Жанубий Кореянинг DK Consulting компанияси Ўзбекистонда фармацевтика заводи қуради
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 2025 йил 9 июль куни Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги директори Абдулла Азизов ва “DK Consulting” компанияси вакиллари ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда “DK Consulting” компаниясининг Ўзбекистон ҳудудида замонавий фармацевтика ишлаб чиқариш объектини барпо этиш бўйича режалари муҳокама қилинди.
Компания вакиллари лойиҳа доирасида архитектура, дизайн ва қурилиш ишларини босқичма-босқич амалга оширишни режалаштираётгани ва қурилиш жараёнини жорий йилнинг охирида бошлаш ниятида эканликларини билдирдилар.
Агентлик директори ўз навбатида, лойиҳа бўйича барча зарур идоравий келишувларни амалга оширишда, қурилиш ва ишлаб чиқариш жараёнларини миллий ва халқаро талаблар, жумладан, GMP ва EU-GMP стандартларига мувофиқлигини таъминлашда техник ва институционал ёрдам кўрсатишга тайёрлигини маълум қилди.
Ҳозирги вақтда лойиҳа бўйича ишлар белгиланган жадвал асосида олиб борилмоқда ва ҳеч қандай кечикишлар мавжуд эмаслиги таъкидланди.