Конституциявий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича янги механизмлар жорий этилади
Конституциявий ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўйича янги механизмлар жорий этилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Президент Шавкат Мирзиёев 17 декабрь куни фуқаро ва тадбиркорларнинг конституциявий ҳуқуқларини ҳимоя қилиш механизмларини такомиллаштириш, Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш масалаларига оид тақдимот билан танишди.
Жорий йилда ўзининг 30 йиллигини нишонлаётган Конституциявий суд фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қатор чора-тадбирлар бажарилди. Жумладан, 2021 йилда Конституциявий суд тўғрисидаги қонун янги таҳрирда қабул қилиниб, самарали конституциявий назорат тизими йўлга қўйилди.
Шу билан бирга, Конституциявий суд ўз ваколатларини тўлақонли амалга оширишини таъминлаш бугунги куннинг долзарб вазифаси бўлиб, мазкур йўналишдаги ислоҳотларни янги босқичга олиб чиқиш тақозо этилмоқда.
Тақдимотда бу борадаги таклифлар кўриб чиқилди.
Жумладан, Конституциявий суд томонидан ҳар йили мамлакатда конституциявий қонунийликни мустаҳкамлаш бўйича тақдим этиб бориладиган таклиф ва тавсияларни амалиётга татбиқ этишнинг самарадорлиги оширилади.
Бунда Конституциявий суд томонидан фуқаро ва тадбиркорларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш тартиб-таомиллари мақбуллаштирилади, сансалорликлар бартараф этилади.
Шунингдек, “конституциявий шикоят” институти самарадорлигини ошириш ва мурожаат этувчиларнинг суд ҳимоясини таъминлаш мақсадида суд ишида қўлланилган қонун Конституцияга мувофиқ эмас деб топилган тақдирда тегишли суд ҳужжатини қайта кўриб чиқиш тартибини жорий этиш таклиф қилинди.
Тақдимотда Конституциявий суд фаолиятини рақамлаштириш орқали аҳолига қулайлик яратиш масалалари ҳам муҳокама қилинди.
Хусусан, Конституциявий суд мажлисларида масофадан онлайн тарзда иштирок этиш, суд мажлисларини интернет орқали трансляция қилиб бориш, вазирлик ва идоралар ўртасида электрон ахборот алмашинувини йўлга қўйиш режалаштирилган.
Конституциявий суднинг халқаро майдондаги нуфузини ошириш, хорижий мамлакатларнинг конституциявий судлари билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди. Суднинг Осиё конституциявий судлари ассоциациясига раислиги доирасида мамлакатимизда ва хорижда қатор халқаро тадбирлар ўтказилиши режалаштирилган.
Одил судловни таъминлашга оид бошқа масалалар, хусусан, иқтисодий ва маъмурий судларни аҳоли ҳамда тадбиркорларга янада яқинлаштириш ҳам кўриб чиқилди. Жумладан, ушбу судларга мурожаат қилишда экстерриториал судловга тегишлиликни автоматлаштирилган ахборот тизими орқали ҳал қилиш ташаббуси илгари сурилди.
Президентимиз таклифларни қўллаб-қувватлаб, уларни сифатли ва тизимли амалга ошириш юзасидан мутасаддиларга топшириқлар берди.
#Шавкат Мирзиёев