Жаҳон банки вакиллари билан ҳамкорлик истиқболлари юзасидан фикр алмашилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 13 июнь куни Жаҳон банкининг Марказий Осиё бўйича янги минтақавий раҳбари Нажи Бенҳассин ҳамда Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари – Иқтисодиёт ва молия вазири Жамшид Қўчқоров ўртасида учрашув бўлиб ўтди.
Учрашувда Жаҳон банкининг Ўзбекистон бўйича мамлакат дастури координатори Анастасциа Александрова ҳамда Иқтисодиёт ва молия вазирининг биринчи ўринбосари Илҳом Норқулов, вазир ўринбосарлари Илҳомжон Умрзаков ва Умид Абидхаджаев, вазир маслаҳатчиси Жасур Каршибаев ва бошқа масъул вакиллар иштирок этди.
Мулоқот давомида томонлар мамлакатимизда олиб борилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар ва уларнинг натижалари, жумладан, макроиқтисодий ўсиш ва ҳудудларни ривожлантириш, яшил ўсишни таъминлаш ва энергия самарадорликни ошириш, давлат-хусусий шериклик асосида амалга оширилаётган лойиҳалар ҳамда ўзаро манфаатли ҳамкорликни давом эттириш ва устувор йўналишларда самарали қўшма лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш юзасидан фикр алмашилди.
Шунингдек, томонлар янги иш ўринларини яратиш ва инвесторларни жалб қилишда яшил иқтисодиётнинг ўрни, иқтисодий ривожланишда инфратузилма лойиҳаларини муваффақиятли амалга ошириш ҳамда шаҳарларни ривожлантириш ва аҳоли фаровонлигини оширишнинг аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтди.
Ўз навбатида, Жаҳон банки вакиллари Ўзбекистондаги ижтимоий-иқтисодий тенденциялар ва жадал иқтисодий ўсишни юқори баҳолади ҳамда келгусида ҳамкорлик йўналишларини кенгайтириш ва ҳамкорликда илғор тажрибаларга асосланган самарали лойиҳаларни шакллантиришга тайёр эканликларини билдирди.
Музокаралар якунида томонлар ҳамкорлик алоқаларини янада ривожлантириш ва фикрлар алмашинуви жараёнларини кенгайтириш ҳамда белгиланган мақсадларга етишда тизимли ва самарали фаолият олиб боришга келишиб олди.