Иштихонда янги айланма йўл ва замонавий кўприк фойдаланишга топширилди

Иштихонда янги айланма йўл ва замонавий кўприк фойдаланишга топширилди

Иштихонда янги айланма йўл ва замонавий кўприк фойдаланишга топширилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Самарқанд вилоятининг Иштихон туманида муҳим инфратузилма лойиҳаси якунланиб, фойдаланишга топширилди. Бу ҳақда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати хабар берди.

Туман марказини Митан шаҳарчаси билан боғловчи, шунингдек М-37 халқаро автомобиль йўлига туташувчи 4 километр узунликдаги «Афросиёб» айланма йўли ҳамда узунлиги 73 ва эни 15 метр бўлган замонавий кўприк барпо этилди.

Мазкур объектларнинг тантанали очилиш маросимида вилоят ҳокими Адиз Бобоев, Республика бош прокурорининг биринчи ўринбосари Баҳриддин Валиев, туман жамоатчилиги вакиллари, нуронийлар иштирок этдилар.

Тадбирда ҳудудларда амалга оширилаётган кенг кўламли бунёдкорлик ишлари, йўл инфратузилмасини модернизация қилиш, аҳолига янада қулай шарт-шароитлар яратиш ҳамда йўл ҳаракати хавфсизлигини таъминлаш борасидаги устувор вазифалар ҳақида сўз юритилди.

Таъкидланганидек, 40 млрд. сўм маблағ эвазига амалга оширилган ушбу лойиҳа натижасида Иштихон тумани марказидаги тирбандликлар 40 фоизгача камайиши кутилмоқда. Шунингдек, йўл-транспорт ҳодисаларининг олдини олиш, транзит юклар ҳаракатини тартибга солиш ва тезлаштириш учун қулай ҳамда хавфсиз муҳит яратилади.

Янги йўл ва кўприк нафақат транспорт оқимини енгиллаштиради, балки аҳолининг кунлик қатновида ҳам анча қулайликлар яратади. Натижада фуқаролар ўз манзилларига тезроқ етиб бориш имконига эга бўладилар.

Қурилиш ишлари доирасида узунлиги 3,5 км ва кенглиги 2 метр бўлган вело ва пиёдалар йўлаклари, имконияти чекланган фуқаролар учун махсус мослаштирилган йўлаклар, 155 дона қуёш панеллари асосида ишловчи тунги ёритиш чироқлари, 2 та замонавий автобус бекати барпо этилди.

Шу билан бирга, Қўшработ, Каттақўрғон ва Пайариқ туманларига қатновчи транспорт воситалари ҳамда транзит юкларини хавфсиз ва тез етказиш таъминланади.

Тадбирда замонавий айланма йўл ва кўприк барпо этилишида фаол иштирок этган қурувчиларга ташаккурнома ва эсдалик совғалари топширилди.

Фойдаланишга топширилган янги инфратузилма объектлари ҳудуд иқтисодий фаоллигини ошириш, логистика тизимини такомиллаштиришга хизмат қилади.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг