Истанбулда «Грязь» лақаби билан танилган хавфли жиноятчи қўлга олиниб, Ўзбекистонга топширилди
Истанбулда «Грязь» лақаби билан танилган хавфли жиноятчи қўлга олиниб, Ўзбекистонга топширилди
Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Ички ишлар вазирлиги, Давлат хавфсизлик хизмати ҳамда Ўзбекистоннинг Истанбулдаги Бош консулхонаси ходимлари томонидан қўшма махсус операция ўтказилиб, натижада хавфли жиноятчи қўлга олинди ва Ватанга қайтарилди.
2025 йил 5 декабрь куни 1993 йилда туғилган Ё.М. Ўзбекистонга олиб келинган. У жиноий доираларда «Грязь» лақаби билан танилган.
Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар маълумотларига кўра, ушбу шахс жиноий гуруҳга раҳбарлик қилган ва республика ҳудудида бир қатор оғир жиноятларни содир этган.2023-йилда у Яшнобод тумани ички ишлар бўлими томонидан қидирувга берилган.
Жиноятчига Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг бир нечта моддалари бўйича айбловлар қўйилган. Улар қаторига қотиллик билан қўрқитиш, уюшган гуруҳ томонидан содир этилган босқинчилик, айниқса йирик миқдорда товламачилик, мол-мулкни қасддан йўқ қилиш ёки шикаст етказиш ҳамда жиноий уюшма ташкил этиш киритилган.
Айни пайтда Ё.М. кейинги процессуал ҳаракатларни амалга ошириш учун тергов органларига топширилган.
Уни узоқ муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси кутиб турибди.