Валюта курслари 26/06/2025
$1 – 12531.78
UZS – 0.61%
€1 – 14538.12
UZS – 0.53%
₽1 – 159.82
UZS – 0.92%
Қидириш
Ўзбекистон 26/06/2025 Ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш институти жорий этилмоқда

Ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш институти жорий этилмоқда

Тошкент, Ўзбекистон (UzDaily.uz) — Сенатнинг саккизинчи ялпи мажлисида “Ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш институти жорий этилиши муносабати билан “Суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги  Қонун муҳокама қилинди.

Сўнгги йилларда мамлакатимизда суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш тизимини такомиллаштириш бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганлиги таъкидланди.

Хусусан, суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этишни рақамлаштириш ҳамда инсон омилини камайтириш юзасидан қонунчиликка янги нормалар киритилган. Бундан ташқари, суд ҳужжатларини ижро этишдан ҳар қандай бўйин товлашнинг олдини олиш, фуқароларнинг мол-мулки ва пул маблағлари дахлсизлигини кафолатлашга қаратилган қатор қонун ҳужжатлари амалиётга татбиқ қилинди.

Таҳлилларга кўра, 2022–2024 йиллар давомида суд қарорлари ижросига оид кўплаб ижро ҳужжатлари суд тартибида низолашаётганлиги ва давлат ижрочиси ҳаракатлари устидан шикоят қилинаётганлиги сабабли ижро жараёнида муайян муаммолар вужудга келмоқда. Натижада қарздор ўзига нисбатан қўлланилган чекловлар сабабли ўз фаолиятини давом эттира олмаяпти.

Шу ўринда суд қарори қабул қилинган шахсларнинг қонуний манфаатларини ҳамда суд қарорларининг сўзсиз ижросини таъминлаш мақсадида суд ҳужжатлари ва бошқа органлар ҳужжатларини ижро этиш жараёнига кафолат маблағини киритиш институтини жорий этиш зарурати юзага келмоқда.

Бунда ижро иши бўйича кафолат маблағларини киритиш ижро иши юритишни тўхтатиб туриш, қарздорга ва унинг мол-мулкига нисбатан қўлланилган чекловларни бекор қилиш учун асос бўлиши назарда тутилмоқда.

Сенаторлар ушбу Қонуннинг ҳаётга татбиқ этилиши мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқаролар ва тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш ҳамда суд қарорлари ижросини таъминлаш тизимини такомиллаштиришга хизмат қилишини таъкидлади.

Муҳокама якунида Қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

 

Энг сўнгги янгиликлардан хабардор бўлинг
Телеграм каналимизга обуна бўлинг