Жаҳон банки ва Ўзбекистон электрон давлат харидларини ривожлантириш ва сунъий интеллектни жорий этиш масалаларини муҳокама қилишди
Жаҳон банки ва Ўзбекистон электрон давлат харидларини ривожлантириш ва сунъий интеллектни жорий этиш масалаларини муҳокама қилишди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Жорий йилнинг 20 январь куни Иқтисодиёт ва молия вазири ўринбосари Гулнора Рахимова Жаҳон банкининг Европа ва Марказий Осиё учун давлат харидлари бўйича амалиёт раҳбари Фелипе Гоя бошчилигидаги делегация билан учрашув ўтказди.
Учрашувда Жаҳон банкининг Ўзбекистон бўйича дастурлар координатори Анастасия Александрова, харидлар бўйича етакчи мутахассис Женту Лю ҳамда бир қатор масъуллар иштирок этди.
Суҳбат давомида Жаҳон банки билан давлат харидлари соҳасидаги ҳамкорлик йўналишлари муҳокама қилинди. Хусусан, давлат харидлари электрон тизимини ривожлантириш ва соҳага сунъий интеллектни жорий этиш, «яшил» давлат харидларини кенгайтириш, шартномаларни бошқариш тизимини такомиллаштириш, давлат буюртмачиларининг харид қилиш тартиб-таомиллари устидан самарали мониторинг тизимини ўрнатиш ва бошқалар.
Томонлар Ўзбекистоннинг давлат харидлари тизимида рақобат муҳитини кенгайтириш ва очиқликни таъминлаш орқали жамоатчилик назоратини кучайтиришга қаратилган ташаббуслар муҳим эканини таъкидлади.
Шу ўринда, Фелипе Гоя томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2025 йил 26 декабрдаги ПФ–259-сонли “Давлат харидлари тизимида рақобат муҳити ва шаффофликни таъминлаш бўйича навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан белгилаб берилган устувор вазифаларни ижро этишда Жаҳон банки қўллаб-қувватлашга тайёрлик билдирилди.
Учрашув якунида давлат харидлари соҳасидаги ислоҳотларни жадаллаштириш ҳамда Жаҳон банкининг техник ҳамда молиявий кўмаги асосида янги қўшма лойиҳаларни ишлаб чиқишга келишиб олинди.