Жанубий Кореянинг Timonet Korea Inc. компанияси Ўзбекистонда офис очишни режалаштирмоқда
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Uzbekistan вакиллари, хизматлар экспортини ривожлантириш бўйича директор Маҳлиё Муксинова бошчилигида, Жанубий Кореянинг Timonet Korea Inc. компанияси президенти Квон Хи Мин раҳбарлигидаги делегация билан учрашув ўтказди. Учрашув якунида томонлар Ўзбекистонда Timonet Korea Inc. офисини очиш режалари тўғрисида келишиб олдилар ва ўзаро англашув меморандумини имзоладилар.
Сеул (Корея Республикаси) шаҳрида жойлашган Timonet Korea Inc. компанияси тармоқ инфратузилмаси, киберхавфсизлик, дастурий таъминотни ишлаб чиқиш ва тизим интеграцияси соҳасидаги IТ-хизматлар ва ечимлар, шунингдек ОТТ (Over the Top)) хизматлари кўринишидаги контент етказиб берувчиси ҳисобланади. Компания 5 та патентга ва ISO 9001 и KS Service каби бир қатор халқаро сертификатларга эга, шунингдек иш ўринлари яратиш ва ҲР соҳасидаги ютуқлари учун давлат мукофотларига сазовор бўлган.
Учрашувда томонлар компанияни Ўзбекистонда рўйхатдан ўтказиш жараёни, маҳаллий қонунчилик хусусиятлари, шунингдек мамлакатнинг кадрлар салоҳияти, техник кўникмаларга эга ва чет тилларини биладиган мутахассисларнинг мавжудлигини батафсил муҳокама қилдилар. IT Park вакиллари хорижий инвесторларни қўллаб-қувватлаш дастурлари, жумладан солиқ имтиёзлари, софтландинг ташаббуслари ва маъмурий ёрдам ҳақида маълумот бердилар.
IT Park Uzbekistan ва Timonet Korea Inc. ОТТ-платформаларини ишлаб чиқиш, IТ-хизматлар ва кадрлар салоҳиятини ривожлантириш бўйича қўшма ташаббуслар соҳасида стратегик ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган ўзаро англашув меморандумини имзоладилар. Ҳужжат Ўзбекистон бозорига мослаштирилган ОТТ-платформасини яратиш ва ишга тушириш, шунингдек мутахассисларни тайёрлаш, аутсорсинг ва IТ-мутахассислар алмашинуви бўйича қўшма лойиҳаларни амалга оширишни назарда тутади.
Компания МДҲ бозорларига ОТТ-хизматларини (ўзбек, рус, инглиз тилларидаги видеоконтент, Нетфлих аналогини) тақдим этиш учун Ўзбекистонда офис очишни режалаштириб, кейинчалик эса бутун дунё бўйлаб кенгайишни мўлжалламоқда.
Timonet Korea Inc. билан ҳамкорлик IT Park Uzbekistan'нинг Жанубий Корея билан халқаро алоқаларини мустаҳкамлаш, илғор технологиялар соҳасига инвестицияларни жалб қилиш ва янги иш ўринларини яратиш имконини беради. Келажакда компаниянинг Тошкентдаги офиси глобал IТ-компаниялар учун шаклланаётган экотизимнинг бир қисмига айланади ва мамлакатнинг экспорт салоҳиятини ривожлантиришга ҳисса қўшади.