Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди
Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисидаги қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Мажлисда “Жисмоний тарбия ва спорт тўғрисида”ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда кўриб чиқилди.
Ушбу қонун лойиҳаси билан аҳолини оммавий спортга жалб қилиш ва оммавий спорт тадбирларини тизимли ўтказиб бориш, спорт турларини эътироф этиш ва уларнинг реестрини юритиш тартибини такомиллаштириш, спорт мусобақалари натижаларига қонунга хилоф равишда таъсир кўрсатишнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш чоралари белгиланмоқда.
Шунингдек, Миллий олимпия ва паралимпия қўмиталарининг ҳуқуқий мақоми ва ваколатлари, Паралимпия, Сурдлимпия, Махсус олимпия ва Кўзи ожизлар спорти ҳаракатларига доир масалалар қонун даражасида белгилаб қўйилмоқда.
Шу билан бирга, Спорт федерацияларининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари, уларни реестрга киритиш ва чиқариш мезонлари, спорт клублари ва спорт лигаларининг ҳуқуқий мақоми ва фаолият юритиш тартиби, тренер, спорт ҳаками ва спорт агентининг ҳуқуқий мақоми, ҳуқуқ ва мажбуриятлари ҳам акс этмоқда.
Қонун лойиҳаси билан Миллий антидопинг агентлигининг ҳуқуқий мақоми ҳам белгиланиб, спортда допингнинг олдини олиш ва унга қарши курашиш тартиби такомиллаштирилмоқда. Қолаверса, иш берувчилар ходимларнинг спорт билан шуғулланиши учун зарур шароитлар яратиши кўзда тутиляпти. Спорт соҳасидаги низоларни эса судгача ҳал этиш тартибини жорий қилиш назарда тутилмоқда.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан биринчи ўқишда қабул қилинди.