Валюта курслари 13/03/2026
$1 – 12102.39
UZS – -0.27%
€1 – 13990.36
UZS – -0.55%
₽1 – 153.08
UZS – -0.21%
Қидириш
Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш салоҳиятини баҳолади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш салоҳиятини баҳолади

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо ҳажмини ошириш салоҳиятини баҳолади

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳолашига кўра, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро савдо ҳажмини 30–40 фоизга ошириш имконияти мавжуд. Иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш имкониятлари, аввало, икки мамлакат саноати ўртасидаги кооперацияни ривожлантириш билан боғлиқ.

Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги иқтисодий ҳамкорлик барқарор ижобий ўсишни намоён этмоқда, аммо икки томонлама муносабатлар салоҳияти ҳали тўлиқ рўёбга чиқарилмаган. Бу ҳақда бугун Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директор ўринбосари Хуршед Асадов Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган “Ўзбекистон – Тожикистон: иттифоқчилик ва минтақавий ҳамкорликнинг янги истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда маълум қилди.

Экспертнинг таъкидлашича, сўнгги йилларда икки мамлакат ўртасидаги муносабатлар сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилди. Стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги келишувлар билан мустаҳкамланган ҳамкорлик иқтисодий алоқаларни фаол ривожлантириш учун мустаҳкам институционал асос яратди.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳолашига кўра, 2017–2025 йиллар давомида Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми 3,8 баробарга ошиб, 238 млн доллардан 912 млн долларгача етди. Бунда Ўзбекистон экспорти 3,7 баробарга, Тожикистондан импорт эса 4 баробардан ортиққа ошди.

Бугунги кунда Тожикистон Ўзбекистоннинг асосий минтақавий ҳамкорларидан бири ҳисобланади ва ўзбек маҳсулотларини импорт қилувчи давлатлар орасида тўққизинчи ўринни эгаллайди.

Шу билан бирга, ҳозирги кўрсаткичлар иқтисодий ҳамкорлик имкониятларининг фақат бир қисминигина акс эттиради. Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази баҳолашига кўра, Тожикистоннинг учинчи давлатлардан импорт қилаётган айрим маҳсулотларини Ўзбекистонлик ишлаб чиқарувчилари маҳсулотлари билан алмаштириш орқали ўзаро савдо ҳажмини яна 30–40 фоизга ошириш мумкин.

Экспертнинг таъкидлашича, икки мамлакатнинг географик яқинлиги, умумий чегаранинг мавжудлиги ва ривожланган транспорт алоқалари савдо муносабатларини янада чуқурлаштириш учун қулай шароит яратади. Айниқса, Ўзбекистоннинг саноат маҳсулотлари, жумладан автомобиллар, маиший техника, тўқимачилик маҳсулотлари ва кимё саноати маҳсулотлари экспортини кенгайтириш истиқболли йўналишлардан ҳисобланади.

Шу билан бирга, саноат кооперацияси соҳасида ҳам катта имкониятлар мавжуд. Эксперт фикрича, ҳамкорликнинг энг истиқболли йўналишларидан бири чегарага яқин ҳудудларда қўшма қайта ишлаш корхоналарини ташкил этиш бўлиши мумкин. Бу, аввало, қишлоқ хўжалиги хом ашёсини қайта ишлаш ва агрологистика марказларини ривожлантириш билан боғлиқ.

Асадов таъкидлашича, транспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва Марказий Осиёнинг транзит имкониятларини кенгайтириш ҳам иқтисодий ҳамкорликни чуқурлаштиришга қўшимча туртки бериши мумкин.

Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази директор ўринбосари таъкидлаганидек, Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасида шаклланган иттифоқчилик муносабатларининг ҳозирги даражаси иқтисодий ҳамкорликнинг янада чуқурроқ моделига ўтиш учун мустаҳкам асос яратади. Бу модель қўшма инвестициялар, ишлаб чиқариш кооперацияси ва минтақавий инфратузилмани ривожлантиришга қаратилган бўлиб, у Марказий Осиёда иқтисодий боғлиқликни мустаҳкамлаш ва минтақанинг барқарор ривожланишида муҳим омил бўлиши мумкин.

“Ўзбекистон – Тожикистон: иттифоқчилик ва минтақавий ҳамкорликнинг янги истиқболлари” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференция Марказий Осиё халқаро институти томонидан ташкил этилди. Тадбирда икки мамлакатнинг давлат идоралари, дипломатик корпус, эксперт ва илмий доиралари вакиллари иштирок этди. Иштирокчилар Ўзбекистон ва Тожикистон ўртасидаги савдо-иқтисодий, инвестициявий ва гуманитар ҳамкорликнинг ҳозирги ҳолати ҳамда уни ривожлантириш истиқболларини муҳокама қилдилар.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг