Жамшид Ходжаев ОТБ билан янги лойиҳалар ва 2030 йилги стратегияни муҳокама қилди
Жамшид Ходжаев ОТБ билан янги лойиҳалар ва 2030 йилги стратегияни муҳокама қилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 17 ноябрь куни Бош вазир ўринбосари Жамшид Ходжаев Осиё тараққиёт банки Президенти Масато Канда билан учрашди.
Учрашувда ИССВ вазирининг ўринбосари Акрам Алиев ҳам иштирок этди. Томонлар Ўзбекистон - ОТБ самарали муносабатларининг 30 йиллигини қайд этиб, ҳамкорлик натижалари ва келгусидаги йўналишларни муҳокама қилдилар.
Таъкидланганидек, ҳамкорлик транспорт, энергетика, сув таъминоти, таълим, хусусий секторни қўллаб-қувватлаш каби устувор йўналишларда изчил ривожланмоқда. Ўзбекистон томони аҳолининг турмуш сифатини оширишга қаратилган лойиҳалардаги кўмаги учун ОТБга миннатдорлик билдирди.
2026 йил май ойида Самарқандда ўтадиган ОТБ Бошқарувчилар кенгашининг 59 йиллик йиғилишига тайёргарлик муҳокама қилинди. Ушбу жараёнини мувофиқлаштириш учун қўшма йўл харитасини тасдиқлаш таклиф этилди.
Шунингдек, молиялаштириш механизмларини кенгайтириш, иқтисодий зоналар инфратузилмасини ривожлантириш, аёллар ва ёшлар бандлигини қўллаб-қувватлаш, экспортга йўналтирилган корхоналарни рағбатлантириш каби ўрта муддатли ташаббуслар кўриб чиқилди.
Томонлар 2026–2030 йиллар учун янги Ҳамкорлик дастури бўйича ҳам фикр алмашдилар.
Учрашув якунида мактабларда SТEМ-таълимни модернизация қилишга қаратилган “Ўрта таълимда SТEМ” лойиҳаси учун 100 млн долларлик кредит келишуви имзоланди.