Валюта курслари 01/07/2025
$1 – 12694.97
UZS – 0.32%
€1 – 14878.50
UZS – 0.41%
₽1 – 161.60
UZS – 0.26%
Қидириш
Ўзбекистон 30/06/2025 Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияларни амалга ошириш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси Женевада тақдим этилди

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияларни амалга ошириш борасидаги Ўзбекистон тажрибаси Женевада тақдим этилди

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — 30 июнда Швейцариянинг Женева шаҳрида БМТ Инсон ҳуқуқлари кенгаши 51/33-резолюциясини амалга ошириш доирасида халқаро семинар бўлиб ўтди. БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси томонидан ташкил этилган анжуманда, бошқалар қатори, Ўзбекистон тажрибаси ҳам намойиш этилди.

Тадбир инсон ҳуқуқларини амалга ошириш, ҳисоботлар тақдим этиш ва келгуси фаолиятнинг миллий механизмларини яратиш, фаолият юритиш ва мустаҳкамлаш билан боғлиқ тажриба ҳамда илғор амалиётлар алмашишга бағишланди.

Семинар муносабати билан Миллатлар саройида БМТга аъзо давлатлар, халқаро ташкилотлар, инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва экспертлар ҳамжамияти вакиллари тўпланди. Учрашувда асосан инсон ҳуқуқлари бўйича халқаро мажбуриятларни амалга ошириш ва шартномавий органларнинг тавсияларини жорий этиш бўйича ҳаракатларни самарали мувофиқлаштириш стратегиялари, шунингдек, Универсал даврий шарҳ муҳокама қилинди.

БМТ Барқарор ривожланиш мақсадлари ютуқларидан фойдаланиш, айниқса, ихтиёрий миллий шарҳларни тайёрлаш ва бу жараёнда миллий масъулият ҳамда ҳисобдорликни таъминлаш ва кучайтириш учун ёрдам кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси асосида БМТ Бош Ассамблеясининг 75-сессиясида қабул қилинган "Барқарор ривожланиш мақсадларига эришишни тезлаштиришда парламентларнинг ролини кучайтириш тўғрисида"ги қарор юқори баҳоланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директори, БМТ Инсон ҳуқуқлари қўмитаси аъзоси Акмал Саидов ўз нутқида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро мажбуриятларни амалга ошириш самарадорлиги миллий мувофиқлаштириш механизмларининг сифати ва институционал етуклигига бевосита боғлиқ эканлигини таъкидлади.

Мамлакатимиз вакили Ўзбекистоннинг миллий моделини тақдим этди. Бунда, аввало, Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сиёсатида асосий элемент бўлган инсон ҳуқуқлари соҳасидаги миллий стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш амалиёти ҳақида сўз юритилди. А.Саидов қайд этганидек, 2020-2025 йилларга мўлжалланган биринчи стратегия 2020 йилда тасдиқланган бўлиб, мамлакатнинг халқаро мажбуриятларини бажариш бўйича саъй-ҳаракатларни тизимлаштиришда муҳим қадам бўлди. Ҳозирги вақтда 2030 йилгача мўлжалланган Инсон ҳуқуқлари бўйича иккинчи Миллий стратегия лойиҳасини тайёрлаш ишлари якунланди.

Инсон ҳуқуқлари бўйича миллий стратегияларни амалга ошириш борасидаги Ўзбекистон тажрибасида, шунингдек:

ҳисобот ва кейинги фаолият миллий механизмини жорий этиш;

халқаро мажбуриятларнинг бажарилишини реал вақт режимида мониторинг қилишни таъминлайдиган рақамли платформа – "Тавсияларни кузатиш бўйича миллий маълумотлар базаси"дан фойдаланиш;

инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш сиёсатида парламент ва фуқаролик жамияти институтларининг фаол иштироки йўналишлари алоҳида аҳамият касб этишига эътибор қаратилди.

Халқаро семинар иштирокчилари миллий стратегияларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича Ўзбекистон тажрибасини юқори баҳоладилар. Бу тажриба инсон ҳуқуқлари инфратузилмасини тизимли равишда мустаҳкамлашга интилаётган бошқа давлатлар учун муҳим йўриқнома бўлиб хизмат қилиши мумкинлиги эътироф этилди.

Тадбир доирасида эксперт учрашувлари ва ялпи сессиялар ҳам ўтказилди. Уларда инсон ҳуқуқлари мавзуларини таълим дастурларига сингдириш йўллари, инсон ҳуқуқлари соҳасида фаолият юритаётган мутахассисларнинг малакасини ошириш, бу жараёнда академик ҳамжамиятлар ва илмий муассасаларнинг ролини кучайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Семинар якунида иштирокчилар мулоқотни давом эттириш, билим алмашиш ва миллий механизмларнинг ўзаро ҳамкорлиги учун платформа яратиш муҳимлигини таъкидладилар. Минтақавий, шу жумладан Марказий Осиё доирасида форумлар ўтказиш, БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари Бошқармаси кўмагида ишлаб чиқилаётган виртуал билимлар маркази функциясини кенгайтириш бўйича таклифлар билдирилди.

Ўзбекистон делегациясининг семинардаги иштироки мамлакатнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича глобал жараёнларга фаол қўшилишга, ўз тажрибаси билан ўртоқлашишга ва инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш халқаро тизимини мустаҳкамлашга ҳисса қўшишга тайёрлигининг ёрқин далили бўлди.

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг