Валюта курслари 30/05/2025
$1 – 12768.26
UZS – -0.49%
€1 – 14400.04
UZS – -0.98%
₽1 – 162.63
UZS – 0.97%
Қидириш
Иқтисод 16/05/2025 Жанубий Корея бренди Ўзбекистон чармини танлади – “Iz Leather” билан экспорт музокаралари бошланди

Жанубий Корея бренди Ўзбекистон чармини танлади – “Iz Leather” билан экспорт музокаралари бошланди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Инвестициялар, саноат ва савдо вазирлиги кўмагида Guangzhou–2025 халқаро кўргазмасида иштирок этаётган Ўзбекистон делегацияси қатор халқаро ҳамкорлар билан музокаралар олиб бормоқда. Ушбу мулоқотлар орасида Жанубий Кореянинг Iz Leather компанияси билан ўтказилган учрашув алоҳида эътиборга молик бўлди.

Жанубий Кореянинг Геонгги-до вилоятида жойлашган Iz Leather компанияси — чарм маҳсулотлари ва аксессуарлар ишлаб чиқаришга ихтисослашган замонавий корейс бренди. Компания Ўзбекистоннинг “Ҳамкор Нур Савдо” МЧЖ билан тайёр чарм маҳсулотларини экспорт қилиш, уларни OEM асосида Кореяда қайта ишлаш ва сотиш бўйича мулоқот бошлади.

“Намуна қабул қилинди. Умид қиламизки, синов натижалари икки томонлама ишончни янада мустаҳкамлайди,” — дейди Iz Leather раҳбари C.H. Леэ.

“Ҳамкор Нур Савдо” МЧЖ томонидан тайёрланган чарм маҳсулоти Iz Leather компаниясига намойиш этилди ва синов учун қабул қилинди. Маҳсулот сифат, тузлаш технологияси, кўркамлилик ва бозор талабларига мослик жиҳатидан баҳоланади. Бу жараён экспорт бўйича келишувларга йўл очувчи илк босқич сифатида баҳоланмоқда.

Кўргазма доирасида Ўзбекистон делегацияси нафақат Жанубий Корея, балки Хитойнинг етакчи компаниялари билан ҳам самарали учрашувлар ўтказди. Жумладан:

Dongguan Liangqiang Machines Co., Ltd билан автоматлаштирилган ускуна етказиб бериш ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш масалалари кўриб чиқилди

Guangdong Ruizhou Technology Co., Ltd билан ақлли CAD/CAM тизимлари ва технологик ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди

Lifeng Automation билан ишлаб чиқариш линияларини модернизация қилиш ва муҳандислик сервисларини йўлга қўйиш бўйича музокаралар олиб борилди

Мазкур учрашувларда DSM International, Nafis Charm, Margilon Sara Teks, IBRO Modern Shoes каби Ўзбекистон компаниялари фаол иштирок этди.

“Ҳар бир учрашув — янги саноат эшиги. Бизга ишонишмоқда, биз эса тайёрмиз,” — дейди делегация раҳбари А. Султанов.

Shoes & Leather – Guangzhou 2025 кўргазмаси доирасида ўтказилган музокаралар Ўзбекистон чарм саноатининг халқаро шериклик ва технологик интеграцияга тайёрлигини кўрсатди. Iz Leather билан бошланаётган ҳамкорлик эса Жанубий Корея бозорига сифатли ўзбек маҳсулотлари билан чиқиш йўлидаги амалий қадам сифатида тарихга кириши мумкин.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг