IT Park Uzbekistan ва Франция-Ўзбекистон иқтисодий палатаси ҳамкорлик меморандумини имзолади
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — IT Park Uzbekistan ва Франция-Ўзбекистон Иқтисодий палатаси (CIIFO) ўртасидаги ҳамкорлик меморандуми имзоланди. Имзолаш маросими IT Park Uzbekistan хизматлар экспортини ривожлантириш бўйича директори Маҳлиё Муксинова ва «CIIFO» раиси Жоанна Голас иштирокидаги ишбилармонлик учрашуви доирасида ташкил этилди. Тадбирда Франциянинг Ўзбекистондаги элчихонаси иқтисодий департаменти директори Ян Кашинский бошчилигидаги вакиллар ҳам қатнашди.
«CIIFO» (Chambre d’Investissement et d’Industrie Franco-Ouzbèke) — бу Франция ва Ўзбекистон ўртасидаги савдо-иқтисодий алоқаларни ривожлантиришга қаратилган мустақил нотижорат ташкилот. Палата икки мамлакат бизнес вакиллари ўртасида кўприк вазифасини ўтаб, ишбилармонлик алоқаларини ўрнатиш ва инвестицияларни жалб қилишга кўмаклашади, шунингдек, саноат, технологиялар ва инновациялар соҳаларида қўшма ташаббусларни қўллаб-қувватлаш билан шуғулланади.
Учрашув давомида томонлар рақамли технологиялар соҳасидаги икки томонлама ҳамкорликни мустаҳкамлаш истиқболларини муҳокама қилиб, келгусидаги ҳамкорликнинг устувор йўналишларини белгилаб олдилар. Жумладан: сунъий интеллект масалалари бўйича қўшма қўмита тузиш, Франция элчисининг IT Park бош қароргоҳига ташрифини ташкил этиш, Франция ва Ўзбекистон технологик компаниялари ўртасидаги мулоқотни кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.
Франция томони 17 июнь куни Париждаги Ўзбекистон элчихонаси биносида бўлиб ўтадиган “Uzbekistan Tech & Outsourcing Conference” анжуманида Франциядаги компаниялар, инвесторлар ва ташкилотларнинг иштирокини таъминлаш борасида ёрдам беришга тайёрлигини билдирди. Ушбу ташаббус мамлакатлар ўртасидаги иқтисодий ва инновацион ҳамкорликни мустаҳкамлашга қаратилган.
«CIIFO» билан имзоланган меморандум Ўзбекистон ва Франция ўртасидаги бизнес ва технологик шерикликни мустаҳкамлаш йўлида муҳим қадам бўлди. IT Park халқаро ҳамкорликни кенгайтириш ва ўзбек IТ-компанияларининг Европа бозорларига чиқиши учун янги имкониятлар яратишни давом эттиради.