Валюта курслари 26/12/2025
$1 – 12078.47
UZS – 0.09%
€1 – 14234.48
UZS – -0.04%
₽1 – 155.23
UZS – 0.99%
Қидириш
Иқлим иқтисодиёт каби: Ўзбекистон учун “яшил трансформация” нега муҳим

Иқлим иқтисодиёт каби: Ўзбекистон учун “яшил трансформация” нега муҳим

Иқлим иқтисодиёт каби: Ўзбекистон учун “яшил трансформация” нега муҳим

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Иқлим фақат экологлар мавзуси бўлмай қолди. Бугун у иқтисодиёт, инвестициялар, қишлоқ хўжалиги ва ҳаёт сифатига бевосита таъсир кўрсатаяпти. Бутун дунёда ҳар йили атмосферага чиқариладиган иссиқхона газлари миқдори рекорд даражага етди ва CO₂-эквивалентида тахминан 57,4 миллиард тоннани ташкил қилаяпти ва бу рақам халқаро келишувларга қарамасдан ортишда давом этмоқда.

Сув ҳамма вақт стратегик ресурс бўлган Ўзбекистон учун иқлим ўзгариши тараққиёт йўлидаги асосий муаммолардан бирига айланиб бораяпти. Ўтган асрнинг 60-йилларидан бери Ўзбекистонда ўртача ҳарорат Цельсий шкаласи бўйича тахминан 1,6 даражага кўтарилди. Бу дунё миқёсидаги ўртача даража (0,6°C атрофида) дан салкам уч маротаба юқори. Айрим ҳудудлар, хусусан Орол денгизи атрофида ҳарорат 2,5 даражагача кўтарилди, қурғоқчилик эса тез-тез рўй берувчи ҳодисага айланди.  

Ҳароратнинг кўтарилиши ва қурғоқчиликнинг кучайиши қишлоқ хўжалиги, энергетика ва озиқ-овқат хавфсизлигига сезиларли таъсир кўрсатмоқда. ЮНЕП (БМТнинг атроф-муҳит бўйича дастури) маълумотларига кўра, фақатгина иқлим билан боғлиқ табиий офатлар иқтисодиётга йилига 92 миллион АҚШ доллари миқдорида зарар етказмоқда.

Айни чоғда ташқи шарт-шароитлар ҳам ўзгараяпти: халқаро бозорлар ва инвесторлар қарорларни қабул қилишда кўпроқ иқлим омилларини инобатга олаяпти. Бундай шароитда иқлим сиёсати иқтисодий стратегиянинг узвий бир қисмига айланмоқда.

Замонамизнинг долзарб муаммоларига бир мамлакат доирасида чора топиш имконсиз. Шу боис ҳам Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти (МҲТИ) Олий иқтисодиёт мактаби (ОИМ) ҳузуридаги Табиий ресурслар иқтисодиёти ва иқлим ўзгаришлари институти (Россия) ҳамкорликда қўшма тадқиқот лойиҳасини амалга ошираяпти. У Ўзбекистон иқтисодиётини сув-иқлим хатарлари ва глобал “яшил трансформация”га мослаштиришга қаратилган. Бундан кўзланган асосий мақсад давлат ва бизнес учун амалий тавсияларни ишлаб чиқишдир.

“Яшил трансформация” бугун мавҳум мақсад эмас, балки воқеликдир. Бутун дунёда “яшил технологиялар” бозори шакллантирилиб, углеродни тартибга солиш механизмлари татбиқ этилаётир. Молиявий манбалардан фойдаланиш кўп ҳолларда экологик кўрсаткичларга боғлиқ бўлиб қолмоқда. Бу эса Ўзбекистон учун ўз тараққиёти манфаатларини сақлаб қолган ҳолда, янги ўйин қоидаларини инобатга олиш зарурлигини англатади.

Сув мамлакат учун энг муҳим масалалигича қолаяпти. Экспертларнинг фикрига кўра, сув таъминотини оширишга қаратилган анъанавий ёндашув самарали эмас. Талабни бошқариш биринчи ўринга чиқаяпти, яъни замонавий суғориш тизимлари, сув ва ердан оқилона фойдаланиш муҳим аҳамият касб этаяпти. Бунда Марказий Осиё мамлакатларининг минтақвий ҳамкорлигисиз қатъий бир қарорга келишнинг иложи йўқ.

Атмосферага чиқарилаётган иссиқхона газлари миқдорини камайтириш бирдан-бир мақсад бўлиб қолмаслиги зарур. Ўзбекистон учун иқлим ўзгаришига қарши чоралар иқтисодиётни модернизация қилишда кўмаклашиши, ишлаб чиқариш самарадорлигини ошириши ва қўшимча иш ўринларини яратиши муҳим аҳамиятга эга. Шундагина иқлим сиёсати чеклов эмас, балки тараққиёт воситасига айланади.

Лойиҳада молиялаш масаласига алоҳида эътибор қаратилади. Халқаро ресурсларни жалб этиш учун мамлакатга аниқ стратегик ҳужжатлар ва аниқ натижалар зарур. Истиқбол сувдан самарали фойдаланиш, саноатда углерод сиғимдорлигини камайтириш ва халқаро иқлим ташаббусларида иштирок этишга қаратилган лойиҳалар билан боғлиқ.

Бугун Ўзбекистонда қайта тикланувчи энергетиканинг улушини ошириш, иқтисодиётнинг углерод сиғимдорлигини камайтириш мўлжалланаяпти. Халқаро даражада Ўзбекистон Париж битими ҳисоботи тизимига қўшилган ва 2030 йилга борганда ҳавога чиқарилаётган иссиқхона газларини ЯИМ бирлигига нисбатан 2010 йилдаги билан қиёслаганда 35 фоизга қисқартиришга ҳаракат қилмоқда ва бунга қўшимча равишда 2035 йилга борганда ташланмаларни 50 фоизга қисқартириш мақсадини қўйган. Ўз навбатида Россия ҳам халқаро иқлим келишувларида фаол иштирок этаяпти ва 2030 йилга борганда ҳавога чиқарилаётган зарарли газлар миқдорини 1990 йилдагига нисбатан 70 фоизга қисқартириш мақсадини маълум қилмоқда.

Бизнесга нисбатан талаб ҳам ўзгараяпти. Ташқи бозорларга ишлайдиган компаниялар учун экологик ва ижтимоий стандартларга риоя этиш капиталга эга бўлиш йўлидаги муҳим шартга айланмоқда. Бу эса янги йўналишда миллий экспертизани ривожлантириш ва мутахассисларни тайёрлашни талаб этади.

Асосий хулоса маълум, яъни иқлим - бу муваққат кун тартиби эмас, балки иқтисодий тараққиётнинг узоқ муддатли омили. Сув, иқлим ўзгариши билан боғлиқ хатарлар ва молиялаштиришга нисбатан комплекс ёндашув глобал ўзгаришлар шароитида Ўзбекистонга ривожланишнинг нисбатан барқарор ва рақобатбардош моделини ишлаб чиқиш имконини беради.  

Мохир Шагазатов, Макроиқтисодий ва ҳудудий тадқиқотлар институти Ер ислоҳотлари маркази директори

Игорь Макаров, Олий иқтисодиёт мактаби ҳузуридаги Табиий ресурслар иқтисодиёти ва иқлим ўзгаришлари институти (Россия)директори, и.ф.н.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг