Камбағал оилаларга ўрмон фонди ерларида экилган дарахтлар учун субсидия ажратилади
Камбағал оилаларга ўрмон фонди ерларида экилган дарахтлар учун субсидия ажратилади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ҳукумат қарори (798-сон, 18.12.2025 й.) билан “Камбағал оила аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган дарахтлар учун субсидия ажратиш тартиби тўғрисида”ги низом тасдиқланди.
Низомга кўра, Камбағал оила аъзоларига ўрмон фонди ерларида экилган ва парваришланган ҳар 100 та дарахт учун БҲМнинг 1 баравари миқдорида субсидия ажратилади.
Талабгор ўрмон хўжалиги ташкилоти томонидан тайинланган масъул ходим (мураббий) тавсия ва кўрсатмаларига асосан танланган майдонда ерни тайёрлайди, дарахт кўчатларини 1 мавсум давомида экади ва парваришлайди.
Мураббий туман (шаҳар) экология бўлими билан биргаликда талабгор томонидан экилган дарахт кўчатларини жойига чиққан ҳолда далолатнома ва фотоҳисобот асосида қабул қилиб олади.
Туман (шаҳар) экология бўлими томонидан “Экофаол фуқаро” платформасида ҳар бир талабгор учун шахсий кабинет очилиб, унга экилган дарахт кўчатлари тўғрисидаги маълумотлар киритиб борилади.
Киритилган маълумотлар туман (шаҳар) экология бўлими томонидан 5 иш куни ичида тасдиқланади ёки тасдиқланиши рад этилади.
Туман (шаҳар) экология бўлими экилган дарахт кўчатлари сонига мутаносиб равишда субсидиянинг 50 фоизини талабгорга тўлаб бериш учун Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва иқлим ўзгариши қўмитаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар Экология ва иқлим ўзгариши бош бошқармаларига талабнома юборади.
Экология бошқармалари субсидия маблағларини 5 иш куни мобайнида талабгорнинг банк картасига ўтказиб беради.