Корея ва Ўзбекистон ўртасида илмий-тадқиқот соҳасида ҳамкорлик алоқалари мустаҳкамланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йилнинг 16–17 октябр кунлари Жанубий Корея Республикасининг Сеул шаҳрида Корея криминология ва адлия институти (KICJ) томонидан «Трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлаш» мавзусида «12-Корея криминология ва адлия институти халқаро форуми (KICJIF)» бўлиб ўтди.
Тадбирда замонавий жиноятчилик, айниқса уюшган жиноятчиликка қарши курашда халқаро ҳамкорликнинг аҳамияти, соҳада замонавий технологиялар ва сунъий интеллектни жорий этиш имкониятлари муҳокама этилди.
Форумда БМТнинг Наркотиклар ва жиноятчилик бўйича бошқармаси (UNODC), Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг жиноятларнинг олдини олиш ва жазони ижро этиш бўйича Осиё ва Қитъа институти (UNAFEI), Тайланд Адлия институти (TIJ), Монголия Миллий ҳуқуқ институти, Корея Адлия вазирлиги, Корея Миллий полиция агентлиги (ИНТEРПОЛ Миллий марказий бюроси), Хитойнинг Женмин университети, Хитой Сиёсий фанлар ва ҳуқуқ университети, Пекин Нормал университети, Корея Жиноят-процессуал ҳуқуқ ассоциацияси ва Кёнгбук миллий университети каби нуфузли ташкилотлар қаторида Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти ҳам фаол иштирок этди.
Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Криминология тадқиқот институти бошлиғи нутқ сўзлаб, ўз маърузасида Ўзбекистонда жиноятларни барвақт олдини олиш, жиноятчиликка қарши курашиш, халқаро илмий-тадқиқотлар ҳамда халқаро рейтинг ва индекслар билан ишлаш соҳасида амалга оширилаётган ислоҳотлар ҳақида маълумот берди.
Шунингдек, тадбир якунида халқаро ташкилотлар вакилларига Ўзбекистондаги жиноятчиликнинг олдини олиш тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар тақдим этилди. Биргаликда қўшма илмий лойиҳаларни амалга ошириш ва ўзаро ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан келишувларга эришилди.
Бундан ташқари, Криминология тадқиқот институти Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Жиноятларнинг олдини олиш ва жиноий одил судлов дастури институтлари тармоғига аъзо бўлиш масаласи бўйича музокаралар олиб борди.
Форум доирасида Корея криминология ва адлия институти (KICJ) президенти Жонг Вонг Сеёк билан «Ўзбекистон ва Корея криминологиясини қиёсий тадқиқ этиш» номли илмий-амалий тадқиқот лойиҳасини амалга ошириш бўйича келишувга эришилди.