг кўпчилиги Инвестициялар, саноат ва савдо (6 та), Энергетика, Қишлоқ хўжалиги ҳамда Ташқи ишлар (5 тадан) вазирликлари ҳиссасига тўғри келади.
Коррупцияга қарши курашишга оид қонунчилик ҳужжатларининг моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ўртасида тушунтиришга қаратилган тарғибот тадбирлари етарли даражада ташкил этилмаган.
Муҳокама жараёнида Сенат аъзолари томонидан Коррупцияга қарши курашиш агентлиги, қатор вазирлик ва идоралар, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг коррупцияга қарши курашиш бўйича фаолиятини янада такомиллаштиришга қаратилган қатор таклифлар билдирилди. Хусусан:
– коррупцияга оид жиноятларни таҳлил қилган ҳолда жиноятлар кўрсаткичи ошган давлат органлари ва ташкилотларида кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар белгилаш;
– коррупция ҳақида хабар берган шахсларни рағбатлантириш тизими бўйича тарғибот-ташвиқот ишларини фаоллаштириш, давлат органлари ва ташкилотлари, шунингдек маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ички назорат тузилмалари ходимларига қўшимча вазифалар юклатилишининг олдини олиш;
– ички назорат тузилмалари томонидан назорат тадбирлари мунтазам равишда ўтказилишини таъминлаш, одоб-ахлоқ комиссияларининг фаолиятини кучайтириш.
Муҳокама якунида Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.