Кая Седат Ўзбекистондаги Республика онкология ва радиология маркази директори этиб тайинланди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири фармойишига кўра Республика ихтисослаштирилган илмий-амалий онкология ва радиология маркази директори лавозимига Кая Седат тайинланди.
Кая Седат дастлаб Анқара университетининг тиббиёт факультетида таҳсил олган. Кейинчалик Онадолу университетида бизнес бошқаруви, Отатурк университетида тиббиёт муассасаларини бошқариш йўналишларида бакалавр ҳамда Сакария университетида соғлиқни сақлашни бошқариш йўналишида магистратура босқичини тамомлаган.
Хорижлик мутахассис 2011 – 2018 йилларда Сакария университетининг клиник шифохонаси ва Сакария давлат шифохоналари Иттифоқида турли лавозимларда ишлаган. Шунингдек, Сакария соғлиқни сақлаш бошқармаси вице-президенти ҳамда бошлиғи сифатида фаолият юритган.
Янги раҳбар зиммасига Ўзбекистонда онкология хизматини жаҳон стандартлари даражасига олиб чиқиш, соҳада замонавий менежментни йўлга қўйиш, хориж тажрибаси асосида энг сўнгги ташхис ва даволаш усулларини амалиётга татбиқ этиш, жойларда скрининг тадбирлари қамровини янада кенгайтириш билан боғлиқ бир қатор вазифалар юкланди.