Валюта курслари 10/10/2025
$1 – 12123.38
UZS – 0.43%
€1 – 14094.64
UZS – 0.56%
₽1 – 149.19
UZS – 0.8%
Қидириш
Жиззах вилоятида икки нафар бола тиббий кузатув остида қолмоқда

Жиззах вилоятида икки нафар бола тиббий кузатув остида қолмоқда

Жиззах вилоятида икки нафар бола тиббий кузатув остида қолмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жиззах вилоятида аввал енгил касаллик белгилари кузатилган икки нафар бола ҳозирча шифокорлар назоратида экани ҳақида Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълум қилди.

Вазирлик маълумотларига кўра, 2025 йил 9 октябрь куни Фориш туманидаги бир нечта мактабгача таълим муассасаларида тарбияланувчиларда иситма, кўнгил айниши ва вақтинчалик ҳазм бузилиши ҳолатлари кузатилган. Барча болаларга ўз вақтида тиббий ёрдам кўрсатилган, уларнинг аҳволи барқарор, ҳаёт ва соғлиқларига хавф йўқ.

«Ҳозирги вақтда фақат икки нафар бола профилактика мақсадида шифокорлар назоратида қолмоқда», — дея таъкидлади Соғлиқни сақлаш вазирлиги. Дастлабки маълумотларга кўра, касаллик озиқ-овқат билан боғлиқ бўлиши мумкин, аммо аниқ сабаб лаборатория таҳлиллари якунланганидан сўнг маълум бўлади. Санитария-эпидемиология хизмати мутахассислари озиқ-овқат ва сув намуналарини таҳлил учун олган.

Туман ҳокимлиги маълумотига кўра, 9 октябрь куни соат 9:00 дан 16:00 гача 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган 37 нафар бола тиббий ёрдам сўраб мурожаат қилган. Улар 1-, 3-, 5- ва 7-сонли болалар боғчаси тарбияланувчилари бўлиб, асосан иситма, кўнгил айниши, қорин оғриғи, ич кетиши ва холсизликдан шикоят қилган.

Жиззах вилояти Санитария-эпидемиологик хавфсизлик ва жамоат саломатлиги бошқармасининг дастлабки хулосасига кўра, оммавий касалланиш озиқ-овқат маҳсулотларини ташиш, сақлаш ва ишлов беришда санитария қоидаларининг бузилиши билан боғлиқ бўлиб, бу ҳолат болаларда ҳазм бузилишига сабаб бўлган бўлиши мумкин.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги фуқароларни хотиржамликни сақлашга ва текширилмаган маълумотларни тарқатмасликка чақирди. Вазирлик маълумот беришича, вазият тўлиқ назорат остида ва барча зарур чоралар кўрилмоқда.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг
СЎНГГИ ЯНГИЛИКЛАР