Жанубий Корея делегацияси Фарғонадаги корхоналарга ташриф буюрди
Жанубий Корея делегацияси Фарғонадаги корхоналарга ташриф буюрди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жанубий Кореянинг Пёнтэк шаҳри мэри Жонг Чанг Сон бошчилигидаги делегация аъзолари вилоятимизга ташрифи давомида саноат корхоналари фаолияти билан ҳам яқиндан танишдилар. Уларга вилоят ҳокими ўринбосари Нуриддин Мамажонов ҳамроҳлик қилди.
Жумладан, меҳмонлар Фарғона шаҳрида жойлашган “Uzsungwoo” қўшма корхонасида бўлиб, маҳаллийлаштириш асосида автомобиллар учун бутловчи қисмлар ишлаб чиқариш жараёнларини кўздан кечирдилар.
Мазкур корхонада ишлаб чиқариш цехлари энг сўнгги технологиялар асосида тўлиқ автоматлаштирилган. Унда Schuler, Prima Power, Benteler ва Aotto каби дунёнинг етакчи машинасозлик компаниялари томонидан ишлаб чиқарилган замонавий ускуналар ўрнатилган бўлиб, пўлат ўрамдан зарур ўлчамларни тайёрлаш, қиздириб пресслаш ҳамда лазер орқали кесиш ишлари амалга оширилмоқда.
Делегация аъзоларига корхона фаолияти, ишлаб чиқариш қувватлари ва маҳаллийлаштириш дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар ҳақида батафсил маълумот берилди.
Шу куни кореялик меҳмонлар Фарғона вилоятидаги йирик саноат корхоналаридан бири — “Fergana Global Textile” корхонасида ҳам бўлиб, тўқимачилик соҳасида эришилаётган илғор натижалар билан танишдилар.
Саноат корхоналари фаолияти билан танишиш, шунингдек, инвесторлар учун яратилган қулай шарт-шароитлар кореялик ишбилармонларда вилоятимизга инвестиция киритишга бўлган қизиқишни янада оширда муҳим ўринга эга бўлди.